Ўзбекистон | 19:51 / 10.01.2020
5608
5 дақиқада ўқилади

Туризм соҳасида мавсумийлик омилини қандай камайтириш мумкин? – Туризм қўмитаси вакили изоҳ берди

Бугун, 10 январь куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йилдаги ислоҳотлар самараси ҳамда 2020 йил учун вазифаларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Тадбирда туризм статистикаси, соҳа тарғиботи ва туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, хориждаги диаспора билан ишлаш ва инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларда туризм инфратузилмасининг ривожланиши ва тадбиркорлар билан ишлаш бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирдан сўнг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Азамов Kun.uz мухбирининг соҳага оид саволларига жавоб берди.

– Тадбирдаги чиқишингиз давомида 2020 йилда Транспорт вазирлиги билан янги йўналишларда қатновлар йўлга қўйилиши ҳақида айтиб ўтдингиз. Айнан қайси йўналишлар экани бўйича маълумот бера оласизми?

Бу бўйича вазирлигимиз томонидан жуда катта ишлар олиб бориляпти. Бизга берилган имконият бу – «Очиқ осмон» имконияти. Аэропортларга янги йўналишлардан авиақатнов жалб қилиш бўйича ишлар олиб боряпмиз. Бу қайси йўналишлар? Биз учун муҳим бўлган йўналишлар – Европа мамлакатлари, Хитой, ҳатто мана Эрондан авиарейс очилди. Туркия бор, биласиз, жудаям серқатнов йўналиш. Араб давлатлари алоҳида. Бизнинг ўша зиёрат туризмига бўлган салоҳиятимизни ҳисобга олганда, менимча бу йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш туризмга катта фойда бўлади ва олдимизга қўйган мақсадимиз туристлар сонини яқин 2-3 йил ичида 10 миллионга олиб чиқишга эришишимиз учун авиақатнов жуда ҳам муҳим. Биз бунинг устида биргаликда иш олиб боряпмиз. 2020 йилда бу иш давом этади, янги-янги ишлар бўлади.

– Туризм соҳасида 2019 йилда мавсумийлик омили камайгани бўйича маълумотлар тақдим этилди. 2020 йилда бу бўйича яна қандай ишлар амалга оширилади?

Соҳадаги мутахассислар яхши билишади, авваллари мавсумийлик омили жуда катта муаммо эди. Сайёҳлар асосан баҳор, куз ойларида келишар, ёз ва қиш мавсумларида меҳмонхоналаримиз деярли бўш бўлар эди, фаолияти тўхтарди. Бўш бўлди дегани нима? Ўша меҳмонхона ишчиси ҳам маълум вақт таътилга чиқиши керак. Ҳозир бу кескин равишда ўзгарди. Нимага? Чунки Ўзбекистон дунёга очилди. Бунинг натижасида бизнес туризм йўналиши ривожланди.

Бизнес туризм деганимизда чет элдан тадбиркорлар, инвесторларнинг келиши, юртимизда турли форумлар ташкил этилиши натижасида мавсумийликнинг камайишига ҳисса бу аслида. Президентимиз ташаббуслари, бошчилигидаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёга юзини очди. Бунинг натижасида кўпроқ турист келганининг ҳисобига ҳам мавсумийлик омили камайди. Биз туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш бўйича [ишларни амалга оширяпмиз]. Конгресслар ва кўргазмалар унитар корхонамиз очилди. Айнан шу мақсадларга йўналтирилган.

Қиш мавсумида конференциялар, ярмаркалар ўтказиш ва бу орқали мавсумийлик омилини камайтириш мақсад қилинган. Қиш туризми, тоғ туризми, масалан Амирсойга ўхшаган курортлар бўлса, мавсумийликни камайтиришга хизмат қилади. Ўша йўналишларнинг устида тизимли равишда қўмита томонидан иш олиб бориляпти.

– Ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Биламизки, шундай вилоятлар бор, у ерда туристларнинг оқими камроқ. Айнан шундай жойлар бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланганми? Мазкур йўналишда нима ишлар олиб борилмоқда?

Баъзи ҳудудларга нимага туристлар камроқ боради? Авваламбор, туризм инфратузилмага боғлиқ нарса. Ўша сиз айтган салоҳияти бор, лекин турист кам бораётган бўлса, демак туризм инфратузилмаси ривожланмаган. Бу биринчи навбатда транспорт билан боғлиқ. Етиб бориш имконияти йўқ. Тўғридан тўғри авиақатнов йўқ. Тезюрар поезд йўқ. Ана шу сабабли бўлади.

Иккинчи масала – бу туризм маҳсулоти йўқлиги. Салоҳият бор, лекин маҳсулот сифатида туристга тақдим этилмаганлиги.

Биринчи йўналиш бўйича. Биласиз, республика доирасида инфратузилмани ривожлантириш бўйича катта лойиҳалар амалга ошириляпти. Туризмга бу авваламбор ёрдам бўлади. Ўша Хонобод-Мўйноқ йўналиши – Сурхондарё туризм коридори. Бу сиз айтган муаммони аслида ҳал қилади.

Иккинчи томондан, ўша биз айтган маҳсулотлар. Тадбиркорларимизнинг ташаббуслари билан, қабул қилинаётган қарорлар билан туризм маҳалласи, туризм қишлоғи каби лойиҳалар шунга йўналтирилган. Чекка-чекка ҳудудларга туристлар етиб бориши ва туризмдан келадиган ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий фойда тўғрироқ тарқалсинки, келажакда келадиган туристлар сонини кескин оширсак, оғирлик, юк фақат Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимизга тушиб қолмасин.

Мавзуга оид