Парвез Мушарраф сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинди
Исломобод махсус суди коллегияси мамлакатнинг собиқ президенти Парвез Мушаррафни давлатга хиёнат қилишда айблаб сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. У ҳозирда Дубайда яшамоқда.
Покистоннинг собиқ президенти Парвез Мушарраф сиртдан ўлим жазосига маҳкум қилинди. 2013 йилда бошланган суд иши бўйича ҳукм уч судьянинг икки нафари ўлим жазоси учун овоз бериши орқали чиқарилди.
Reuters хабарига кўра, у 2007 йилда Покистонда ҳарбий ҳолат жорий қилгани ва конституцияга амал қилинишини тўхтатгани учун давлатга хиёнат қилишда айбланган.
Айни вақтда 78 ёшда бўлган собиқ президент 2016 йилдан буён Дубайда яшамоқда, у ўзига қарши суд ишларига бирор марта келмаган, унга даволаниш учун хорижга чиқишга рухсат берилганди.
Генерал Парвез Мушарраф 1999 йилда ҳарбий тўнтариш оқибатида ҳокимият тепасига келган, 2001-2008 йилларда Покистон президенти бўлган, оммавий намойишлар натижасида ҳокимиятдан кетишга мажбур бўлган.
Мушаррафга қарши айбловлар у 2007 йилда суд унинг қайта сайланиши қонунийлигини текширишни бошлаганида Конституцияга зид тарзда ҳарбий ҳолат жорий этишига ҳам тааллуқлидир.
Суд ҳукмига апелляция бериш мумкин. Декабрь ойида шифохона аравачасидаги собиқ-президент видеомурожаат қилиб, ўзига қарши жиноий ишни асоссиз деб атаганди.
Давлатга хиёнат
2007 йил ноябрида генерал Мушарраф конституциининг амал қилишини вақтинчаликка тўхтатди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этди, бу эса оммавий намойишларга олиб келди.
2008 йилда импичмент хавфи остида қолган президент истеъфога чиқади.
2013 йилда Навоз Шариф Покистон бош вазири этиб сайланади. Генерал Мушарраф 1999 йилда айнан уни ҳокимиятдан ағдарган эди. Ҳокимият тепасига қайтган Шариф зудлик билан генерал Мушаррафга давлатга хиёнат айби бўйича жиноий иш қўзғаттиради. Суд жараёни 2014 йил мартида бошланади.
Генерал Мушаррафнинг ўзи бу иш сиёсий мақсадларга эга бўлгани ва унинг конституцияга амал қилишни вақтинчаликка тўхтатиш қарори Вазирлар Маҳкамаси ва ҳукуматнинг барча аъзолари томонидан маъқуллангани ҳақида айтади. Аммо суд бу далилни инкор этади, кейин генерал қонун бузилишида айбланади.
Покистон конституциясига кўра, давлатга хиёнатда айбланган шахс қатл этилиши белгиланган. Генерал Мушарраф бир неча марта чақирув олганига қарамай судларга келмаган.
Нима учун бу муҳим?
Генерал Мушаррафга расмий айблов - тез-тез ҳарбийлар бошқарувига ўтган мамлакат тарихидаги муҳим ишорадир.
Покистоннинг кўплаб бош қўмондонлари ёки шахсан ўзи мамлакатни бошқарган, ёки сиёсатчилар орқали барчасини назорат қилган.
Генерал Мушарраф илк бор давлатга хиёнатда айбланган Покистон армияси бош қўмондонидир. Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳозир амалда бўлганлар ҳам, истеъфодаги ҳарбий зобитлар ҳам бу ишда воқеалар ривожини диққат билан кузатишмоқда, чунки бу ҳодиса кейинроқ содир бўладиган воқеаларга ўрнак бўлиши мумкин.
Генерал Мушарраф ким?
У 1998 йилдан Покистон армиясини бошқара бошлаган. Покистон армиясининг Ҳиндистон билан чегарадаги низода (Каргил уруши деб ҳам номланади) иштироки ўша вақтдаги бош вазир Навоз Шариф ва генерал Мушарраф ўртасида жиддий зиддият келтириб чиқаради. 1999 йилда армия Шарифни ҳокимиятдан ағдаради ва генерал Мушарраф ҳокимиятни ўз қўлига олади.
Генерал Мушарраф 2008 йилга қадар президентлик лавозимини сақлаб турган. Унинг бошқаруви даврида унга бир неча марта суиқасд амалга оширилган.
У халқаро аренада АҚШ билан фаол ҳамкорлик қилган ҳамда буни террор билан урушдаги ҳамкорлик деб атаган.
Истеъфога чиққач генерал Мушарраф Покистонни тарк этади, аммо 2013 йилда ватанга қайтиб, умумхалқ сайловларига номзодини қўйишга ҳаракат қилади. Аммо суд унинг номзод сифатида рўйхатдан ўтишига тақиқ қўяди.
Давлатга хиёнатда айблов бўйича суд тингловларига у фақат икки марта келган, шундан кейин у вақтни ёки госпиталда ёки Исломобод яқинидаги фермасида ўтказган.
2014 йилда у Карачига кўчиб ўтади, икки йил ўтиб эса мамлакатдан чиқиб кетади.
Мавзуга оид
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
00:15 / 22.12.2024
Покистонда Имрон Хоннинг 25 нафар тарафдорига ҳукм ўқилди
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
13:48 / 18.12.2024