Жаҳон | 01:41 / 11.01.2020
38481
2 дақиқада ўқилади

Африканинг энг бой аёли азалдан Россия фуқароси эканлиги маълум бўлди

Фото: Reuters

Ангола собиқ президентининг қизи, Африканинг энг бой аёли Изабель душ Сантуш туғилганидаёқ Россия фуқаролигига эга бўлган. Бу ҳақда Россия ИИВга таяниб «РИА Новости» хабар қилди.

«Мазкур шахс Россия фуқаролигини олмаган, чунки унда фуқаролик илгаритдан бўлган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ қатор ОАВ душ Сантуш Анголада ўзига нисбатан жиноий иш бошланганидан кейин Россия фуқаролигини олгани тўғрисида хабар тарқатганди. 

У ТАСС мухбири билан суҳбатда унда азалдан Россия фуқаролиги бўлганини маълум қилди.

«Мен туғилибоқ Россия фуқароси бўлганман», — деди у.

Ангола суди Изабель душ Сантушга нисбатан ўтган йил охирида иш қўзғатганди. 31 декабрь куни унинг ва турмуш ўртоғининг ҳисобрақамларига тақиқ қўйилди. Ангола бош прокуратурасининг таъкидлашича, у давлат ғазнасига 1 млрд доллардан ортиқ зарар келтирган шубҳали операцияларни амалга оширишда гумон қилинмоқда.

Душ Сантуш 2016–2017 йилларда Анголадаги энг йирик Sonangol давлат нефть компаниясини бошқарган, раҳбарликдан бўшагач эса мамлакатни тарк этган. Exspresso газетасининг ёзишича, у турмуш ўртоғи Синдика Доколо билан бирга Дубайга кўчиб ўтган.

Изабель душ Сантуш 1973 йилда Бокуда Жозе Эдуарду душ Сантуш ва пензалик Татьяна Куканова (ҳозирда Британия фуқароси) оиласида дунёга келган. Унинг отаси 1979 йилдан 2017 йилгача Анголага президентлик қилган. 

Forbes журнали маълумотига кўра, Изабель душ Сантушнинг бойлиги 2,2 млрд доллар бўлиб, у Африканинг энг бой аёли ҳисобланади. 

Душ Сантуш Россия фуқароси эканлиги инобатга олинадиган бўлса, у россиялик энг бой аёл ҳам ҳисобланади. Forbes ўтган йили Москва собиқ мэрининг собиқ рафиқаси Елена Батуринани Россиянинг энг бой аёли деб топганди (1,2 млрд доллар).

Мавзуга оид