Жаҳон | 15:20 / 27.01.2020
51786
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Афғонистонда йўловчи самолёт қулаб тушди

Афғонистон шарқидаги Ғазни вилоятида йўловчи самолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда 1TV телеканали вилоят губернаторлигига асосланиб хабар тарқатди.

GETTY IMAGES

The Mirror нашри маълумотига кўра, Кобулдан Ҳиротга парвоз қилаётган самолёт бортида жами 83 киши бўлган.

Tolo News нашри самолёт «Толибон» ҳаракати назорат қиладиган ҳудудда қулаб тушганини маълум қилган.

Ariana News нашри манбаларига кўра эса, самолётдаги йўловчилар сони кўпроқ бўлган - 110 киши.

Дастлабки хабарларда самолёт Афғонистоннинг Ariana Afghan Airlines авиакомпаниясига тегишли бўлгани айтилди. Аммо кейинроқ авиакомпания директори бу хабарларни инкор этган.

Кейинроқ манбалар самолёт хорижий компанияга тегишли бўлиши мумкинлиги ҳақида маълум қилишди, воқеа жойида топилган учувчи танаси қолдиқларига кўра, у хорижлик бўлган. Шунингдек, самолёт тўлиқ ёниб кетгани айтилмоқда.

РИА Новости агентлиги ўз манбасига асосланган ҳолда самолёт ҳарбийларники бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган. Ҳозирча бу маълумот тасдиқланмаган.

Ғазни губернаторлиги расмийси Ориф Нурийнинг аниқлик киритишича, ҳодиса Деҳяк тумани ҳудудида рўй берган. Ҳукумат томонидан йўлланган қутқарувчилар ҳозирча аҳоли турар жойларидан узоқда жойлашган бу ҳудудга етиб бора олишмаган.

Воқеа жойига афғон ҳарбийлари йўл олган / Reuters

Хабарларга кўра, самолёт қулаган ҳудудга биринчи бўлиб «Толибон» ҳаракати вакиллари етиб келишган ва оловни ўчиришга ҳаракат қилишган.

Ижтимоий тармоқда ҳодиса жойида олинган видео пайдо бўлди.

  • Ariana Afghan Airlines авиакомпанияси паркида Airbus A310-304 ва Boeing 737-400 самолётлари бор. Ғазнида ҳалокатга учраган самолёт қайси русумда бўлгани ҳозирча маълум эмас.

Мавзуга оид