Жаҳон | 18:40 / 07.01.2020
139528
8 дақиқада ўқилади

«Биз уруш қонунларига амал қиламиз». Трампнинг баёноти конгресс ва Пентагонни ташвишга қўйди

Пентагон раҳбари Марк Эспер АҚШ президенти Дональд Трампнинг сўзлари юзасидан эътироз билдирди ва америкалик ҳарбийлар Эрондаги тарихий ва маданий объектларга зарба бериш ниятида эмаслигини маълум қилди.

«Биз уруш қонунларига амал қиламиз», дея қайд этган мудофаа вазири. У Оқ уй раҳбарининг бундай буйруғини бажариш ҳарбий жиноят бўлишини айтиб ўтган.

Америка ҳарбийлари раҳбарининг 6 январь куни кечқурун Пентагонда ўтказилган брифингдаги кутилмаган баёноти яна бир марта генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши Вашингтонда навбатдаги сиёсий инқирозли ҳолатни юзага келтирганини тасдиқлади.

5 январь куни тонгда Трамп твиттердаги саҳифасида Теҳрон америкаликларга ёки Қўшма Штатлар объектларига ҳужум қилса, Эрондаги 52 та объектга зарба берилиши ҳақида огоҳлантирганди.

«Бу огоҳлантириш бўлсин: агар Эрон америкаликлар ёки АҚШ объектларига зарба берса, биз Эрон томонидан узоқ йиллар аввал гаровга олинган 52 кишини ифодаловчи Эрондаги 52 та нишонни танладик», деганди Трамп.

Эрон ТИВ раҳбари Муҳаммад Жавод Зариф унинг бу сўзларига жавоб қайтариб, АҚШ президенти «қўрқоқларча уюштирилган қотиллик» билан халқаро ҳуқуқ қоидаларини қўпол равишда бузгани, қизил чизиқлар деб аталадиган императив нормаларни ҳам бузиш билан таҳдид қилаётгани, Эроннинг тарихий ва маданий объектларига бериладиган зарбалар ҳарбий жиноятга тенг эканини билдирганди.

Эрон ахборот технологиялари вазири Жавод Озарий Жаҳромий бу сўзлари учун Трампни «костюмдаги террорчи» деб атади, Эрон қуролли кучлари қўмондони Абдулраҳим Мусавий эса АҚШнинг бундай ҳужум уюштиришга жасорати етишига шубҳа билдирди.

1954 йил қабул қилинган Ҳаага конвенциясига кўра ҳам бундай ҳужумлар уруш жиноятлари деб баҳоланган.

Якшанба куни рождество таътилидан Оқ уйга қайтган АҚШ президенти Эрондаги тарихий ва маданий обидаларга ҳужум қилиш тўғрисидаги сўзларини оқлашга уринди.

АҚШ Форс кўрфази ҳудудидаги ҳарбий қудратини оширишга эътибор қаратмоқда

«Улар бизнинг одамларни ўлдириши мумкин... Уларга бизникиларни қийноққа тутиб, майиб қилишга рухсат берилган. Йўл бўйига бомба қўйиб, одамларни портлатишларига рухсат берилган. Биз эса уларнинг маданий объектларига қўл теккиза олмаймизми? Бунақаси кетмайди», - дея жавоб берганди АҚШ президенти Air Force One бортида туриб журналистларнинг саволларидан ҳайратланиб.

Трампнинг бундай ташаббуси Оқ уй раҳбарининг энг садоқатли тарафдорлари томонидан ҳам танқидга учради.

«Биз эронликлар ва уларнинг маданияти билан урушмаяпмиз. Бизда оятуллоҳ ва унинг атрофидагиларнинг ғояси билан зиддият мавжуд», деганди душанба куни нуфузли сенатор-республикачи Линдси Грэм.

Шу каби баёнотлар Конгрессдаги бошқа республикачилар томонидан ҳам берилди.

Трампнинг мухолифлари нима демоқда?

Демократлар эронлик генерални ўлдириш учун президент буйруғи билан ўтказилган ҳарбий амалиёт бўйича жавоб тайёрлади.

Ҳафта бошида Демократлар партияси вакилларига йўлланган номада Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси яқин кунлар ичида президентнинг Эронга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар масаласидаги ваколатларини чеклашга қаратилган резолюция бўйича овоз берилишини ваъда қилган.

Нэнси Пелосининг ҳисоблашича, хориждаги ҳарбий ҳаракатлар масаласида Трампнинг ваколатини чеклаш керак

АҚШда 1973 йилда қабул қилинган «Уруш эълон қилиш ҳуқуқи ҳақида»ги қонунга кўра, президент маъмурияти Конгрессни қуролли кучларни ҳарбий амалиётга жалб қилиш ёки келгуси ҳаракатлар ҳақида 48 соат ичида хабардор қилиши шарт ҳисобланади.

Генерал Сулаймонийнинг ўлими ҳақидаги хабар эса қонунчиларга амалиёт ўтказилган куннинг эртасига етказишган. Трампнинг мухолифлари фикрича, бу орқали у қонуннинг бир қанча талабларини бузган.

«Мутлақо махфий» белгиси қўйилган президент мактубида, демократларнинг тасдиқлашича, бу амалиётни ўтказиш учун бирор юридик асос келтирилмаган.

Нэнси Пелоси ўз номасида Бағдод аэропортидаги ҳужумни провокацион ва номутаносиб деб атаган. Унинг фикрича, Трамп қўллаётган чоралар минтақадаги АҚШ ҳарбийларининг хавфсизлик даражасига салбий таъсир кўрсатади.

Демократлар томонидан таклиф этилаётган резолюцияда агар Вакиллар палатаси уруш эълон қилиш масаласида бошқа қарор қабул қилса, президент маъмурияти Эрон билан муносабатлардаги душманона ҳаракатларини 30 кунга тўхтатиб туришини назарда тутади.

Шунингдек, резолюция демократ Тим Кэйн томонидан Сенатга муҳокама учун киритилган.

Экспертларнинг ҳисоблашича, демократларнинг ташаббуси икки палата томонидан ҳам тасдиқланиши даргумон. АҚШ президенти мухолифларининг талабларини асоссиз деб атаган ва уларга твиттердаги хабарларини кузатиб боришни тавсия қилган.

«Бу твит-хабарлар Қўшма Штатлар конгресси учун маълумот манбаи бўлиб хизмат қилади. Агар Эрон АҚШ фуқароси ёки объектига зарба беришни бошласа, Қўшма Штатлар зудлик билан бу ҳужумга қарши жавоб қайтаради. Бу мутаносиб бўлмаган тарзда ҳам бўлиши мумкин», деди Трамп.

Эрон Трампнинг таҳдидларига қандай жавоб қайтариши мумкин?

Қўшма Штатларда Яқин Шарқда кенг кўламли уруш бошланиши таҳдидини жиддий кўриб чиқишмоқда. Ўтган дам олиш кунларида АҚШнинг 80га яқин шаҳрида, жумладан, Вашингтон, Филадельфия, Майами, Чикаго ва Сан-Францискода урушга қарши намойишлар бўлиб ўтди.

Экспертлар эса ҳарбий баёнотларга қарамасдан, икки томон ҳам бугунги кунда ҳарбий ҳаракатлар бошлашга тайёр эмаслигини айтишмоқда.

Сулаймонийнинг ўлимидан кейин Эронда Америкага қарши кайфият сезиларли даражада кучайган

«Эрон генерали жаҳоннинг биринчи рақамли террорчиси бўлганини айтган Трамп учун бу импичмент туфайли пасайган рейтингини кўтариш учун қилинган сиёсий юриш бўлди. Мамлакатда бу йил янги сайловлар бўлиб ўтади, шу туфайли сайловчиларнинг эътиборини қозониш керак эди.

Эронда эса бугунги кунда Қўшма Штатлар билан ҳарбий тўқнашувга киришиш учун на ҳарбий қудрат ва на иқтисодий имкониятлар бор», дейди Стони Брук университети профессори Жонатан Сандерс.

Пентагон раҳбарининг собиқ ёрдамчиси, ҳозирда Пенсильваниядаги Байден номидаги университетдаги марказ директори Майкл Карпентер ҳам унинг фикрига қўшилган.

«Яқин Шарқ, Европа ва АҚШнинг ўзида ҳам Америка манфаатларига қарши киберҳужумлар, гибрид уруш ва террорчилик актлари содир этилишини кутиш мумкин, деб ҳисоблайман», дейди у.

Мутахассислар Теҳрон географик сабабларга кўра АҚШга қарши тўғридан-тўғри ҳужум уюштириши имконсиз деб ҳисоблашаётган бўлсада, эронлик ҳарбийлар учун минтақада кўплаб нишонлар мавжуд.

Жумладан, Яқин Шарқдаги Америка базалари ва улардаги америкалик ҳарбийлар. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Яқин Шарқ мамлакатлари - Қатар, Саудия Арабистони, Иордания ва Кувайт ҳудудида қарийб 68 минг нафар америкалик ҳарбий жойлаштирилган.

Эрон таъсири кучли бўлган Сурия ва Ироқда эса АҚШ Қуролли кучларининг 6 800 нафар ҳарбийси бор.

Америкалик экспертлар Теҳрон қатъий қадамлар ташлашини истисно қилган ҳолда, ўз таъсири остида бўлган жангари гуруҳлар воситасида Америка объектларига ҳужумлар уюштирилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

«Тўғридан-тўғри ҳужум уюштирилиши АҚШнинг кескин жавоб қайтаришига олиб келади, Эрон ҳукумати эса сўнгги йилларда бундай чоралардан қочишга ҳаракат қилиб келмоқда. Шунинг учун, агар Теҳрон қандайдир жавоб қайтармоқчи бўлса, бу жавоб АҚШ билан қарийб тенглик кузатилиши мумкин бўлган киберкенглик майдонида бўлади», дейди ҳарбий таҳлилчи Дэниел Койст.

Мавзуга оид