Жаҳон | 11:10 / 14.10.2019
14889
2 дақиқада ўқилади

Сурия армияси илгари курдлар назоратида бўлган шаҳарга кирди

Фото: REUTERS/Stringer/File Photo

Ливаннинг al-Mayadeen телеканали хабарига кўра, душанба куни Сурия армияси Раққа вилоятидаги аввал курдлар назоратида бўлган Табка шаҳрига кириб, шимол томонга қараб ҳаракатланмоқда.

«Сурия ҳукумат армияси Раққа вилояти ғарбидаги Табка шаҳрига кириб, шимол томон ҳаракатланмоқда», - деб хабар беради канал.

Сурия маъмурияти бу борада ҳозирча расмий баёнот бермади.

Якшанба куни Сурия шимоли-шарқидаги мухтор маъмурият Сурия ҳукумати билан Туркия армияси ва туркпараст гуруҳларнинг ҳужумини қайтаришда ёрдам бериш учун Сурия қўшинларини бутун Сурия-Туркия чегараси бўйлаб жойлаштириш тўғрисида келишувга эришганини эълон қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 9 октябрь куни Сурия шимолида «Тинчлик булоғи» амалиёти бошлангани ҳақида маълум қилди, у Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси ва ИШИД террорчилик гуруҳига қарши қаратилгани айтилади. Шу куни Туркия авиацияси икки мамлакат чегарасидаги Рас ал-Айн шаҳрига ва Суриянинг бошқа бир қатор шаҳарларига зарбалар берди.

Кейинчалик амалиётнинг ер усти қисми бошланганлиги эълон қилинди. 12 октябрь, шанба куни, Туркия Мудофаа вазирлиги Туркия ҳарбийлари ва Сурия қуролли мухолифати томонидан Рас ал-Айн шаҳри, якшанба куни эса Anadolu агентлиги Телл-Абяд шаҳри назорат остига олинганини хабар берди.

Мавзуга оид