Жаҳон | 20:00 / 09.01.2020
115864
3 дақиқада ўқилади

«Бу ҳали бошланиши». Эронлик генерал Америка базаларига ҳужум бўйича изоҳ берди

IRANIAN STATE TV

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода Америка базаларига берилган ракета зарбаларидан мақсад рақиб аскарларини ўлдириш эмас, Вашингтоннинг «ҳарбий машинаси»га зарар етказиш бўлгани ҳақида гапирди.

«Бизнинг мақсадимиз қотиллик эмасди, биз рақибнинг ҳарбий машиналарини нишонга олгандик», деган IRIB телеканали томонидан трансляция қилинган конференция вақтида.

У агар Теҳроннинг мақсади қотиллик бўлганида, бундай амалиёт натижасида беш минг америкалик ўлдирилган бўлиши ҳақида қўшимча қилди.

Ҳожизода Американинг Ироқдаги базаларига берилган ракета зарбалари ҳали бутун минтақа бўйлаб давом этадиган улкан амалиётнинг бошланиши экани ҳақида маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун муносиб қасос - АҚШ ҳарбийлари Яқин Шарқдан чиқариб юборилиши бўлади.

8 январга ўтар кечаси Сулаймонийнинг ўлимига жавоб сифатида Эрон ҳарбийлари америкаликларнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари йўллади. Эрондаги давлат телеканаллари бу ҳужум оқибатида 80 нафар америкалик ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатди.

АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳужумдан 16 соат ўтиб берган баёнотида эронликларнинг ҳужуми оқибатида «бирор америкалик жабрланмагани», «фақатгина ҳарбий базалардаги объектлар минимал даражада шикастлангани» ҳақида гапирди. Трамп «Эрон, афтидан, чекинишга қарор қилгани» ҳақида қўшимча қилиб, бу давлатга «қўшимча иқтисодий санкциялар қўлланиши» ҳақида айтиб ўтди.

Бундан аввалроқ, Эрон қуролли кучлари бош штаби хавфсизлик департаменти бошлиғи Абулла Арагий эронлик ҳарбийлар душманлардан тез орада «шафқатсиз қасос» олиши ҳақида гапирганди.

The Washington Post нашри эса АҚШ маъмуриятидаги юқори мартабали манбага таяниб Эрон Американинг Ироқдаги объектларига ракета зарбаларини атайин америкалик ҳарбийлар камроқ жабр кўрадиган қилиб бергани ҳақида хабар тарқатганди.

Мавзуга оид