Жамият | 17:05 / 06.12.2019
4572
2 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар иштирокидаги жиноятлар 32,8 фоизга камайди – ИИВ

2019 йилнинг 10 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хотин-қизлар иштирокидаги жиноятлар 32,8 фоизга камайган. Бу ҳақда АОКАда «Хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қартилган чора-тадбирлар» мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида республикада 5624 нафар хотин-қизнинг ишга жойлашишига кўмаклашилди, 4807 нафарига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, даволашга муҳтож 1500 нафар хотин-қиз тиббий диспансерларга юборилди, 1688 нафарига шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини қайта тиклашда ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, 271 нафар хотин-қиз Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реаблитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш марказларига юборилди», дея ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, 2019 йилнинг 10 ойи давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хотин-қизлар иштирокидаги жиноятлар 32,8 фоизга, яъни 4861тадан 3267тага камайган. Шу билан бирга, 25 мингдан ортиқ оиланинг нотинчлигига барҳам берилган, 10 мингдан ортиқ ёш оиланинг ажралиб кетиши олди олинган.

Аввалроқ Ўзбекистондаги профилактика инспекторларини қўл кишанлари билан таъминлаш 72 фоизга етгани, қисқа фурсатда бу кўрсаткич 100 фоизга чиқиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид