Ўзбекистон | 23:32 / 29.04.2021
17155
2 дақиқада ўқилади

Метрополитен: Машинист токоприёмникда учқун чиқаётганини кўргани учун поездни тўхтатган

28 апрел куни Тошкент метросининг Чилонзор йўлида поезд тўхтаб қолишига релсни қувватловчи токоприёмникдан учқун чиққани сабаб бўлган. Бу ҳақда ҳодиса сабабларини ўрганиб чиққан метрополитен маъмурияти маълум қилди.

Чоршанба куни Тошкент метросининг Чилонзор йўналишида поезд «Миллий боғ» бекатидан «Новза» бекатига ҳаракатланиш вақтида фавқулодда тўхташни амалга оширган эди.

«Тошкент метрополитени» УК ҳодиса сабабларини текшириш натижасини маълум қилди. Қайд этилишича, машинист поезд ҳаракатланаётган пайтда олдиндаги йўлда контакт релсларни қувватловчи токоприёмникда учқун чиқаётганини кўриб қолган.

«Кўрсатма (инструкция) талабларига биноан, машинист поезднинг ҳаракатини тўхтатишга қарор қилди, чунки ушбу вазиятда ҳаракатни давом эттириш мумкин эмас. Машинист бу ҳақда тезкорлик билан диспетчерга хабар берди, йўналишда ҳаракат таркиблар электр таъминотидан узилди ва шундан сўнггина барча йўловчилар поезддан «Новза» бекатигача эвакуация қилинди.

Эслатиб ўтамиз, бу ҳодиса кеча, 17:50 атрофида содир бўлди. Чилонзор йўналишидаги поездлар чекланган режимида ҳаракатланган, яъни алоҳида туннел участкаларида битта йўналиш бўйлаб. Шу куннинг ўзида барча носозликлар бартараф этилди ва бугундан барча поездлар белгиланган ҳаракат жадвалига мувофиқ ҳаракатлана бошлади», – дейилади метрополитен маъмуриятининг 29 апрел кунги ахборотида.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Тошкент метросида кетма-кет носозлик рўй бера бошлади. Сўнгги ҳодисадан сўнг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги метрополитен фаолияти юзасидан текширув бошлади.

Мавзуга оид