Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берилди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, жами 9 вагондан иборат «Саломатлик» тиббий-санитар ёрдами юборилган. 25−30 декабр кунлари Афғонистоннинг Балх вилоятида бир гуруҳ аҳоли малакали шифокорлар томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.
«Мазкур инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон ва Афғонистон ҳукуматларининг учрашувида афғон халқини Ўзбекистон шифокорлари томонидан бепул тиббий кўрикдан ўтказишда кўмак кўрсатиш сўровига асосан амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Инсонпарварлик юклари Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ мутасаддилари томонидан етказиб берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Ўзбекистон тошқинлардан жабр кўрган афғон халқига гуманитар ёрдам юборганди. Ўшанда инсонпарварлик ёрдами таркибидан 48 тонна ун, 22 тонна гуруч, 100 минг дона консерва ва 44 тонна макарон маҳсулотлари, 25 минг литр ўсимлик ёғи, 100 минг дона тез тайёрланадиган лағмон, шунингдек, 10 кишилик 100 та махсус қурилмали чодир ва 1000 литрли 96 та сув сақлаш идишлари ўрин олган эди.
Мавзуга оид
17:10 / 25.12.2024
Покистон Афғонистондаги нишонларга ҳаводан зарба берди
18:20 / 18.12.2024
Ўзбекистон 2025 йилда ҳам Афғонистонга электр энергиясини етказиб беради
17:52 / 07.12.2024
Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди
17:43 / 03.12.2024