Light | 21:51 / 04.12.2019
224857
12 дақиқада ўқилади

Камқонлик билан қандай курашиш мумкин: сабаблари, аломатлари, даражалари ва даволаш усуллари

Сиз доимо заифлик сезасизми, тез чарчайсиз, терингиз эса оқариб кетгандек рангпар тусда эга бўладими? Энди саволларни қайта ўқинг ва яхшилаб ўйлаб кўринг. Эҳтимол, буларнинг барчаси анемия билан боғлиқдир. Қуйида бу нимани англатиши ва у билан қандай курашишни ўргатамиз — унга қарши туришингиз керак. 

Бошқа кўплаб қон касалликларидан фарқли ўлароқ, камқонлик жуда кенг тарқалган: статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг чорак қисми анемиядан азият чекмоқда. Яхшиямки, аксарият ҳолларда гап касалликнинг енгил шакллари ҳақида боради, ваҳоланки улар баъзида соғлиғингизга ва кайфиятингизга таҳдид солиши мумкин.

Фото: Andrew Mason / Flickr.com

Анемия нима?

Ҳар бир катта ёшли одамнинг танасида тахминан 5 литр қон мавжуд. Агар сиз ўз танангизда қанча қон борлигини билмоқчи бўлсангиз, унда эслаб қолинг — бу тана вазнининг 7 фоизини ташкил қилади. Қон ўзининг асоси бўйича таркибида тузлар бўлган сувдир, аммо унинг энг муҳим таркибий қисми қон ичида айланиб юрадиган ҳужайралардир. Ушбу ҳужайралар суяк илигида ҳосил бўлади ва уларнинг қийматини ортиқча баҳолаш қийин. Эритроцитлар, яъни қизил қон таначаларининг ўзигина ўпкадан чиқадиган кислородни танамизнинг барча тўқималарига етказади ва шу билан нафас олишда қатнашади. Айнан улар қонни қизил рангга киритади. Бошқалари, масалан оқ қон ҳужайралари бизни микроб ва вируслардан ҳимоя қилади. Ва ниҳоят, учинчи хил ҳужайралар — тромбоцитлар, шикастланганимизда қон кетишини тўхтатади. Агар қайсидир ҳужайра миқдори жуда камайиб кетса ёки ўз функциясини бажаришдан тўхтаса, соғлигимиз ёмонлашади. 

Анемиянинг ривожланиши ушбу ҳужайралардан бири — қизил қон таначалари етишмаслиги билан боғлиқ. Аммо, баъзида қизил қон таначаларининг сони сақланиб қолган ҳолатда уларнинг асосий таркибий қисми, кислородни олиб юрадиган гемоглобин оқсилининг сони камаяди. Натижада, қизил қон таначалари «сифатсиз» бўлиб қолади ва уларнинг функциялари, ҳатто қизил қон ҳужайралари сони ўзгармаса ҳам ишдан чиқади. Шундай қилиб, биз анемия нималигини билиб олдик — қизил қон таначалари ёки улар таркибидаги гемоглобин миқдори камайганда юзага келадиган ҳолат. Ушбу ҳужайралар нафас олган кислородимизни танадаги барча тўқималар ва ҳужайраларга етказиш учун жавобгардир, шунинг учун камқонлик билан организм аста-секин «бўғила» бошлайди. 

Яхшиямки, танамиз мукаммал мослашиш қобилиятига эга ва вақт ўтиши билан эритроцитлар ёки гемоглобиннинг етишмаслиги ўрнини қоплай олади (Тоғли ҳудудларда яшайдиган инсонларнинг кислород босими кам бўлган сийрак ҳавога қандай мослашганини эслаш кифоя). Бироқ, эртами-кечми, организм камқонликка қарши туриш ва унинг оқибатларини яшириш учун сарф этиладиган кучини йўқотади. Бундай ҳолда, камқонлик белгилари пайдо бўлишни бошлайди. 

Фото: Eddy Van 3000 / Flickr.com

Анемия белгилари

Камқонликнинг асосий белгиси — доимий чарчоқ ҳисси. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: ҳужайралар кам кислород олгач, уни тежайди ва аввалгидан камроқ фаол ишлай бошлайди. Аммо, агар сиз чарчаган бўлсангиз, сизда анемия бор деб қатъий айтиб бўлмайди — чарчашнинг бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин. 

Анемиянинг бошқа белгилари орасида нафас қисиши, ишчанлик ва диққат пасайиши, сержаҳллик мавжуд. Киши ўзини «бегона сайёрада» ҳис қила бошлайди: бу ажабланарли эмас, чунки тана тўқималари улар учун жуда зарур бўлган даражада кислород қабул қилмаяпти! Анемия кучайгани сайин терининг ранги оқариб кетади ҳамда қўллар ва оёқлар совуқ бўлиб, доимий музлайди.

Яна бир белги — бу юрак уриши тезлашиши: юрак ҳеч бўлмаса шу йўл билан тўқималарга кўпроқ қон етказиб беришга ва кислород етишмаслигини сифат орқали эмас, миқдор орқали қоплашга ҳаракат қилади. Унинг фонида бош айланиши ва оғриғи пайдо бўлиши мумкин. 

Кўриниб турибдики, барчамиз камида бир марта камқонликнинг қайсидир белгисини бошдан кечирганмиз. Улар ажабланарли даражада ўзига хос эмас — тезлашган пульс, нафас қисилиши, чарчоқ ва ҳатто енгил бош айланиши оддий югуришдан кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Ушбу аломатлар мавжудлиги фақатгина анемиядан шубҳаланишга ёрдам беради, аммо уларнинг ёрдами билан ташхис қўйиш мумкин эмас. 

Фото: Griszka Niewiadomski / Freeimages.com

Анемия ташхиси қандай қўйилади?

Анемия одатда қон текшируви асосида ташхис қилинади. Бу ҳолда марказий кўрсаткичлар қизил қон ҳужайралари ва гемоглобин миқдоридир. Анемия табиатини аниқлаш учун анъанавий равишда қон ранг кўрсаткичи қўлланади, бу нафақат гемоглобин миқдорини, балки қизил қон таначалари билан қандай тўйинганлигини ҳам кўрсатади. Чет элда бунинг учун яна бир кўрсаткич — гематокритдан фойдаланиш одатий ҳолдир. Бундан ташқари, шифокор сизга яна бир нечта текширувлардан ўтишни буюриши мумкин — қондаги эркин темирни, шунингдек, трансферрин ва ферритин оқсилларини аниқлаш. Уларнинг барчаси анемиянинг энг кенг тарқалган турини — темир танқислигини аниқлашга имкон беради. 

Нима учун камқонлик пайдо бўлади?

Анемияни даволаш учун сиз уни келтириб чиқарган сабаб билан курашишингиз керак. Юқорида айтиб ўтганимиздек, камқонликнинг энг кенг тарқалган тури бу темир танқислигидир. Номидан кўриниб турибдики, организмда гемоглобиннинг асосий таркибий қисми бўлган темир етишмаслиги. Бунинг сабаблари етарлича бўлиши мумкин, аммо уларнинг энг асосийлари қуйидагилардан иборат: темир ё овқат билан етарли миқдорда таъминланмайди ёки танадан ортиқча чиқарилади. Шифокорлар ушбу сабабларнинг қайси бири кўпроқ тарқалгани тўғрисида баҳслашишади, аммо иккиси ҳам жуда муҳимдир. 

Кўп миқдорда темир гўштда, жигарда, озгина кам миқдорда барра сабзавотларда, қуритилган меваларда, дуккакли экинларда ва ҳатто бутун донли нонда учрайди. Дўконларда учрайдиган баъзи маҳсулотлар темир билан алоҳида бойитилган бўлади. Аммо инсоннинг темирни озиқ-овқатдан сингдириш қобилияти жуда чекланган: кунига бир неча миллиграммдан ошмайди. Айнан шунинг учун йўқотилган темир ўрнини дори воситалари ёки озиқ-овқат билан тўлдириш тез бажариладиган иш эмас. Таъсир сезилиши учун ҳафталар ва ойлар кутиш керак.

Фото: Nick Royer / Flickr.com

Демакки, темирни ўзлаштириш шунчалик қийин иш экан, танамиз унга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашишига ва уни ҳар томонлама тежашни ўрганишига тўғри келади. Ўз ҳаётини яшаб бўлган қизил қон ҳужайралари (улар бир ярим ойдан икки ойгача яшайди) таркибидаги темирнинг кўп қисми яна ишлатилади. Шундай қилиб, танадаги темир миқдори жуда барқарор қийматдир. Унда, нима учун темир танқислиги камқонлиги тез-тез учраб туради? Жавоб оддий — темирни йўқотиш ёки унга бўлган эҳтиёжнинг ортиши туфайли. 

Анемиядан кўпинча аёллар азият чекади. Ахир, аёл танаси ҳар ой оз миқдордаги қон ва у билан биргаликда эритроцитлар гемоглобини сақловчи қимматли темир йўқотади. Унинг миқдори оз бўлса ҳам, темир йўқотилишини озиқ-овқат билан тўлдириш қийинлиги ойдинлашди. Аммо, худди шу тарзда, ҳар қандай қон кетиши анемияга олиб келади: шикастланишм ёки ошқозон яраси ёки ичакдаги ўсма натижасида қон кетиши. Айнан шу сабабли сурункали анемия ўсма хавфи катта бўлган кекса беморларда ташвиш уйғотади. 

Анемия учун яна бир хавф тоифаси болалардир. Ривожланишнинг маълум босқичларида бу деярли ҳар бир болада кузатилади: «бўй сакраши» деб номланган даврда, бола тез ўсиб, темирга бўлган эҳтиёж ошганда содир бўлади. Шунга ўхшаш сабабларга кўра, темир эҳтиёжи ортиши ҳомиладор аёлларда ҳам кузатилади.

Бундан ташқари, тўйиб овқатланмаслик туфайли камқонлик юзага келиши мумкинлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Тўғри, кўпинча бу нафақат темир етишмаслиги, балки озиқ-овқат таркибидаги B12 витамини етишмаслиги билан ҳам боғлиқ. Бундай ҳолда, камқонлик B12 етишмовчилиги деб аталади ва қизил қон таначалари шаклланишининг бузилиши туфайли юзага келади (бу витамин ушбу жараёнда қатнашади). Гўшт, сут, балиқ ва тухум B12 витаминига бойдир. Шу муносабат билан, вегетарианларга, одатда, унинг етишмаслиги олдини олиш учун махсус парҳез қўшимчаларини ичиш тавсия этилади. 

Юқорида санаб ўтилган сабабларга қўшимча равишда, анемия сурункали буйрак касаллигининг (айнан буйракда эритропоэтин ҳосил бўлади — қизил қон ҳужайралари шаклланишини рағбатлантирадиган гормон), ҳар қандай сурункали инфекциялар ва яллиғланишлар, ирсий сабаблар ва бир қатор дориларнинг ножўя таъсири натижаси бўлиши мумкин. Аммо камқонликни келтириб чиқарадиган асосий омил — темир танқислиги. 

Фото: Erich Ferdinand / Flickr.com

Камқонликни даволаш

Анемияни даволашнинг тўлиқ жараёни шифокор назорати остида ўтиши керак. Биринчидан, қизил қон таначалари ва гемоглобин миқдори хавфли паст кўрсаткичларга тушиб қолмаслиги учун эҳтиёт бўлиш керак. Иккинчидан, ички қон кетиш каби ўта таҳликали анемия сабабини ўтказиб юбормаслик керак. 

Енгил анемия темир моддаси юқори бўлган овқатларга ва ушбу металлни ўз ичига олган озиқ-овқат қўшимчаларига асосланган махсус парҳез билан даволанади. Бу ва бошқасини ҳам узоқ вақт давом эттириш керак: бир неча ҳафта ва ойлар давомида, ҳатто қизил қон таначалари ва гемоглобин миқдори нормал қийматларга қайтгандан кейин ҳам — буларнинг барчаси танада темир сақланадиган омборни яратиш учун зарур. Акс ҳолда, такрорий камқонлик хавфи жуда катта.

Анемиянинг оғир шакллари қон ёки унинг шаклий элементларини қуйишни талаб қилади. Баъзи мамлакатларда эритропоэтин ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи дорилар кенг қўлланади, аммо уларнинг хавфсизлиги ҳақида жумбоқлар мавжуд. 

Фото: Michael Stern / Flickr.com

Анемия профилактикаси

Бошқа кўплаб касалликлар сингари, анемияни даволашдан кўра олдини олиш осонроқ. Темир танқислиги камқонликнинг асосий сабаби эканлигини ҳисобга олсак, тўғри овқатланишнинг аҳамияти жуда катта. 

Темирга бой овқатлар:

  • жигар; 
  • қизил гўшт; 
  • денгиз маҳсулотлари; 
  • қуритилган мевалар;
  • ёнғоқлар;
  • брокколи ва исмалоқ; 
  • бутун дон маҳсулотлари. 

Агар бу етарли бўлмаса, витамин-минерал комплекслари ва таркибида темир моддаси сақловчи препаратлардан фойдаланиш мумкин. Қуйида уларни қабул қилишнинг бир неча қоидалари келтирилади:

  • кўплаб темир препаратлари ошқозонни безовта қилади, шунинг учун уларни озиқ-овқат билан бирга қабул қилиш керак;
  • дориларнинг шифокор томонидан буюрилган ёки йўриқномада кўрсатилган дозалари ва режимига диққат билан амал қилинг — биринчи кунларда дозани аста-секин ошириш керак;
  • ёдда тутинг: С витамини темир сўрилишини рағбатлантиради. Баъзи маҳсулотлар эса, аксинча, бунга халақит беришади: масалан, сут, қаҳва ва чой. 

Анемия профилактикаси учун экзотик усул сифатида денгиз сатҳидан нисбатан баланд ҳудудларга кўчиб ўтиш ҳам таклиф қилиниши мумкин. Аниқланишича, тоғли ҳудудларда бир мунча вақт яшаган одамлар анемияга камроқ мойил бўлади, чунки уларнинг танаси гемоглобинни аввалгига қараганда кўпроқ миқдорда ишлаб чиқаришни «ўрганган». Айтганча, ушбу услуб спортчилар билан машғулот олиб боришда ҳам қўлланади. 

Шундай қилиб, камқонликнинг олдини олиш ва даволашнинг аҳамияти жуда катта. Баъзида уни адашиб нормал нарса деб ҳисоблашади, айниқса гемоглобин даражаси доимо паст бўлган аёллар орасида. Афсуски, ундай эмас, анемия ҳаёт сифатини ёмонлаштириши ва одамни бошқа касалликларга кўпроқ мойил қилиши мумкин. Анемияни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш керак.

Назокат Қаршиева тайёрлади

Мавзуга оид