Ўзбекистон | 20:00 / 22.10.2019
38720
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Алишер Амиров Шеробод туманига ҳоким этиб тайинлангач бўш қолган лавозимга янги ўринбосар тайинланди.

Бугун, 22 октябрь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида фаоллар йиғилиши ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. 

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази Қурилиш бўйича харид ва лойиҳаолди ҳужжатларини экспертиза қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Аҳмад Худайшукурович Сувонқулов вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

У бу лавозимда бироз аввалроқ Шеробод тумани ҳокими лавозимига ўтказилган Алишер Амиров ўрнини эгаллади.

Аҳмад Сувонқулов 1968 йилнинг 7 ноябрида Жарқўрғон туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент давлат техника университети, 2009 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган.

У турли йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлигида котибият мудири, вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси директори, Шўрчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари ва бошқа масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.

Мавзуга оид