Жамият | 19:19 / 21.01.2020
31933
16 дақиқада ўқилади

«Илм давлат бюджетига қараб қолса, ривожланиш бўлмайди» — Дилфуза Эгамбердиева билан суҳбат

Илм ва олимлик машаққатли йўл. Бежиз уни нина билан қудуқ қазишга тенглашмайди. Kun.uz олимлар билан суҳбатлар лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалик фанлари доктори Дилфуза Эгамбердиева билан суҳбат уюштирди.

Кўп йиллар давомида илмий фаолиятини хорижий илмий муассасаларда ўтказган олима қишлоқ хўжалигида биологик ўғитларни кенг жорий этиш, уни ривожлантиришга оид тадқиқотлар олиб боради. Ўтган йили «мақолаларига энг кўп иқтибос келтирилган олима» сифатида «Scopus award - 2019» мукофоти билан тақдирланган.

Дилфуза Эгамбердиева суҳбат давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида қилинаётан ва қилиниши зарур ишлар, таклиф ва тавсиялар, шунингдек, аёл олима бўлиш қийинчиликлари, илмдан ҳаёт мазмунини қидирган инсон кечинмалари ҳақида гапириб ўтди.

— Илм йўли жудаям қийин ва машаққатли дейишади. Сиз буни танлашингизда нима туртки берган, ким сабаб бўлган?

Мен ҳеч қачон илм йўлидан кетаман, деб орзу қилмаганман. Ёшлигимда шифокор бўлишни орзу қилардим. Ўрта мактабни аъло баҳоларга битириб, тақдир тақозоси билан Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факултетига ўқишга кирганман.

Университетни тамомлагандан сўнг ЎзФА Микробиология институтига ишга кирдим ва илк бор илмий фаолиятимни бошладим. Лекин илмий тадқиқот институтда ишласам-да, илмни мантиқан тушунмасдим.

Мустақиллик йилларида бир неча ҳамкасбларим хорижда малака ошириб кела бошлашди ва мен ҳам 1998 йилда Германияга аспирантурага кетганман. У ерда менга немис аёли профессор Гисела Ҳофлих раҳбарлик қилди. У меҳнаткаш, қаттиққўл, талабчан аёл эди. Мана шу аёл менга илм эшигини очган инсон десам муболаға бўлмайди. Менга бу аёл нафақат илмий раҳбар, балки ҳаёт дарсини ҳам ўргатган, ўзимга бўлган ишончни, ҳурматни шакллантирган инсон ҳам дея оламан.

Менга айтган гапларини доим эслайман: «Ҳаётингни кўп қисми ишда ўтади, агар сен илмга бир ҳобби деб қарасанг, бундан завқ ола билсанг, яшаётганингни ҳис қиласан, меҳнат қилаётганингни эмас. Илм орқали сен ҳаётда ўзингни топишинг мумкин, бутун дунёни танишинг мумкин — ҳар томонлама етук, дунёқараши кенг бир инсон бўласан». Бу аёлнинг сўзлари менинг илмий фаолиятимдаги энг катта стимул бўлган дея оламан.

— Нима сабабдан қишлоқ хўжалиги соҳасини танлагансиз, сизни нимаси билан қизиқтирган?

Қишлоқ хўжалиги дунёни боқади, демакки, озуқа манбайи. Инсониятнинг соғлиги озиқ-овқат сифатига жуда боғлиқ, албатта. Айтиб ўтганимдек, шифокор бўлишни жудаям хоҳлардим, аммо касбимни ўзгартирганим билан, хоҳишим ўзгармаган. Бу соҳада ҳам экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, яъни сабзавотлар, мевалар етиштириш технологияси ва тўғри овқатланиш каби илмий ишлар билан шуғулланишга қарор қилганман.

Бизга маълумки, бугунги кунгача кўп мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда инсон саломатлигига зарарли бўлган кимёвий воситалар кенг қўлланилади. Бу эса ўз-ўзидан аҳоли ўртасида турли касалликларни айниқса саратон касаллиги кўпайишига олиб келмоқда.

Айниқса, далаларда меҳнат қиладиган аҳоли орасида касалликлар кўп учрамоқда. Бундан ташқари, бундай кимёвий воситалар атроф муҳитни ифлослантирмоқда, ҳашаротлар турларининг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Бу ўз-ўзидан табиатдаги мувозанатга салбий таъсир кўрсатади, албатта.

Шу сабабли кўпгина ривожланган мамлакатларда кимёвий воситалардан воз кечиб, биологик тоза ўғитларга қизиқиш ортмоқда. Катта халқаро компаниялар – Monsanto, Novozymes, Basf биологик ўғитлар яратишни йўлга қўйди ва ишлаб чиқармоқда.

Европа мамлакатларидаги супермаркетларга аҳамият берсак, био маҳсулотлар қимматроқ нархда сотилади, чунки кимёвий воситалардан фойдаланилмаган. Бутун дунёда органик қишлоқ хўжалиги кенг миқёсда ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистонда бу соҳа деярли ривожланмаган ва кўпгина фермер хўжаликлари биологик ўғитлар ҳақида тушунчага эга эмас. Биз ҳам кимёвий воситалардан фойдаланишни камайтириб, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришимиз жуда зарур, бу эса ўз-ўзидан халқимиз саломатлигини кафолатлайди. Шу сабабли мен қишлоқ хўжалик маҳсулотлари этиштиришда биологик ўғитлар ва биопестицидлар яратишга жудаям қизиқаман.

— Аёл олима бўлиш жуда қийин дейишади. Аёл-она-олима – сиз буни қандай уддалагансиз?

Аёл кишига нафақат илмда, ҳамма соҳада ҳам карьера қилиш осон эмас. Чунки аёл, аввало, уй бекаси, кейин эса она. Бола тарбияси, кундалик юмушлар аёлнинг асосий вақтини олади. Мана шу мажбуриятларидан вақт орттириб илм қилиш эса жуда катта сабр-тоқат талаб қилади.

2005 йил, энди илмий каръерамни бошлаган вақтларда Австрияга илмий сафар қилганман, у ерда бир неча ташкилотлар раҳбари ва Австриянинг вазир ўринбосари маъруза қилган эди. Бир журналист шундай савол берган: «Сиз ҳам она, ҳам уй бекаси бўлиб, қандай қилиб бир неча ташкилотга раҳбарлик қиласиз, давлат бошқарувидасиз, шу билан бирга илмда ҳам фаолият олиб борасиз?» деганда, «Катта сабр тоқат билан» деб жавоб берганди. Ўша аёлга жуда ҳавас қилгандим ва аёл киши сабр-матонати билан жуда катта қирраларга эришиш мумкинлигига ишонганман.

Қўшимча қилиб шуни ҳам айтишим керакки, аёл киши илмга ёки ўзи севган касбига меҳр қўйиши уни кундалик ҳаётдаги турли муаммолар ёки атрофдаги нохушликлар, одамлар билан салбий муносабатлардан анча сақлайди.

Вақтимни ҳеч қачон беҳуда нарсаларга сарфламайман, ғийбатни, бекорчиликни ёқтирмайман. Инсон ҳар бир кунини мазмунли ўтказиши керак, деб ўйлайман. Айтишадику, шундай яшагинки, йиллар ўтиб ўтмишингга назар солганингда мароқ билан эслайдиган кунлар бўлсин.

Босиб ўтган йўлим жудаям ранг-баранг, одамларга ҳавас қилиб яшадим, ҳасад қилиб эмас. Менимча, йиллар давомида шаклланган ўзимга ишонч, ўз фикримга эга бўлишим, олдимга қўйган аниқ мақсадларим халқаро даражада олима аёл бўлишимга олиб келган.

Болалар ўқиб эмас, кўриб, ҳис қилиб ўрганади, дейишади. Фарзандларим мен билан турли давлатларда бўлишади, халқаро конференцияларда маърузаларимда қатнашишади, олимлар, дўстларим билан мулоқот қилишади, ҳаттоки лабораторияларда ҳам бўлишади. Мана шу нарса уларда мустақил фикрлашни, дунё танишини ва илмга қизиқишини орттирган.

— БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги экспертлар кенгаши аъзоси сифатида, қишлоқ хўжалигимизда қандай технологиялар муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайсиз?

БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги экспертлар кенгашидаги фаолиятимда Қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар ва озиқ-овқат таъминотини яхшилаш бўйича ишлар олиб бордик. Ҳар бир минтақа учун ўзгача технологиялар таклиф этилади.

Маълумки, Марказий Осиёда қурғоқчилик, ерларнинг шўрланиши ва ҳарорат кўтарилиши муаммолари мавжуд. Шу боис қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда қурғоқчиликка, шўрга чидамли навлар яратиш; ерларимиз ҳолатини яҳшилаш учун алмашлаб экишни йўлга қўйиш; ўсимлик касалликларини ҳимоя қилишда биологик технологиялар яратиш; ўсимлик ҳосилдорлигини оширишда биологик ўғитлар яратиш технологиясини ишлаб чиқиш; кимёвий воситаларни камайтириб, органик қишлоқ хўжалигини шакллантириш каби ишлар олиб борилиши керак.

Шу билан бирга, озуқа сифатида истеъмол қилинадиган сабзавот экинлар турларини кўпайтириш, иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, ўрмончиликни ривожлантириш, кўпроқ дарахтлар экиш лозим. Энг асосийси фермерлар билимини оширишимиз жуда зарур.

— Сиз қилаётган илмий ишларнинг жамиятимизга қандай фойдаси бор ва муҳимлиги нимада?

Айтиб ўтганимдек, ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда, ўсимликлар касалликларига қарши қўлланилаётган кимёвий воситалар инсонлар саломатлигига салбий таъсир этмоқда ва турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Биз олиб бораётган илмий ишларимизнинг асосий мақсади – қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда биологик ўғитлар ва биопестицидлар яратиш. Бундай биологик ўғитлар ўсимликни турли касалликлардан ҳимоя қилади, ўсишини жадаллаштиради, шу билан бирга шўрга ва қурғоқчиликка чидамлилигини оширади.

Қишлоқ хўжалигида бундай биологик воситалар, авваламбор экологик тоза маҳсулот этиштиришда ва бўш ерларни қайтадан ободонлаштиришда катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон миллий университети, Биология факультетида лабораториямиз мавжуд, у ерда профессор Қаҳрамон Давранов раҳбарлигида илмий гуруҳ иш олиб боради ва у ерда яратилган биологик ўғитлар турли вилоятлардаги фермер хўжаликларида қўлланилмоқда.

2019 йил биз учун жудаям муҳим йил бўлди: Марказий Осиёда биринчи марта Халқаро био-ўғитлар конференциясини ўтказдик, дунёнинг турли мамлакатларидан олимлар, халқаро фирмалар раҳбарлари ташриф буюришди. Бир неча халқаро фирмалар билан меморандумлар имзоланди.

Илмий фаолиятимга 20 йил бўлган бўлса, мен доим орзу қилардим, мана шу илмий натижаларимни амалиётга татбиқ қилиш, жамиятга фойдаси тегишини жудаям хоҳлардим. 2019 йилда бизнес партнёрим Мақсуд Саидов билан бирга Ўзбекистонда «Ecobiome R&D» фирмасини очдик, ҳамкорларимиз ҳозирда кўпаймоқда.

Илм давлатнинг бюджетига қараб қолса, унда ривожланиш бўлмайди. Шунинг учун ривожланган давлатларда катта-катта фирмалар даромадининг 40 фоизини илмга йўналтиради.

Фирмамизнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда етиштириладиган барча сабзавот, мевалар ва доривор ўсимликларнинг касалликларини аниқлаш ва биологик ҳимоя воситаларини яратиш, ҳосилдорлигини ошириш, шу билан бирга, бўш ерларни ободонлаштиришда инновацион технологиялар яратишдан иборат.

Бундай биологик ўғитлар авваламбор экологик тоза маҳсулотлар етиштиришга, атроф-муҳитни кимёвий воситалар билан ифлосланишининг олдини олишга ёрдам беради. Шу билан бирга, бўш ер майдонларидан оқилона фойдаланиб, экспорт қилиш мумкин бўлган доривор ўсимликларни етиштиришда катта аҳамиятга эга. Биз кўпроқ фермерлар билан бирга ҳамкорликда ишлаймиз, келажакда уларга янги теxнологиялар бўйича мастер курслар, турли семинарлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз.

— Бизда илм-фанни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун яна нималар қилиниши керак, деб ҳисоблайсиз?

Биз қайсидир соҳани ривожлантирар эканмиз, дунёдаги энг илғор давлатлар системасини ўрганиб чиқишимиз керак. Давлатимизда илм-фанни ривожлантиришда мен авваламбор илмий даража беришни тўлиқ ислоҳ қилиш керак, деб ўйлайман. Масалан, илм-фан ривожланган давлатларда илмий даража университетлар томонидан берилади, бунинг афзалликлари жуда кўп: илмий ишларни сифати яхшиланади, ортиқча зарурияти бўлмаган қоғозбозликка барҳам берилади, аспирант ва докторантларни асосий вақти кераксиз 15-20та босқичларни бажаришга эмас, аксинча илмий изланишга қаратилади.

Аспирант, докторант ёки ёш олимларга энг муҳими – уларнинг ўз устида ишлаши учун вақт, илмий тадқиқотлари учун маблағ, уларга кучли билимга эга илм йўлини тўғри кўрсатиб, қўллаб-қувватлайдиган раҳбар керак. Мана шундагина илмий ишларнинг сифати яхшиланади.

Олий таълим муассасаларида илмий фаолият олиб борадиган ўқитувчи ёки профессорларга ҳам, SCOPUS рўйхатига кирган журналларда мақола чоп этиш мажбурияти эмас, уларга авваламбор илм билан шуғулланиши учун вақт, лабораториялар, шароитлар ва маблағ керак. Мана шу имкониятлар бўлсагина олимлар халқаро даражада мақолалар чоп эта олишади.

Иккинчи муҳим нозик масала – тажрибали кадрлар. Хорижда иқтидорли ўзбек олимлари жуда кўп, ёшлар кўп, уларга шароитлар яратиб берилиши керак, уларга имкониятлар берилиши керак, ўз дастурлари билан ватанимиз илм-фанига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин. Энг асосийси, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилади, бу эса ўз ўзидан улар тажриба орттирган давлат билан бирга ишлаш имкониятини беради.

Яна бир муҳим масала, бу олий таълим муассасаларининг халқаро бўлимлар фаолиятидир. Бу бўлимга мутахассисларни жалб қилиш керак, халқаро фондлар, грантлар, стипендиялар, халқаро ассоциациялар, ташкилотлар, илмий уюшмалар, халқаро фирмалар фаолияти билан таниш ва улар билан ҳамкорлик ўрната оладиган мутахассислар жуда муҳим.

— Илмий карьерангизда энг оғир ва қувончли лаҳзалар нималар бўлган? Келажак мақсадларингиз нима ва уларни қандай амалга оширмоқчисиз?

Мен жудаям омадли, бахтли аёлман, деб ўйлайман. Ҳаётимда меҳрибон устозлар ва ҳақиқий дўстлар учради. Илмий фаолиятим давомида 40дан ортиқ мамлакатда бўлдим: Германия, Финландия, Англия, Италия, Голландия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари университетларида илмий фаолият олиб бордим. Катта халқаро лойиҳаларга кординаторлик қилдим.

Унутилмас кунларим бўлган, Францияда тақдим этилган UNESCO L’OREAL «Олима аёл» мукофоти ва Бутунжаҳон Фанлар Академиясининг қишлоқ хўжалиги бўйича Аргентинада тақдим этилган мукофотлари ҳаётимда унутилмас кун бўлиб қолган. Ўзбекистондан аёл кишининг илмий ишлари билан дунёга танилиши бу, албатта, катта нарса.

Мен жуда кўп халқаро мукофотлар олганман, аммо 2019 йил Ўзбекистонда тақдим этилган «Scopus award - 2019» мукофоти мен учун ўзгача бўлди, чунки ватаним мени илмий ютуқларимни эътироф этди.

Энг оғир дамларимдан бири, фарзандларимни турли давлатларда мактабини ўзгартириши бўлган, чунки ҳар сафар тил ўрганишга мажбур бўлишарди. Албатта, ҳаётдаги ҳар бир қийинчилик ортида хайр бор. Фарзандларим учун бу қийинчиликлар вақт ўтиб жуда катта ютуққа айланди. Ҳозирда улар немис, инглиз, фин тилларида эркин гаплашишади.

Иккинчи асосий қийинчилик, бу илмий фаолиятимдаги қарама-қаршиликлар бўлган. Мана шу биздаги жуда нозик масала, илмда бирдамлик йўқ мисоли. Биз бир нарсани тушунишимиз керак – куч бирликда. Фақатгина дўстлик, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, ҳурмат қилиш билан кўп нарсага эриша оламиз ва албатта жамиятимизни ҳам ривожлантира оламиз.

Мен шу бугунгача менга қарши бўлган одамларни ҳеч тушунмайман. Аммо айтганимдек, атрофимдаги гап-сўзларга мутлақо аҳамият бермайман, чунки вақтим чегараланган.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ҳаётимизда бизни танқид қиладиган одамлар ёки қарама-қаршиликлар бизни кучли қилади, юксакликка итаради, улар бўлмаганда ҳаёт оқимида кетган бўларди одам.

Ҳар бир инсон ўзига ўхшаш одамларни атрофига йиғади, деган гап ҳақиқатан рост. Атрофимдаги дўстларим, дунёқараши, феъл-атвори менга жуда ўхшаш, ҳаттоки шогирдларим ҳам. Одамларга ҳасад эмас, ҳавас қилиб яшаш керак, деб ўйлайман. Мен Европа давлатлари ва Хитойда илмий гуруҳларда ишладим, уларда бирга ишлаш, ўзаро ҳурмат, бир-бирини қўллаб-қувватлашини кўриш мумкин. Менимча, мана шу олимлар орасидаги муносабат уларнинг илмини халқаро даражага чиқармоқда.

— Илм йўлини танлаётган ёш олималарга қандай маслаҳат берасиз?

Инсоннинг тоза қалби, фикри ва орзулари келажак ҳаётини таъминлайди, деб ўйлайман. Менга немис раҳбарим айтарди: жудаям катта орзулар қил, масалан, катта компания президенти ёки давлат бошқарувида вазир.

Ўшанда кулгандим: қандай қилиб? Шунда айтгандилар: орзуларинг катта бўлса, интилишинг шунчалик кучли бўлади, у даражага етмассан, аммо ҳаёт сени орзунгни маълум бир даражасига олиб чиқади. Ёшларга, талабаларга айтадиган гапим: инсон орзу қилган нарсаларга эришиш мумкин, агар хоҳиш, ҳаракат бўлса.

Илм нина билан қудуқ қазишдир, дейишади. Ҳақиқатан илмда машаққатлар жуда кўп. Уларни енгиш учун эса катта сабр-тоқат, матонат керак. Ёшлар учун энг зарур нарса бу тўғри раҳбар танлашдир, айтишадику устоз отангдан улуғ деб. Мен шогирдларимга айтаман, вақтингизни бекорга кетгазмаслик керак, чунки йиллар ўтиб орқага қараганимизда, мен мазмунли яшадим, жамиятга фойдам теккан, ўзимдан нимадир қолдирдим бу ҳаётга, дея олиш керак. Энг асосийси, ҳаётимизда катта ютуқларга эришишимизга ёрдам берган устозларимизни унутмаслигимиз керак.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.

Мавзуга оид