Жаҳон | 21:41 / 05.01.2020
123302
3 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг ҳарбий объектларига ҳужум қилишга тайёрланмоқда

Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлимига жавоб ҳужумига тайёрланмоқда. Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ҳарбий ишлар бўйича маслаҳатчиси, генерал-майор Ҳусайн Деҳқоннинг сўзларига кўра, бу ҳужум АҚШнинг юзлаб объектларини қамраб олиши мумкин.

Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига зарба беришга тайёргарлик кўрмоқда. Генерал-майор Ҳусайн Деҳқон CNN мухбирига берган интервьюсида генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун жавоб «ҳарбий йўл билан бўлиши»ни айтиб ўтган.

Фото: Vadim Savitsky / AP

«Урушни Америка бошлади. Шунинг учун улар жавобга тайёр туришлари керак. Урушнинг бу босқичига якун ясаши мумкин бўлган нарса - улар берган зарбага тенг даражада зарба берилишидир.

Жавоб шаксиз ҳарбий бўлади ва бу жавоб ҳарбий объектларга қаратилади», деган у.

У айнан қайси объектларга ҳужум қилинишига аниқлик киритмаган, лекин жавоб ҳужумлари Яқин Шарқдаги Теҳрон таъсиридаги турли гуруҳлар орқали эмас, Эрон қуролли кучлари томонидан йўлланишини маълум қилган. 

Шу билан биргаликда, у Эрон жавоб беришга шошилмаслиги, ҳужум нишонлари обдон ўйлаб танланишини маълум қилган.

Қайд этиш керакки, АҚШнинг бу минтақадаги ҳарбий контингенти жуда катта. Хусусан, Саудия Арабистонида «минглаб америкалик аскарлар» бор, Ироқ ҳудудида бир неча база жойлаштирилган ва уларда 5 мингга яқин ҳарбий мавжуд. Бундан ташқари, АҚШ Қатарда йирик Ал-Удейд авиабазасига эга, бу ерда Иордания, Кувайт ва БАА ҳарбийлари ҳам жойлашган.

Бироз аввалроқ, Ироқ парламенти мамлакатдан хорижлик ҳарбийлар олиб чиқилишини ёқлаб овоз берганди. Ироқ ҳудудида америкалик ҳарбийлардан ташқари, Буюк Британия ҳарбийлари ҳам бор, The Times нашри маълумотига кўра, британ ҳарбийларини қутқариш амалиёти тайёргарлик кўриш ҳақида кўрсатма бўлган. The Sun нашрининг ёзишича, ҳудуддаги вазият кескинлашса, расмий Лондон иттифоқчиси АҚШни қўллаб-қувватлаш учун «Томагавк» қанотли ракеталари билан қуролланган атом сувости кемасини ҳаракатга келтиришга тайёр.

  • 3 январь куни Бағдоддаги аэропортда америкалик ҳарбийларнинг авиазарбаси оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Эрон ташқи сиёсатидаги бош стратегни йўқ қилиш буйруғи шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан берилган. Расмий Теҳрон бир неча марта Вашингтондан ушбу генералнинг ўлими учун қасос олинишини маълум қилган, ўз навбатида Трамп ҳам агар Эрон томонидан америкаликларга ҳужум қилинса, АҚШ ҳарбийлари Эрон ҳудудидаги 52та обеъктни нишонга олиши билан таҳдид қилган.

Мавзуга оид