Жаҳон | 00:01 / 14.12.2019
50494
2 дақиқада ўқилади

GM собиқ президенти автомобиллар даври тугаётганини айтди

Фото: hightech.plus

General Motors корпорациясининг собиқ президенти, ҳозирда робомобиллар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Cruise компанияси бош директори Дэн Амман автомобиллардан воз кечадиган давр келганини айтди.

«Транспортни яхшилаш учун ҳозирги транспорт воситаларидан ҳар томонлама устун муқобилларини яратишимиз керак», — деб таъкидлади у.

У замонавий транспорт ҳолатини қуйидагича ифодалади:

«Тасаввур қилинг, бир киши сизга шундай дейди: „Мен янги транспорт ўйлаб топдим, у қазиб олинувчи ёнилғида ишлайди ва атмосферани ифлослантиради. У шаҳарларимизни шу даражада тўлдириб ташлайдики, ундан фойдаланувчилар асабийлашади. Ҳайдовчилар эса бутун дунё бўйича йилига миллиондан ортиқ кишини босиб кетади. У кўпинча гаражда туради ва яшаш харажатлари ошишига сабаб бўлади. Бу транспортдан ёш болалар, қариялар ва ногиронлар фойдалана олмайди. Унинг нархи 9 минг доллар туради“. Сиз бундай таклифга „Ақлдан озиб қолибсиз“ деб жавоб қайтарасиз. Аммо афсуски, биз ҳозир ана шундай ҳолатдамиз – асосий ҳаракатланиш воситамиз бензинда юрадиган автомобиль».

Амман «автомобиль чегарасидан чиқиш» ва «хавфсиз, арзон ҳамда шаҳарлар, сайёрамиз учун энг яхши транспорт тизимига ўтиш»ни таклиф қилди. Бу эса Cruise иш олиб бораётган электр робомобиллардир.

Кейинги 20 йил давомида автомобиллар «принципиал жиҳатдан ўзгаргани йўқ», деб қўшиб қўйди GM собиқ президенти.

Қайд этилишича, электр робомобиллар кўплаб муаммоларга ечим бўлади: ҳаракатланиш хавфсиз ва арзон бўлади, йўлларда тирбандликлар йўқолади, шаҳарлар ҳавоси тоза бўлади, ёнилғи ишлаб чиқарадиган заводлар экологияга камроқ таъсир кўрсатади.  

Мавзуга оид