Жаҳон | 15:58 / 29.11.2023
14031
8 дақиқада ўқилади

56 та хавфли бурилишли йўл, сокин Тундавала ва ўзига хос бозор. Кўпчиликка нотаниш Анголанинг Лубанго шаҳри ҳақида

Бу жойни кўпчилик билмайди. Африка қитъасининг қуйи чап бурчагида, Намибиянинг чўлли ҳудудига етмасдан яшил, иқлими мўътадил бўлган Лубанго жойлашган. Шубҳасиз, бу қитъадаги энг гўзал жойлардан бири.

Фото: AP

Лубанго — Ангола жануби-ғарбидаги Ҳуила провинциясида жойлашган. Шаҳар аҳоли сони бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туради. У ўзига хос тарих, маданияти ва гўзал манзараларни ўзида мужассам этади.

Шаҳар денгиз сатҳидан 1760 метр баландликда жойлашган. Лубанго Анголадаги энг салқин шаҳарлардан бири. Бу ерда ўртача ҳарорат Целсий бўйича 8-31 даражани ташкил этади. Ўз ўрнида бу мамлакатнинг бошқа қисмларида етиштириш мушкул бўлган экинларни етиштириш имконини беради.

Лубанго авваллари Са да Бандейра номи билан машҳур бўлган. Боиси шаҳар 1885 йилдан кейин Португалиянинг Мадейра оролларидан келган мустамлакачилар учун асосий аҳоли пунктига айланганди.

Ҳозирда минтақада қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ривож топган. Бунга турли таомлар, ёки маҳаллий пишлоқлар, эски португал чоризо колбасаларини татиб кўриб ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Лубанго сайёҳлик имкониятлари сабаб Анголанинг энг муҳим шаҳарларидан бири. Чунки ҳудуд мамлакатдаги бошқа шаҳарлар билан автомобил ва темирйўл орқали боғланган. Бу ерда халқаро аэропорт ҳам бор. Ундан мамлакат пойтахти Луанда, бошқа шаҳарларга ва Намибия пойтахти Виндҳукка ҳам рейслар йўлга қўйилган.

Бу ерга келган сайёҳлар ўзига хос бой тарих, арт-деко услубида мустамлака даврида бунёд этилган биноларга дуч келади. Шаҳарга жуда кўп этник гуруҳлар савдо-сотиқ ёки бошқа шаҳарга жўнаб кетиш учун келиб-кетиб туради. Маҳаллий аҳоли мумуилалар банту тилларида сўзлашади. 

Қитъанинг бошқа жойларидан фарқли ўлароқ, бу ерда кўп миллатли этник гуруҳлар тинч-тотув ҳаёт кечиради. Бу ҳатто шаҳарлар чегараларидаёқ кўзга ташланади.

Аҳолининг аксарияти кўчманчилар бўлиб, ўзларининг анъанавий турмуш тарзига содиқ ҳолда ҳаёт кечиради. Улар бундан ғурурланади, ранг-баранг либослари, бетакрор, рамзий маънога эга тақинчоқлари ва соч турмаклари билан ажралиб туради.

Бу сеҳрли жой. Лубангодаги турли этник гуруҳларнинг паради эса ўзига хос бой тажриба”, — дейди шаҳарга мунтазам келиб турадиган тадбиркор аёл Флоринда Рамос. 

Луандалик инженер-эколог Розмер Луис яқинда иш билан Лубангода бўлди. У ҳам шаҳардан ҳайратга тушганини яширмади. “Лубанго — туризм учун ажойиб жой. Диққатга сазовор жойлар, ҳам табиий, ҳам сунъий ландшафтлар нуқтаи назаридан хавфсиз, хилма-хилликка тўла маскан. Менга шаҳар ичидаги ва ташқарисидаги бозорлар, мафтункор тоғлар жуда ёқди”, — дейди Луис.

Қуйида Лубанго ва унинг атрофида ташриф буюриш мумкин бўлган энг яхши 6 та жой ҳақида билиб оламиз.

Тундавала

Анголанинг асосий мўъжизаларидан бири Тундавала дарасидир. У Лубангодан 18 км шимоли-ғарбда, қўшни Намибе провинцияси билан чегарада жойлашган. Маҳаллий аҳоли Тундавалани ота-боболарининг руҳи паноҳ топадиган маскан деб ҳисоблаб келади. Меҳмонлар бу ернинг ўзига хос кўринишидан ҳайратга тушади. Чунки унинг ўзига хос флораси бор. Тошлар орасида ўсадиган орхидеялар ҳар бир ташриф буюрувчининг ҳайратига сабаб бўлиши аниқ. Ҳавоси жуда тоза, агар омад келиб қолса, бургут ва тоғ маймунларини кўриш мумкин. Маҳаллий аҳоли шаҳар шовқинидан бироз бўлса-да тин олиш учун дам олиш кунлари Тундавалага келади. Улар бу ерда яқинлари, дўстлари билан чақчақлашиб ёки шунчаки қуёшнинг ботишини томоша қилиб завқланиши мумкин. 

Тундавала ёш келин-куёвлар учун ҳам ўзига хос жой. Улар бу ерга тўй суратлари олиш учун келади.

Серра да Леба

Лубанго шаҳри марказидан ғарбда тахминан 50 километрлик йўл Серра да Леба тоғларига сизни элтади. Мазкур тоғ чўққилари баландлиги тахминан 2650 метргача етади. Бироқ бу ерда кишини ҳайратлантириши мумкин бўлган нарса тоғлар эмас, балки унга олиб борадиган йўлнинг ўзи. 

1970 йилда мустамлакачилар томонидан Лубангони Намибе провинцияси билан боғлаш мақсадида мазкур йўл бунёд этилади. Бу мамлакатдаги энг чиройли йўл, агар бутун Африка қитъасидаги бўлмаса. Шунингдек, Анголадаги энг машҳур жойлардан бири ҳамдир. 

Серра да Лебага яқинлашганда йўл Ҳуила платосидан бурилиб, олдиндаги 20 км масофада 1600 метр пастга қараб тушади. Пастга тушишда эса бошни айлантириб юборадиган 56 та бурилиш амалга оширилади. Бу ўз ўрнида Европа Алп тоғларидаги бурилишлар билан рақобатлаша олади дегани.

Мазкур муҳандислик мўъжизасини яқин орадаги тоғлардан янада яхшироқ кўриш, кузатиш мумкин.

Йўлда давом этилса, кейинги 160 км масофада гўзал яшиллик ўз ўрнини дунёнинг энг қадимги чўлларидан бўлган Намибия қумликларига бўшатиб беради. Бу ерда эса мукубал халқи яшайди. 

Лубанго шаҳри бозори

Бозор биноси шаҳар марказида жойлашган. У ҳам мустамлака вақтида бунёд этилган. Бино унчалик катта эмас. Ён атрофи кичик дўконлардан иборат, марказда яримочиқ шаклдаги расталар. Бозорга маҳсулотлар ва албатта атмосфераси учун ҳам ташриф буюриш керак. 

Бозорда мавсумий озиқ-овқатлардан тортиб, асосан, аёллар томонидан етиштирилиб, сотиладиган гулларни ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, бозорда қўл меҳнати билан тайёрланган саватлар, ҳар хил доривор ўсимликлар ҳам бор. Маҳаллий табиий асални ҳам шу бозордан олиш мумкин.

Шаҳар маркази меъморчилиги

Анголанинг беқарор тарихи сабаб Лубангода ўзига хос архитектура қиёфаси пайдо бўлган. Бу ердаги қаҳвахоналар, ресторанларда меъморчиликнинг қарама-қарши услублари аралашмасини кўриш мумкин. Бу ўз навбатида динамик шаҳар ландшафти пайдо бўлишига замин яратган. Португалия мустамлакачилигидан қолган биноларни кўриш мумкин.

Ҳатто ўтган асрдаги баъзи бинолар сақланиб қолган. Арт-деко услубини кўп жойларда учратиш мумкин. Буни 1939 йилда қурилган Сан-Хосе ибодатхонасида кўриш мумкин. Бундан ташқари, CТТ почта бўлими, Одеон театрида ҳам арт-деко яққол сезилади.

Исо Масиҳ ҳайкали

Одатда Лубангога келган меҳмоннинг биринчи нигоҳи қўлларини уфққа қараб чўзиб турган Исо Масиҳ ҳайкалига тушади. Ҳайкал Рио де Жанейро ва Лиссабондагилари каби тепаликда жойлашган. Унга 2130 метр баландликдаги Серра де Чела тоғи тепасидан жой берилган.

Монументнинг баландлиги 30 метрга тенг. У 1957 йилда португалиялик Мадейра Фразау Сардиня лойиҳаси асосида бунёд этилган.

Ҳайкал 2014 йилда Анголанинг жаҳон мерослари рўйхатига киритилган. У шаҳар марказидан бир неча дақиқа узоқликдаги масофада жойлашган. Бу Лубангони тўла-тўкис ҳолда кўриш, шаҳар шовқинини ташқаридан ҳис-қилиб кўриш учун энг мақбул нуқта ҳисобланади.

Ҳуила ҳудудий музейи

Музей 1950 йилда очилган. Бу ерга кирган меҳмон кўз олдида Лубанго тарихи жонланади. 

Музей тематик хоналарга ажратилган. Уларда Ангола жанубидаги одамларнинг урф-одатлари, анъаналари, эътиқодларини кўриш мумкин.

Меҳмонлар музейда заргарлик буюмлари, тўқимачилик, кулолчилик, қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, овчиликка оид кўплаб бошқа буюмлар билан танишиш имкониятига эга.

Мавзуга оид