Ўзбекистон | 12:41 / 05.12.2021
13688
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиш ва жароҳат етказиш ҳолатлари йилдан йилга кўпаймоқда — Бахтиёр Бердиалиев

Ички ишлар ходимлари 2018 йилда 146 марта, 2019 йилда 163 марта, 2020 йилда 186 марта, 2021 йилнинг 5 ойида 94 марта хизмат вазифасини бажариш чоғида қаршиликка учраган ва ҳаёт учун хавфли жароҳат олишган.

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz'га берган интервюсида ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ошаётганини маълум қилди.

“2018 йилда ички ишлар идоралари ходимларига 146 маротаба қаттиқ қаршилик кўрсатилган ва оғир тан жароҳати етказилган. Шундан 78 та ҳолат профилактика инспекторлари билан рўй берган. 2019 йилда эса ички ишлар органлари ходимлари 163 маротаба қаршиликка учраган, шундан 84 таси профилактика инспекторларига нисбатан содир этилган.

2020 йилда бу кўрсаткич 186 тага чиқиб кетди, мазкур ҳолатлар туфайли 137 нафар профилактика инспектори ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари олишди. Уларнинг аксарияти ногирон бўлиб қолгани учун хизматни давом эттира олишмади. 2021 йилнинг 5 ойида ички ишлар ходимлари хизмат вазифасини бажариш чоғида 94 маротаба қаршиликка учраган бўлса, шундан 64 та ҳолат профилактика инспекторлари ҳиссасига тўғри келади.

Ҳокимият вакилига, жумладан, ички ишлар ходимларига ва фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, оғир ва ўртача оғир шикаст етказган фуқаролар Жиноят кодексининг 219-моддаси билан жавобгарликка тортилади”, дейди Бахтиёр Бердиалиев.

ИИВ мулозимининг таъкидлашича, ички ишлар ходимлари ҳам ҳокимият вакиллари ҳисобланади ва уларнинг фаолиятига қаршилик кўрсатган шахслар жазосиз қолмайди.

“Тунги соат учда, ҳаммамиз ухлаётган вақтда ички ишлар идорасига “Эрим ичиб келиб мени уряпти, ёрдам беринглар”, деган хабар тушади. Энди кўз олдингизга келтиринг. Вақт алламаҳал, профилактика инспектори шу хабар асосида айтилган манзилга боради. Тўғри, унинг табель қуроли бордир, дубинкаси бордир, кишани бордир. Лекин олдинда уни нима кутаётганини билмайди. Бизнинг хатомиз ҳам – шу.

Тунги вақтда бунақа чақирувлар жуда кўп. Одатда чақирув келиб тушган профилактика инспекторлари ёнида ёшроқ ёрдамчиси билан ёки шериги билан чақирув келиб тушган хонадоннинг эшигини тақиллатади. Кўпинча бундай чақирувларга борадиган ходимлар жанжаллашаётган эр-хотинни ажратаман-у қайтаман деб ўйлашади. Лекин ортига қайтмаган ходимларимиз бор. Ногирон бўлиб қолганлари бор. Чунки уларни ҳар доим ҳам бир хил ҳолат кутиб турмайди. Пичоқ ёки қурол билан қуролланган зўравонга дуч келиб қолишлари ҳам мумкин. Лекин профилактика инспекторлари шундай пайтда қочиб кетди деган гапни бирор марта эшитганмисиз?” дейди Бахтиёр Бердиалиев.

Аввалроқ 2021 йилнинг 10 ойида профилактика инспекторлари томонидан республика бўйича 4300 дан ошиқ жиноят фош этилгани, 3922 та жиноятнинг олди олингани, қидирувда бўлган 290 нафар шахс ушлангани, бедарак йўқолган 81 нафар шахс топиб олиб келингани маълум қилинганди.

Профилактика инспекторларининг саъй-ҳаракатлари натижаси 547 та ноқонуний ўқотар қурол фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган, илгари судлангани учун профилактик ҳисобда турган 202 минг нафардан кўпроқ шахс қайта жиноятга қўл урмаган.

Мавзуга оид