Ўзбекистон | 10:51 / 07.11.2019
53665
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги энг катта ҳарбий полигон фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикасидаги энг катта полигон – Марказий ҳарбий округга қарашли “Каттақўрғон” дала-ўқув майдони фойдаланишга топширилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ушбу дала-ўқув майдонининг очилиш маросимида мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-майор Павел Эргашев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Ойбек Саидов, “Ўзбекистон Қаҳрамони”, Нуроний жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов, фахрийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тумандаги мактаб ўқувчи ёшлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Дала-ўқув майдони чинакам маънода аскар академиясидир. Чунки полигонда ҳарбий хизматчи назарий билимларини амалий синовдан ўтказади. Шу боис, ватан ҳимоячиларининг ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёргарлиги ошишида, жанговар шайлигининг ривож топишида полигонларнинг ўрни муҳимдир.  

Маросимда сўз олган мудофаа вазири дала-ўқув майдони қурилишида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Бу каби полигонлар юртимиз ҳимояси учун бел боғлаган асл ўғлонлар учун малака ва тажриба орттириш майдони бўлишини таъкидлади.

Полигон қурилишида ўз ватанпарварлигини кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар мудофаа вазири томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. 

Очилиш маросимидан кейин мудофаа вазири генерал-майор Б.Қурбонов бошчилигида замонавий дунё талабларига мос келадиган ўқув синфлари, тиббиёт пункти, ётоқхоналар, ошхона, спорт зали, маданият маркази ҳамда жанговар техникалар ва автомобиллар тураржойлари кўздан кечирилди. Аскар ва офицерлар ошхонаси кўздан кечирилаётган паллада унинг бугунги кунда шаҳар марказларида урф бўлган “Миллий таомлар”дан кам эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

 Полигон инфратузилмасидан сўнг навбат дала-ўқув майдонини назардан ўтказишга келди. Ўзбекистондаги энг катта полигон чиндан ҳам дунё стандартларига тўла-тўкис жавоб беради. Унда бир вақтнинг ўзида барча турдаги жанговар техникаларни қўллаган ҳолда ўқув-машғулотларини олиб бориш имконияти яратилган. 

Ўтказилган амалий ўқув машғулотларида ҳарбий хизматчилар замонавий полигонда яратилган ўқув жойларида билим ва кўникмаларини намойиш қилишди. 

Мавзуга оид