Ўзбекистон | 13:00 / 19.12.2019
63637
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура Юнусободдаги ҳодиса юзасидан жиноий иш очди

Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган фавқулодда вазият юзасидан жиноий иш очилди.

«Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида юз берган ҳодиса юзасидан ЖКнинг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 258 (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов телеграмдаги каналида берилган хабарда.

18 декабрь куни тахминан соат 10:00да Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, ишчиларни тупроқ босиб қолди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етган.

UPD: Бош прокуратура ҳам ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

«2019 йил 18 декабрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Ахмад Дониш кўчасидаги «Меgа Рlаnеt» савдо маркази қарама-қарши томонида «Тошкент метрополитени қурилиш дирекцияси» буюртмаси асосида барпо этилаётган «Юнусобод» бекати 2-вестибюль курилиш объектининг ўнг томон ҳандақ (катловани) қиялик девори (откос)га ўрнатилган темир-бетон мустаҳкамлаш конструкцияси ёмғир сувлари сизиши ва автомобиллар қатновидан ҳосил бўлган тебраниш натижасида ер ўпирилиб, тупроқ ва темир-бетон конструкцияси қулаб тушган.

Воқеа жойида олиб борилган тезкор қидирув-қутқарув ишлари натижасида 6 нафар фуқаронинг жасади тупроқ остидан олиб чиқилди ва уларнинг шахсига аниқлик киритилди.

Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 18 декабрь куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди ва 258-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда. 

Жиноят кодексининг 257-моддасига мувофиқ, техника хавфсизлиги, саноат санитарияси ёки меҳнатни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларини шу қоидаларга риоя этилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилса ва одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, айбдор муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

258-модда эса тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни назарда тутади.

Бош прокуратура мазкур ходиса оқибатида жабр кўрганларнинг оила-аъзоларига ўз ҳамдардлигини билдирган.  

Ҳозирда тозалаш, қидирув ва қутқарув тадбирлари давом этмоқда.

Мавзуга оид