Спорт | 14:20 / 28.11.2019
28891
14 дақиқада ўқилади

Мессида янги рекорд ва ҳали плей-оффни ҳал қилмаган Клопп. ЕЧЛда кун ўйинлари

Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 5-тури доирасида яна 4 гуруҳда 8та ўйин бўлиб ўтди.

F гуруҳи
Месси ва Лукакунинг бенефиси

«Барселона» — «Боруссия» Д — 3:1
Голлар: Суарес, 29. Месси, 33. Гризманн, 67 — Санчо, 77

Чоршанба куни Месси юбилейини нишонлади, у каталонлар либосида 700-ўйинини ўтказди. Хавининг мутлақ рекордига етиш учун яна 67 ўйин қолди, агар Лео «Барса»ни яна икки йилдан кейин тарк этиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга айланса ҳам, унда яна бир рекорд ўрнатишга имкониятлар етарли.

Бу оқшом юбиляри гол уриб қаторасига ўнинчи марта бир календар йилида урган голлари сонини 45тага етказди. Бу зерикарли ҳодиса бўлиши мумкин, лекин у Чемпионлар лигасидаги 34-рақибга гол ургани ноёб ҳодиса бўлди, унгача ҳеч ким бу натижага эриша олмаган. Шу вақтгача Месси билан бирга 33тадан рақибга гол уриб турган Рауль ва Криштиану Роналду — ортда қолдирилди.

Шу билан биргаликда аргентиналик футболчи хасислик қилмаяпти. Дортмунд клубига қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Месси кўпроқ Суарес гол уришига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Уругвайлик футболчининг биринчи голи офсайд ҳолати туфайли инобатга олинмаган бўлсада, у мақсадига эришди ва 184-голи билан «Барселона» тарихидаги тўпурарлар рўйхатида тўртинчи ўринга чиқди.

Бундан ташқари, Месси симуляция учун сариқ карточка олди ва яна бир ажойиб паси билан Гризманнга гол уришга имконият яратди. Жароҳат туфайли майдонни тарк этган Дембеле ўрнига туширилган бошқа бир француз ЕЧЛда «Барса» рақиблари дарвозасига ҳам, жамоанинг ўзига ҳам гол урган еттинчи футболчига айланди.

Ўйин охирида Санчо битта жавоб голи урди, аммо немисларнинг бундан ортиғига қурби етмади. Каталонлар бу ғалаба эвазига 1/8 финал йўлланмасини нақд қилди, Дортмунд эса энди сўнгги турда ўз майдонида «Славия» устидан ғалаба қозонса ҳам плей-офф тақдири параллел учрашув натижасига («Интер»-«Барселона») боғлиқ бўлади.

«Славия» Пр — «Интер» — 1:3
Голлар: Соучек, 37, пенальти — Лаутаро Мартинес, 19, 88. Лукаку, 81

Ўтган турда прагаликлар «Камп Ноу»да матонат кўрсатишганди (0:0), лекин бу сафар улар Лукаку — Лаутаро Мартинес тандемига қарши тура олишмади. Ўйинда бельгиялик футболчининг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни очган аргентиналик ҳужумчи ЕЧЛда қаторасига тўртинчи ўйинда гол урди ва бу бўйича Это'О, Вьери ҳамда Креспо томонидан қайд этилган клуб рекордини такрорлади. Кейин эса Мартинес Лукакуга ассистентлик қилди, аммо бу голдан кейин ҳисоб 0:2 кўринишини олиш ўрнига таблода иккита бир рақами порлади. Бу вазиятга ВАР аралашди ва меҳмонлар гол урган ҳужум бошланишидан олдин жарима майдонида қоида бузилгани учун пенальти белгиланиб, уни Соучек аниқ ижро этди. Чемпионлар лигасида бунақаси ҳали бўлмаганди.

Ўйиннинг қолган қисмида «Интер»нинг омади келавермади. Иккинчи бўлим давомида Лукаку ва Брозович берган зарбалар дарвоза тўсинидан қайтди. Лекин ўйин охирида бельгиялик гигант миланликларга барибир ғалаба келтирди, рақиб ҳимоячиси йиқилиб тушганидан фойдаланган Лукаку дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бориб, имкониятидан фойдаланди. Бу гол унинг учун профессионал фаолиятидаги 250-гол бўлди, ўйин якунида у товони билан Мартинесга пас бериб, учинчи голга ҳам сабабчи бўлди. Миланликлар энди иккинчи ўринда, улар энди «Сан-Сиро»да «Барселона»ни мағлуб этиши керак.

H гуруҳи
Лэмпард ғалабани ва энг яхши бомбардирини йўқотди

«Валенсия» — «Челси» — 2:2
Голлар: Солер, 40. Васс, 82 — Ковачич, 41. Пулишич, 50

«Кўршапалаклар» шу вақтгача «Месталья»да инглиз жамоаларига қарши муваффақиятли ўйнаб келишган. Ўз навбатида кўклар шу Испанияда фақат бир марта мағлуб бўлишган. Икки томон тенг кучлилиги биринчи бўлим охирида икки томон ҳам биттадан гол ургани билан исботини топди. «Челси»да 71-ўйинида майдонга тушган Ковачич ниҳоят гол урди - биринчи голини.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда Лондон клубининг асосий тўпурари Тэмми Абраҳам жиддий жароҳат олиб, майдонни кўзда ёш билан тарк этди ва унинг ўрнини Миши Батшуайи эгаллади. Бу йўқотиш Лэмпард жамоаси ўйинига таъсир қилмай қолмади.

Иккинчи бўлим бошида Пулишич гол урган вазиятда ҳакам ҳужум вақтида қоидабузарлик қилди деб топиб голни бекор қилганди, аммо видеотакрордан кейин гол инобатга олинди..

Яна бир эпизодда ВАР аралашди. Жоржиньонинг фолидан кейин вазият 3 дақиқа давомида кўриб чиқилди ва ниҳоят Феликс Цвайер «нуқта»ни кўрсатди, аммо «Валенсия»нинг штатдаги пенальтичиси Дани Парехо Кепани алдай олмади. Испания терма жамоаси посбони ўйин қаҳрамони бўлиши кутилганди, аммо Васс бунга йўл қўймади. Унинг қанотдан йўллаган зарбаси аввалига жарима майдонига узатмадек кўринди, кейин у юқорилаб оширилгани учун дарвозабон тўпга сакрамай қўяқолди, аммо тўп бирдан пастга шўнғиди ва Кепанинг устидан ўтгач дарвоза бурчагига йўналди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчисида Родриго бўш дарвозани ишғол эта олмади, бу дурангдан фақат «Аякс» ютди.

«Лилль» — «Аякс» — 0:2
Голлар: Зиёш, 2. Промес, 59

Амстердамликлар гуруҳда яккапешқадам бўлиб олиш имкониятини қўлдан бой беришмади. Яхши формада бўлган жамоа, бош мураббийи Кристоф Галтье ЕЧЛ ўйинлари «Лилль»ни чарчатгани ҳақида айтган вақтда осонлик билан ғалабага эришди. Ўйинда ҳисобни очган Зиёш ўз қаршисидан чиққан французларни кўрмагандек ўтиб кетди. Бу вақтда ўйин бошланганига 1 дақиқаю 34 сония бўлганди ва бу гол жорий турнирдаги энг тезкор голга айланди.

Ўйин давомида майдон эгалари бир неча бор 100 фоизлик имкониятларни йўққа чиқаришди, иккинчи бўлимда фақат Промеснинг зарбаси аниқ чиқди. Унга голда Зиёш ассистентлик қилди ва бу жуфтлик Эрик тен Хаагни турнир тарихига олиб кирди. Ушбу мутахассис Хосеп Гвардиола ва Луи ван Гаални ортда қолдириб, Чемпионлар лигасида қаторасига 9 ўйинни мағлубиятсиз ўтказган илк мураббийга айланди. Шунингдек, шу вақтгача нидерландларнинг ҳеч бир жамоаси турнирнинг бир мавсумида бегона стадионларда бунча кўп гол урмаганди — 9. Лекин ҳали «Н» гуруҳида деярли ҳеч нарсага ойдинлик киритилмади.

Е гуруҳи
«Ливерпуль»ни Зальцбургда жанг кутмоқда

«Ливерпуль» — «Наполи» — 1:1
Голлар: Ловрен, 65 — Мертенс, 21

Бир йил муқаддам неаполликлар бўлажак чемпионни гуруҳда қолдириб кетишига бир бахя қолганди. Анчелотти шогирдлари куз бошида ҳам бу жамоага ўйин охирида икки гол уриб нокаут қилганди (2:0). Ҳозир ҳам, «Наполи»да инқироз давом этаётган, клуб президенти Аурелио де Лаурентис футболчиларга йирик миқдорларда жарималар ёзаётган маҳалда ҳам шу вақтгача ҳеч қачон Англияда ғалаба қозона олмаган итальянлар «Ливерпуль»га муаммолар туғдира олди. Ўйин бошида еврокубоклардаги 100-ўйинини ўтказаётган Юрген Клоппни Фабиньонинг жароҳати ранжитди. Кейин эса германиялик мураббий ва бутун «Энфилд» стадиони арбитр Мертенснинг голини инобатга олганида норозилик билдирди. Ҳолбуки бу ҳужум бошланишида бельгиялик майдон марказида ўзи истамаган ҳолда бўлсада ўз ортида турган ван Дейкнинг қорин қисмига зарба берган ва нидерландиялик ҳимоячи ҳаракатдан тўхтаганди. Шу тариқа, мерсисайдликларнинг ўз майдонида 11 учрашув давом этган «қуруқ» серияси тўхтатилди.

Лекин қизиллар яна бир бор характер кўрсатишди. Ловрен иккинчи бўлим ўрталарида бурчак зарбасидан кейин боши билан гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Ўтган мавсумда бўлгани каби бу йил ҳам «Ливерпуль» сўнгги турда муҳим ва қийин ўйин ўтказади - рақиб ҳеч нарсадан тап тортмайдиган «Зальцбург».

«Генк» — «Зальцбург» — 1:4
Голлар: Саматта, 85 — Дака 43. Минамино, 45. Хван Хи Чхан, 69. Ҳоланд, 87

Австрияликлар «Генк» дарвозасига яна голлар ёмғири ёғдиришди (жамоаларнинг биринчи ўйинида 6:2 ҳисоби қайд этилганди), норвегиялик вундеркинд Ҳоланд эса ЕЧЛ гуруҳ босқичида қаторасига бешинчи ўйинда гол урди. Бунгача бундай старт фақат Диего Коста ва Дель Пьеро томонидан қайд этилган, аммо, 19 ёшли скандинавдан фарқли равишда улар бу натижага кечроқ, 20 ёшида эришишганди.

G гуруҳи
Форсберг мўъжизаси

«Лейпциг» — «Бенфика» — 2:2
Голлар: Форсберг, 90, пенальти, 90+5 — Пицци, 20. Карлос Винисиус, 59

Биринчи бўлим ўрталарида немислар ҳимоясидаги муаммолар яққол кўриниб қолди - улар Пиццига гол совға қилишди. Лекин «Лейпциг»нинг ўзи қанча уринмасин гол уролмади. Нкунку бир неча метрдан туриб дарвозабонни нишонга олди, ҳакам эса очиқчасига қўполлик қилинган ҳолатда меҳмонлар дарвозасига пенальти белгилашни истамади. Иккинчи бўлимда «бургутлар» қарши ҳужумда яна бир имкониятга эга бўлишди ва Карлос Винисиус яккама-якка вазиятда жамоасининг иккинчи голини урди.

Майдон эгаларини қўшимча вақтларда дубль қайд этган Форсберг қутқарди. «Лейпциг» бу дуранг эвазига плей-офф йўлланмасини ҳал қилди, «Бенфика» эса «Зенит» билан ўйин олдидан имконият сақлаб қолмоқда.

Юлиан Нагельсманнинг ютуғини алоҳида қайд этиш мумкин, айни вақтда 32 ёшу 4 ойлик ва 4 кунлик бўлган ушбу мутахассис илк марта ЕЧЛ плей-оффида ишлайди. У «Ҳоффенҳайм» билан бундай юксак натижага эриша олмаганди.

«Зенит» — «Лион» — 2:0 (1:0)
Голлар: Дзюба, 42 (1:0). Оздоев, 84 (2:0).

Питерликлар ҳаёт-мамот ўйинида «Лион»ни мағлуб этишди, Дзюба яна гол урди ва жамоа плей-офф учун имкониятларини сезиларли даражада оширишди.

Энди агар 6-турда «РБ Лейпциг» Францияда «Лион»га ютқазса, Россия чемпионлари эса Лиссабонда ғалаба қозонишса, учта жамоада 10тадан очко бўлади. Бу вазиятда қўшимча кўрсаткичлар ҳисобланади – аввало ўзаро ўйинлар. «Лион»да 7 очко бўлади (немислар устидан икки ғалаба ва «Зенит» билан дуранг), «РБ Лейпциг»да – 6 очко («Зенит» устидан икки ғалаба), кўк-оқ-кўкларда эса – атиги 4 (французлар билан бир ғалаба ва бир дуранг).

Шу тариқа, руслар фақат «РБ Лейпциг» футболчиларининг спортча иродасидан умид қилиши керак бўлади, шунингдек, немисларда ғалаба орқали Чемпионлар лигасида қўшимча маблағ ишлаб олиш учун иштиёқ бўлади, шунингдек гуруҳдаги биринчи ўрин 1/8 финалда нисбатан кучсизроқ клуб рақиб бўлишини таъминлаши мумкин. Агар Лиондаги ўйин дуранг натижа билан якунланса, Семак жамоасига Лиссабонда мағлуб бўлмаслик кифоя қилади. Агар «Лион» ҳам, «Зенит» ҳам ўз ўйинларида мағлуб бўлса, 7 очко билан қоладиган французлар ва россияликларга «Бенфика» ҳам етиб олади. Яна ўзаро учрашувларга қаралади. Бу ҳолатда иккинчи ўрин «Зенит»га тегади (7 очко), «Бенфика» (6) ва «Лион» (4) гуруҳда қолиб кетади. 

«РБ Лейпциг» ўйин охирида ҳисобни тенглаштирмаганида нима бўларди? Португаллар Германияда ғалабани сақлаб қолса, немислар Лионга кўпроқ иштиёқ билан йўл олган бўларди. Юлиан Нагельсманн жамоаси 9 очкога эга бўлиб ҳам плей-оффга чиқа олмаслиги мумкин эди -немислар Францияда мағлуб бўлиб, «Зенит» Португалияда ғалаба қозонса. 

Бошқа томондан, «РБ Лейпциг» «Бенфика» устидан ғалаба қозониб, биринчи ўринни муддатидан аввал банд этарди. Шунда барчаси «Лион» ва «Зенит» ўртасида ҳал бўларди, бу жамоалар ҳеч қанақасига немисларга етиб ололмасди. Петербургликлар ўзаро учрашувлар натижасига кўра французлардан устун. Қолаверса, Семак жамоаси Лиссабонга нисбатан камроқ иштиёққа эга бўлган рақибга қарши ўйинга йўл олади, «Бенфика» Европа Лигасига йўлланмадан ҳам қуруқ қолиш хавфи остида. 

Назарий жиҳатдан «Зенит» ҳам нафақат иккинчи ўриндан, балки учинчи ўриндан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Руслар Португалияда 0:2 ёки ундан йирикроқ ҳисобда мағлуб бўлса, агар «Лион» «РБ Лейпциг»га қарши ўйинда ҳеч бўлмаса дурангга эришса, бу питерликлар учун ҳукм ўқилиши бўлади. Бундай ҳолатда «Бенфика» кўк-оқ-кўкларга очколар бўйича етиб олади, ўзаро учрашувларга кўра ҳам лиссабонликлар олдинда бўлади.

Мавзуга оид