Жаҳон | 17:38 / 11.01.2020
82436
4 дақиқада ўқилади

Теҳрон осмонидаги фожиа тафсилоти: 176 кишининг ўлимига ҳарбий операторнинг хатоси сабаб бўлган

Космик кучлар қўмондони сўзларига кўра, Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Украина самолётини қанотли ракета деб баҳолаган. Оператор қўмондонлик билан боғланиши керак эди, аммо у буни қилмаган

Фото: AP Photo/Ebrahim Noroozi

Ислом инқилоби соқчилар корпусининг (ИИСК) Ҳарбий-космик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизоданинг маълум қилишича, Теҳрон яқинида ҳалокатга учраган Украинанинг Boeing самолёти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими оператори томонидан қанотли ракета сифатида баҳоланган, аммо алоқадаги носозлик сабабли у бу ҳақда қўмондонликка хабар бермаган ва мустақил равишда лайнерни ракета ёрдамида уриб туширишга қарор қилган. Бу ҳақда IRNA хабар бермоқда.

«Ёки халал берувчи шовқинлар тизими ишлаб кетган, ёки тармоқ банд бўлган, аммо у алоқани ўрната олмаган. У беш сония ичида қарор қабул қилиш имкониятига эга эди. Афсуски, нотўғри қарор қабул қилди ва самолёт ракета билан уриб туширилди», - деди генерал.

Амир Али Ҳожизода

Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳарбийлари Ироқдаги АҚШ базаларига зарбалар вақтида ҳаво ҳаракатини ёпиб қўйиш ҳақида сўрашган, аммо бу талаб эътиборга олинмаган. Ҳожизоданинг таъкидлашича, АҚШ Эронга зарба бериши эҳтимоли бўлгани туфайли ҳарбийлар юқори жанговар шайлик ҳолатида эди. Украинанинг Boeing самолёти, оператор томонидан берилган маълумотга кўра, қанотли ракета сифатида нотўғри баҳоланган ва кейинчалик уриб туширилган. Ҳожизоданинг айтишича, авиалайнер қисқа масофага мўлжалланган ракета билан уриб туширилгани учун ИИСК жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олади. Генералнинг қўшимча қилишича, ҳалокат ҳақида эшитганида «ўлишни хоҳлаган».

7 январдан 8 январга ўтар кечаси Эрон генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлими учун қасос олиш мақсадида, Ироқ ғарби ва шимолидаги АҚШ ҳамда халқаро коалиция объектларига зарбалар берди. АҚШ президенти Дональд Трамп «Теҳрон ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартирмагунча» Эронга қарши янги қаттиқ санкциялар жорий этилиши ҳақида ваъда берди. Икки мамлакат ўртасидаги кескинлик авж олган бир пайтда, 8 январь куни «Украина халқаро авиайўналишлари»нинг Теҳрондан Киевга парвоз қилган Boeing 737-800 самолёти Эронда қулади. Самолёт бортида 176 киши бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлди. Йўловчилар орасида Канада, Украина ва Эрон фуқаролари бор эди.

Бир қатор Европа мамлакатлари, шу жумладан, Украина ҳам самолётга ракета зарбаси берилгани ҳақида маълумот борлигини маълум қилди. Шу билан бирга, Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, шунингдек, АҚШнинг қатор оммавий ахборот воситалари разведка хизмати ва Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Эрон ракетаси самолётни тасодифан уриб туширган бўлиши мумкинлигини билдиришди.

11 январь куни Эрон расмийлари Теҳрон яқинида «Украина халқаро авиайўналишлари»нинг самолёти «тасодифан» уриб туширилгани тўғрисида хабар беришди. Эрон расмийларининг маҳаллий телевидение орқали тарқатилган расмий баёнотида таъкидланишича, фожиага «инсон омили» сабаб бўлган. ISNA агентлиги томонидан тарқатилган баёнотда билдирилишича, Теҳрон осмонидаги фожиа АҚШ томонидан ракета ҳужумлари таҳдиди ва Эрон чегаралари яқинида АҚШ ҳарбий авиациясининг парвозлари ортиши фонида содир бўлган.

Украина президенти Владимир Зеленский расмий Теҳрондан уриб туширилган Boeing учун «айбни тўлиқ тан олишни» талаб қилди. У Киевнинг Теҳронга қўйган бешта талабини санаб ўтди: Эрон «тўлиқ ва очиқ» тергов ўтказишга ваъда бериши керак; айбдорларни жавобгарликка тортиши шарт; ҳалок бўлган украиналикларнинг жасадларини қайтариши лозим; товон тўлаб бериши керак; дипломатик каналлар орқали расмий узр сўраши лозим.

Мавзуга оид