Жаҳон | 20:48 / 31.10.2019
11312
2 дақиқада ўқилади

Мозамбикда «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг жангчилари ўлдирилди – ОАВ

Фото: Mike Hutchings / Reuters

Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 5 ёлланма жангчиси Мозамбикда исёнчиларнинг ҳужумидан кейин ҳалок бўлди. Бу ҳақда аноним манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Carta de Mocambique нашри хабар берди. 

“Вагнер” петербурглик тадбиркор, ОАВда Россия президенти Владимир Путиннинг “шахсий ошпази” деб аталувчи Евгений Пригожинга тегишли экани айтилади. 

Нашр маълумотларига кўра, воқеа 27 октябрда Кабу-Делгаду вилоятида юз берган. Таъкидланишича, исёнчилар пистирма уюштириб, ёлланма жангчилар ва мамлакат куч тузилмалари ходимлари кетаётган автомобилга ўт очишган. Оқибатда Мозамбик аксилтеррорчилик кучларининг 20 ходими ҳам ҳалок бўлган.

Таъкидланишича, ҳалок бўлган жангчиларнинг бошлари таналаридан жудо этилган бўлган. Маълум қилинишича, исёнчилар ҳар бир ўлдирилган “душман” учун 70 долларга яқин пул олишади ва буни исботлаш мақсадида юқоридаги каби йўл тутишади.

Россия ташқи ишлар вазирлигида россияликларнинг ўлдирилгани ҳақидаги ахборотга изоҳ берилмаган.

Мозамбик шимолида 2017 йилдан бери ҳукумат қўшинлари ва жиҳодчилар ўртасида жанглар давом этиб келади. Россия ва Мозамбик ўртасида ҳарбий-техник ҳамда ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги келишувлар амал қилади.

“Вагнер” норасмий ҳарбий тузилма бўлиб, унинг ёлланма жангчилари Африканинг бир нечта давлатлари, жумладан Конго, Судан, Ливия, Мадагаскар, Ангола, Гвинея, Гвинея-Бисау, Мозамбик, Зимбабве ва Марказий Африка Республикасида хавфсизликни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатишлари таъкидланади. Баъзи маълумотларга кўра, “Вагнер” жангчилари, Донбасс, Сурия, Судандаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам иштирок этишган.  

Мавзуга оид