Ўзбекистон | 13:18 / 20.12.2019
9981
11 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи: кафолат ва эркинликлар

Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, миллий сайлов тизимининг асослари белгилаб қўйилган. Бу қоида ва меъёрлар асосини эса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланган ва умумэътироф этилган демократик принциплар ташкил қилади.

Шунингдек, бу принциплар қаторига, жумладан, қонунийлик, ошкоралик ва адолат тамойиллари ҳам киради. Шу асосда мамлакатимизда сайловда иштирок этувчи ҳар бир шахснинг сайлов жараёнларидаги фаолияти билан боғлиқ асосий тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича қонуний кафолатлар миллий қонунларимизда батафсил белгилаб берилган.

Шу ўринда сайловда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда кимга ёки қаерга мурожаат этиши лозим, деган савол туғилиши табиий.

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, амалдаги қонунларимизда сайлов комиссиялари қарорлари ва уларнинг хатти-ҳаракатлари устидан қоида тариқасида юқори сайлов комиссиясига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Қайд этиш жоизки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини судларнинг мустақиллигисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирор мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Чунки фақат амалда тўлиқ мустақил суд адолатли, асосли ва қонуний қарорлар қабул қилади. Қонуний қарор эса, жамиятимизда адолат тамойилларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади.

Ҳолбуки жамиятимизда барча масалалар, хусусан манфаатдор шахс сайлов комиссиялари қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмасдан, тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши ҳам мумкин. Бунда юқори сайлов комиссиясига мурожаат қилмагани ҳолати манфаатдор шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқига тўсқинлик қилмайди.

Кодекс талабига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, тегишли вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар маҳаллий Кенгашларининг Сенат аъзолари сайлови бўйича қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссияси қарорлари устидан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади. Чунки улар энг юқори инстанция ҳисобланиб, қабул қилган қарорларининг қонунийлигига баҳо берувчи юқори сайлов комиссияси мавжуд эмас.

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссиялари қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори турувчи сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин. Сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоятлар қоида тариқасида жавобгар жойлашган жойдаги маъмурий судларга берилади.

Қўшма мажлислар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилинади.

Албатта, амалдаги қонунларимизда судлар томонидан бундай шикоятларнинг кўриб чиқиш тартиби ва муддати аниқ белгилаб қўйилган. Яъни судлар бундай шикоятларни шикоят келиб тушганидан сўнг уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса, дарҳол кўриб чиқади.

Масалан, сайловчи – сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқликни тузатиш ҳақидаги мурожаатини 24 соат ичида кўриб чиқмаслик ёки асоссиз рад этиш, сайловчилар рўйхатига киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик, муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш ёки ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш ҳақидаги аризани кўриб чиқмаганлик ёхуд рад этганлик каби ҳолатлар юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Шу ўринда амалдаги қонун талабларига эътибор қаратсак, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-4-моддасига кўра, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда яна ҳолатга эътибор қаратиш жоиз. Яъни сайлов жараёнида номзодлар, сиёсий партияларнинг обрў-эътиборини тўкиш учун атай ёлғон маълумотларни тарқатиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Қонунчилигимизда ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-6-моддасида мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш маъмурий судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб бир сутка мобайнида кўриб чиқилади.

Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасига мувофиқ туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 30-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари ё қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқади.

Сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қилинган шикоятлар аризачи, тегишли сайлов комиссияси вакили, прокурор, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни чақирган ҳолда иштирокида кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг суд мажлисига келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Шу ўринда сайлов натижаларини ҳақиқий эмас, деб топишнинг оқибатлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, сайлов комиссияси қарорлари устидан қилинган шикоят қаноатлантирилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.

Айтиш керакки, Сайлов кодексида сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади. Сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида ушбу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиш мумкин.

Маълумки, маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади. Бу қарор устидан, овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида судга шикоят қилиш мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши билан дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади. Ушбу суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тараф шу суд орқали юқори инстанцияга апелляция шикояти беришга, прокурор эса апелляция протести келтиришга ҳақли.

Амалдаги қонунда сайлов ўтказиш жараёнига аралашганлик учун ҳам тегишли жавобгарлик белгилаб қўйилган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-2-моддасида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтирганлик учун – мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 51-3-моддасига кўра, Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг қарорларини ижро этмаганлик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этганлик ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузгани учун мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бундан ташқари, сайлов жараёнида номзод, ишончли вакил, кузатувчи ёки сиёсий партия ваколатли вакили ўзларининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, бу борада тегишли сайлов комиссияси, Ички ишлар идоралари ва прокуратура органига мурожаат қилиши мумкин.

Агар юқорида қайд этилган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳақиқатан ҳам бузилгани аниқланса, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-4-моддасида белгилаб қўйилганидек, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинади.

Қонунчиликда сайловни молиялаштириш тартибини бузганлик учун ҳам жавобгарлик назарда тутилган. Хусусан, МЖтКнинг 51-8-моддасида сайловни молиялаштириш тартибини бузгани учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларни тегишли сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланмасдан туриб чоп этиш ёки эълон қилиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, шунингдек сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш ва эълон қилиш тартибини бузганлик учун МЖтКнинг 51-9-моддасига кўра мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади.

Сайлов ўтказиш жараёнида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар прокуратура органлари ва Ички ишлар идоралари томонидан расмийлаштирилади.

Ички ишлар ёки прокуратура органларига хабар келиб тушганидан кейин 24 соат ичида сайлов комиссияси аъзолари ҳамда зарур бўлганда хабарни етказган шахс иштирокида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг ўзида ҳуқуқбузарликда гумон қилинган шахснинг хатти-ҳаракатлари ўрганилади.

Шундан сўнг ўрганиш жараёнида тўпланган ҳужжатлар, МЖтКнинг 282-моддасига мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома ёки қарор, бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш учун туман (шаҳар) маъмурий судига юборилади.

Юқорида қайд этилганлардан кўринадики, мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўлиқ кафолатланган. Энг муҳими, қонунларимизда ўзининг теран ифодасини топган бу қоидалар халқаро сайлов стандартлари тўлиқ мос келади.

К.Комилов

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси

Мавзуга оид