Жаҳон | 22:02 / 28.10.2019
34224
2 дақиқада ўқилади

Қуёш тизимида янги митти сайёра аниқланди

Фото: ESO/P. Vernazza et al./MISTRAL algorithm (ONERA/CNRS)

Европа жанубий обсерваторияси астрономлари Қуёш тизимида янги Гигея митти сайёраси мавжудлигини аниқлашди.

Қадимги грекларнинг саломатлик маъбудаси шарафига Гигея деб номланган сайёра Қуёш атрофида айланадиган Марс ва Юпитер орбиталари орасидаги астероидлар белбоғида жойлашган. Митти сайёранинг диаметри 430 км атрофида.

Гигеяни биринчи бўлиб италиялик астроном Аннибале де Гаспарис 1849 йилда аниқлаган бўлса-да, у бугунга қадар расман астероид деб ҳисоблаб келинарди.

Гигея астероидлар белбоғидаги энг йирик объект эмас. У катталиги жиҳатидан Церера (950 км), Веста (525 км) ва Паллададан (512 км) кейинги ўринда туради.

XIX аср бошларига қадар уларнинг учови ҳам ҳақиқий сайёра деб ҳисоблаб келинган, аммо кейинчалик астероид деб топилган. 

Сайёра деб ҳисобланиши учун самовий жисм бир нечта шартларга тўғри келиши керак: 

қуёш атрофида орбита бўйлаб айланиши;

бошқа сайёранинг йўлдоши бўлмаслиги;

думалоқ шаклни сақлаб туриш учун етарлича гравитацияга эга бўлиши;

орбитасини бошқа кичик жисмлардан тозалаш учун етарлича вазнга эга бўлиши керак.

Агарда дастлабки учта шарт бажарилса, сайёра митти деб ҳисобланади.

Мавзуга оид