Ўзбекистон | 14:33 / 08.01.2020
34316
10 дақиқада ўқилади

Қўлёзма асарларнинг сақланиши, реставрацияси ва ўрганилиши қай аҳволда? – Қўлёзмалар фондига видеосаёҳат

Диёримиз азалдан илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган. Бу юртдан не-не аллома зотлар етишиб чиқмаган дейсиз. Улар қолдирган улкан илмий мерос гарчи турли босқинлар даврида нобуд қилинган, олиб кетилган бўлса-да, бизнинг давримизгача етиб келганларининг адади, ҳисобга олинганлари ҳам кишини ҳайратга солади.

Kun.uz шундай маънавий меросимиз сақланаётган илмий даргоҳ – ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзма асарлар фондига видеосаёҳат уюштирди.

«Дастлаб бу ерда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган»

ЎзФА Шарқшунослик институти илмий ишлар бўйича директор муовини Сурайё Каримова фонднинг тарихи, бугуни, асосий йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.

«Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди 1943 йилда, ўша пайтдаги халқ кутубхонаси (ҳозирги Миллий кутубхона)нинг Шарқ бўлими асосида ташкил этилган. Шундан бошлаб бу фондда қўлёзма манбаларни ўрганиш ишлари бошланган.

Бу ерда дастлабки иш қўлёзмаларни тавсифлаб, картотекалар тузиш бўлган. Дастлабки пайтда бу жойда мадрасаларни битирган домлалар ишлаган, улар араб ва форс тилларини пухта билган илмли кишилар ҳисобланган. Ўша даврда тузилган картотекалардан ҳозирга қадар фойдаланиб келинмоқда.

Дастлабки тавсифдан ўтган қўлёзмалар кейинги босқичда илмий тавсифланган. Бу аннотация характерида бўлиб, кўпроқ маълумот берилган. Кейинчалик мавзу каталоглари тайёрлана бошланган ва бу илмий тадқиқотчиларга енгиллик беради.

Шунингдек, қўлёзма асарларни илмий муомалага киритишнинг асосий йўналишларидан бири илмий изоҳли таржима ва табдил ҳисобланади. Табдил деганда араб графикасидаги эски ўзбек ёзувидан кирилл ёзувига ўгириб нашр қилиш тушунилади.

Энди бевосита таржима қилиб илмий муомалага киритишга келадиган бўлсак. Бу жараён ниҳоятда машаққатли иш саналади. Масалан, битта манбани таржима қилиб, изоҳлаб, тадқиқот қисм ёзиб нашр қилишга уч йил вақт кетади. Шунга қарамай, ҳар йили 10дан зиёд турли мавзудаги асарлар таржима, табдил қилиниб, илмий муомалага киритилади».

«26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин тошбосма, 5 мингдан зиёд тарихий ҳужжатлар сақланади»

Қўлёзма асарлар фонди мудири Шарифжон Исломов фонд фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб берди.

«Ушбу қўлёзмалар фонди ўзининг бойлиги, турли фан соҳаларининг хилма-хиллиги бўйича дунёдаги энг бой қўлёзма фондларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли 2000 йили ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий рўйхатига киритилган. Ва бутунжаҳон мероси сифатида сақланади.

Фондимизда 26 минг жилд қўлёзма, 40 минг жилдга яқин қадимги тошбосма услубидаги китоблар сақланади. Бундан ташқари, 5 мингдан зиёд асл нусхадаги тарихий ҳужжатлар бор. Шунингдек, микрофилм ва фотоеопиялар фондларимиз ҳам бор. Бу видео ва фотолар хориждаги фондларда сақланаётган китоблардан олинган.

Бу улкан мерос фаннинг турли соҳаларига оид. Хусусан, табобат, кимё, математика, тарих, ислом илмлари — аждодларимиз шуғулланган барча фан соҳаларига доир манбалар ўрин олган. Қўлёзма манбалар IX асрдан бошлаб XX асргача бўлган даврга оид бўлиб, араб, форс, қадимги туркий ва бошқа шарқ тилларида ёзилган», – дея маълумот берди фонд мудири.

Фонд ўз ичида бир неча йўналишларда фаолият олиб боради. Шарифжон Исломов нодир қўлёзмаларни сақлаш, зарарланган саҳифаларнинг реставрация жараёнлари, шунингдек, қўлёзма ва тошбосма асарларнинг фотомоделлари яратилиши жараёни ва қироатхона билан ҳам яқиндан таништирди.

«Қўлёзма манбани сақлашнинг ўзига хос талаблари мавжуд ва халқаро нормалари ҳам бор. Қўлёзмаларнинг барча қисмлари табиий ашёдан бўлгани учун махсус ҳарорат, махсус ёруғлик ва қуёш нурларидан келадиган ултрафиолет нурларидан ҳимояланиши зарур. Бу манбаларнинг биздан кейин яна минг йиллар сақланиб туришини таъминлайди. Шу билан бирга, саҳифалардаги сиёҳлар, ранг-тасвирларнинг сақланиб қолишини таъминлайди. Мазкур фонд бу борада дунё миқёсида барча талабларга жавоб беради, десам бўлади.

Манбаларни сақлаш деганда, бир қанча бўлимлар назарда тутилади. Юқорида айтилгани – бевосита сақлов бўлими. Кейинги бўлим уларни таъмирлаш: қўлёзмалардан фойдаланиш жараёнида табиий равишда манбалар зарарланади. Шунингдек, фонд ихтиёрига ўтгунга қадар турли об-ҳаво шароитларида сақланган китоблар зарар топган бўлиши мумкин.

Одамлар орасида бир савол юради – ноёб қўлёзмалар миқдори қанча? Умуман олганда, ҳар бир кўчирилган қўлёзма ўзича ноёб, чунки унинг такрори йўқ.

Бевосита давлат раҳбарлари, хонларга ҳадя қилинадиган жуда катта форматдаги қўлёзмалар ҳам бор. Улар горизонтал ҳолатда сақланади. Ўз даврида буларнинг оғирлигига қараб, ёзган одамга ҳақ тўланган», дейди фонд мудири.

«Бизда қўлёзма асарларни реставрация қилиш билан шуғулланадиган махсус мутахассислар тайёрланмайди»

«Ноёб манбалар таъмирланадиган реставрацион лабораторияда барча қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва босма асарлар таъмирланади. Ходимлар – асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчилари. Лекин у ерда ҳам қўлёзма асарларни реставрация қилувчи махсус йўналиш йўқ. Шу маънода бу йўналишда миллий кадрларни етиштириш долзарб ҳисобланади.

Ҳозирча бу борада устоз-шогирд тизими асосида бакалавр, магистр талабаларини фондга жалб этиб, мутахассис тайёрлаб келмоқдамиз.

Тарихий ҳужжатларни реставрация қилишда, аввало, консервация амалиётини бажаришади, яъни қоғозни мустаҳкамлаш ишини қилишади. Кейин қисмларни бутлаш учун махсус япон қоғозидан фойдаланишади.

Бу ходимдан катта масъулиятни талаб этади, шунинг учун ҳам тажрибага эга, малакали, синовлардан ўтган ходимларга асл нусхадаги манбалар берилади.

Бизда тарихий ҳужжатларни таъмирлаш ва тадқиқи бўйича махсус лойиҳа бор. Унда қўлёзмалар фондидаги 5 мингга яқин тарихий манбалар рўйхатини қилиб, уларнинг зарарланган қисмларини ўрганиб чиққанмиз. Ҳозирда бу борада ишлар давом этмоқда. Бир манбани таъмирлаш учун 2-3 ойдан ярим йил-бир йилгача вақт кетиши мумкин», – дейди Шарифжон Исломов.

«Сканер бўлимида 20 та мутахассис ўрнига 3 киши ишламоқда»

«Сканер бўлимига келган китоблар биринчи навбатда регистрация қилинади. Франциядан айнан қўлёзма асарларнинг фотонусхаларини яратиш учун сканерлар келтирилган. Агар қўлёзма варақлари қатлари тўлиқ очилса, китобга жиддий шикаст етиши эҳтимоли бўлади. Шу боис уларни 120 градусда очилган ҳолатда сканер қилиш халқаро миқёсда қабул қилинган.

Бунинг афзалликларидан яна бири бошқа сканерлар каби кучли нур бермайди, асосан камералар суратга олади ва программа орқали бирлаштирилиб, электрон вариант тайёрланади. Сканерланган китоблар серверга юборилади, у ерда китобнинг асл ҳолатдагиси билан бир хилда рақамланади.

Ҳар бир бўлимни, жараённи ўз ечимини кутаётган муаммолари бўлади. Бизда биринчи навбатда кадрлар масаласи турибди. Шунақанги ноёб манбаларни электронлаштиришга қизиқиши бор, шу жараёнда ишлаган кадрлар билан тўлдиришимиз керак. Бу ерда камида 20 нафар мутахассис электронлаштириш билан шуғулланиши зарур. Афсуски, ҳозирда 3 мутахассис ишлайди, бу билан улкан фондни қисқа муддатда электрон шаклга ўтказишнинг имкони йўқ.

Оддий мутахассис буни эплаб кетиши қийин. Араб, форс тилларини билиши талаб қилинади. Бундай мутахассисни ишга жалб этиш учун эса маош ҳам шунга яраша юқори бўлиши керак.

500-600 минг сўм ойликка ишлайдиган мутахассиснинг келиши жуда қийин. Ҳатто талабалар ҳам юқори маош бўлсагина ишлаши мумкинлигини айтишади. Бунинг учун эса бизда имкон йўқ. Кадрларни ишга олишда мана шунақа тўсиқ-қийинчиликларга дуч келиб турибмиз».

«Картотека зали – қўлёзма фонд калити»

«Картотека зали қўлёзма фондимизнинг калити ҳисобланади. Яъни қайси асар қайси рақамда сақланади, мутахассис учун шуни билиш кифоя қилади. Қироатхона ходимлари эса олимга ўша қўлёзмани олиб келиб беришади.

Шу билан бирга, асосий қўлёзмалар фондининг электрон реестри интернет сайтимизда ҳам жойлаштирилган.

Баъзилар айтишади, ҳаммасини интернетга қўйсанглар бўлмайдими, ҳаммага эркинлик бўлсин, деган маънода. Бу тажриба дунёнинг бирор-бир фондида йўқ. Чунки бу – ўша давлатнинг мулки. Ҳамма ҳам биринчи ўринда ўзида шу жараённи қилишни хоҳлайди. Аксинча, буларнинг ҳаммасини нашр қилиб, ундан кейин берсак бўлади. Нашр қилинмаганларини ўзимизнинг кадрлар ўрганишини, танқидий матнлар яратишини истаймиз. Дунёнинг барча фондлари мана шу позициядан туриб ёндашишади».

«Қўлёзма китобларни сотиб олиш 3 млн сўмдан бошланади»

«Маълумки, аҳоли қўлида жуда катта миқдорда ноёб қўлёзмалар, босма нашрлар сақланади. Гувоҳи бўляпмизки, тарихий ҳужжатлар, хонларнинг ёрлиқлари ҳам чиқяпти.

Халқ қўлида сақланаётган мана шу қўлёзмаларни сотиб олиш ишлари билан ҳам шуғулланамиз. Тўловларни Инновацион ривожланиш вазирлиги амалга оширади. Биз манбаларни экспертизадан ўтказамиз. Республика миқёсида тайинланган баҳолаш комиссияси томонидан китобларнинг қийматлари баҳоланади.

Аҳолидан имкон қадар юқори қийматларда сотиб олишга ҳаракат қиламиз. Қўлёзма учун энг кам иш ҳақининг 15 баравари бошланғич нарх сифатида берилади. Қўлёзманинг кўчирилган даври, безаги, илмий аҳамиятига қараб унинг нархи ошиб бораверади», – дея маълумот берди Қўлёзма асарлар фонди мудири Шарифжон Исломов.

Йигитали Маҳмудов ва
Муҳаммаджон Ғаниев тайёрлади

Мавзуга оид