Жаҳон | 17:52 / 07.12.2024
5139
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти АҚШ ва Европани «Толибон»ни тан олишга чақирди

Садир Жапаров Афғонистонни бутун дунёдан ажратиб қўйиш муаммони ҳал қилмаслигига, аксинча, «мавжуд вазият қанча узоқ давом этса, афғон халқи шунчалик оғир кунларни бошдан кечириши»га эътибор қаратди.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Европа давлатлари ва Қўшма Штатларни Афғонистоннинг амалдаги «Толибон» ҳукуматини тан олишга ва «музлатилган» активларни қайтаришга чақирди.

«2021 йилда Афғонистонда «Толибон» ҳаракати етакчилари ҳокимият тепасига келди. Улар бугунги кунгача мамлакатни бошқаришда давом этмоқда. Биз истаймизми ёки йўқми, факт ўзгаришсиз қолмоқда – мамлакатни «Толибон» бошқаради. Буни инкор этиб бўлмайди. Бир қатор давлатлар, жумладан биз ҳам «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади», деди Жапаров.

Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон ва Афғонистон умумий чегарага эга эмас, аммо қўшни давлат билан чегерадош. Шунинг учун у ердаги вазиятнинг ёмонлашуви Қирғизистонни маълум даражада хавотирга солади.

Президент сўзларига кўра, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин маълум вақт ўтгач, Бишкек афғон халқига ёрдам кўрсатиш мақсадида улар билан алоқа ўрнатган ва Афғонистонга бир неча бор гуманитар ёрдам жўнатган.

«Яна таъкидлаганимдек, Афғонистондаги вазиятнинг янада кескинлашиши минтақамизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати билан ҳамкорлик қилаётганимизни яширмаймиз. Қўлдан келганча ёрдам берамиз. Албатта, бу етарли эмас, агар «Толибон» кучсиз бўлганида, афғон халқи уларни аллақачон ҳокимиятдан ағдарган бўларди. Орадан уч йилдан кўпроқ вақт ўтди. Яхшими ёки ёмонми, улар ишлаяпти. Халқ уларни қўллаб-қувватламоқда», деди Жапаров.

Президент Афғонистонни бутун дунёдан ажратиб қўйиш муаммони ҳал қилмаслигига, аксинча, «мавжуд вазият қанча узоқ давом этса, афғон халқи шунчалик оғир кунларни бошдан кечириши»га эътибор қаратди.

Жапаровнинг эслатишича, 2021 йил ёзида «Толибон» ҳокимият тепасига келганида, Афғонистон Марказий банкининг хориждаги 9,4 миллиард долларлик активлари Ғарб давлатлари томонидан «музлатилган».

«Шундан қарийб 7 миллиард доллари Қўшма Штатларда музлатилган. Афғонистондаги вазият ва афғон халқи фаровонлигини яхшилаш учун бу маблағлар имкон қадар тезроқ қайтарилиши керак, деб ҳисоблайман», деди у.

«Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб, Европа давлатлари раҳбарлари ва АҚШ раҳбариятини Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини тан олишга ва Афғонистон халқининг келажаги учун «музлатилган» маблағларни қайтаришга чақираман Дастлабки босқичда Афғонистон раҳбарияти бир ёки икки Европа давлатини амалий ташрифга таклиф қилиши мумкин. Улар шундай ривожланган давлатларга бориб, дунёнинг турли бурчакларида одамлар қандай яшаётганини ўз кўзи билан кўрса, бу уларнинг давлат бошқарувидаги тажрибасига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар биз уларни изоляция қилишда давом этсак, бу 50 йилдан кейин ҳам ижобий натижа бермайди», деди Жапаров.

Мавзуга оид