Ўзбекистон | 18:10 / 18.12.2019
49351
4 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги авария оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди

Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланди.

Бугун, 18 декабрь куни сурункали ёғингарчилик оқибатида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида тупроқ кўчиши содир бўлди.

Айни вақтда юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги куч ва воситалари сафарбар қилинган.

Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, содир бўлган ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш мақсадида, Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабабларини ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда келгyсида шу каби ҳолатлар рўй беришининг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Комиссия таркибидан бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов (комиссия раиси), Қурилиш вазири Ботир Зокиров, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси в.в.б Б.Ғуломов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари А.Қўлдошев, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари И.Маҳкамов, Молия вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов, Давлат геология ва минерал ресурслар бўйича қўмитаси раиси Б.Исламов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази бош директорининг биринчи ўринбосари Б.Нишонов, «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Д.Сатторов, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Х.Ҳосилов, «Тошкентметропроект» МЧЖ раҳбари А.Зокиров, Тошкент шаҳри ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Д.Ҳидоятов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибияти мудири Ш.Абидов (комиссия котиби) ўрин олган. 

Ҳукумат комиссияси зиммасига қуйидагилар юклатилган:

  • содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида батафсил ўрганиш;
  • зарур куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда ҳодиса оқибатлари зудлик билан бартараф этилишини таъминлаш;
  • ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига тиббий, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш;
  • келгyсида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш ва ижросини қатъий назоратга олиш;
  • кунлик амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш;
  • ўрганиш нaтижалари юзасидан тегишли хулоса тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига тақдим этиш.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчиси Б.Ғуломов зиммасига - Тошкент метрополитенининг ер усти ва ер ости метро йўналишлари қурилишида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Б.Зокиров зиммасига Тошкент метрополитенининг ер усти ва ер ости метро йўналишлари қурилиши жараёнида қурилиш-монтаж ишлари қатъиян тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилиши устидан доимий назорат ўрнатиш юзасидан шахсий масъулият юкланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига содир бўлган ҳодиса ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш мақсадида ҳукумат комиссияси ишини кенг ёритиб бориш тавсия этилган.

Бугун, 18 декабрь куни соат 10:00 атрофида Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши қурилишининг очиқ участкасида тупроқ ўпирилиши рўй берди. Сўнгги хабарларга кўра, тупроқ остида бир неча ишчи қолиб кетган ва уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Мавзуга оид