Ўзбекистон | 11:07 / 10.12.2019
24495
4 дақиқада ўқилади

Қайси турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинмоқда?

Фото: Dreamstime

Қонунчилик палатасининг 2019 йил 9 декабрда ўтказилган мажлисида депутатлар томонидан муҳокама этилган масалалардан яна бири “Нотариат тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси бўлди.

Қайд этилганидек, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишнинг зарурати бугунги кунда амалиётда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатишдан манфаатдор эмаслиги билан боғлиқ. Давлат нотариал идораларида навбатлар вужудга келмоқда, коррупцион ҳаракатлар учрамоқда. Шунингдек, нотариал ҳаракатлар сони ортиб бораётган бир вақтда давлат нотариал идораларига қўшимча штат бирликларини жорий этиш жараёнининг мураккаблиги мурожаат этувчиларнинг сони ва иш ҳажмига мос равишда хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа билан амалдаги бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилаётгани диққатга молик.

Хусусан, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш асослари ҳамда улар фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланмоқда. Яъни, давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нотариатнинг нодавлат шаклига ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Адлия вазирлигига муайян ҳудуддаги нотариуслар лавозимларининг энг кам сонини белгилаш ваколати берилмоқда. Эндиликда республикада фаолият юритадиган нотариусларнинг максимал сони чегараланмайди.

Нотариусларни бирлаштирувчи ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ягона тузилма сифатида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳудудий адлия органлари ҳузуридаги малака комиссияларининг стажировкадан ўтган шахслардан имтиҳон олиш ваколати тугатилиб, уларга нотариус лицензияси амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилмоқда.

Нотариусларга медиатор вазифасини бажариш, далилларни таъминлаш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтини тасдиқлаш, ҳужжатнинг электрон шакли унинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эгалигини тасдиқлаш каби ваколатлар берилмоқда.

Масофадан туриб, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш механизмини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, айрим турдаги битимларни мажбурий нотариал тасдиқлаш тартибини бекор қилиш ҳамда янги турдаги нотариал ҳаракатларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Уй-жойни бошқа шахсга ўтказиш, мол-мулкларни ижарага, текин фойдаланишга беришда айрим талабларни бекор қилган ҳолда, ушбу битимларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш режалаштирилмоқда.

Масалан, банк ва бошқа кредит ташкилотларига мол-мулкка тақиқ қўйиш ва тақиқни ечиш имкони берилмоқда. Бу ўзгартириш жисмоний ва юридик шахсларга кредит ажратиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга барҳам беради.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексидан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни бошқа шахсга ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари рухсатини олиш, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонундан эса, васийликдаги шахснинг мол-мулкини ижарага беришда васийлик ҳамда ҳомийлик органларининг рухсатини олиш талаблари чиқариб ташланмоқда.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”, “Ипотека тўғрисида”, “Лизинг тўғрисида”ги Қонунларга бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талабини бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартириш киритилмоқда.

Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мавзуга оид