Спорт | 11:40 / 27.01.2020
42761
13 дақиқада ўқилади

Ҳисобот. Ўзимизга ўзимиз ютқазганимиз ҳақида

Аслида бу ерда U23 терма жамоамизнинг сўнгги ўйинлари таҳлили, айнан қайси нуқталарда яхши ўйнаб, қаерларда хато қилганимиз ҳақида узун мақола бўлиши керак эди. Аммо энди бу гаплар ўлиб бўлган бемор ҳақида «қон босими нормал ҳолатда, ошқозони жуда соғлом» қабилидаги ҳисоботларни ўқиш каби сизларни қизиқтирмаслигини биламан. Ростан ҳам, афсуски, Друлович тузган айнан шу жамоа «ўлди», энди худди шу шаклда, худди шу таркибда жамоа бўлмайди. Ёзгача ҳам бормаган ушбу «бемор»нинг ўлимига айнан нималар сабаб бўлгани ҳақида эса фикр билдирса бўлади.

Ҳаммамиз яхши биламизки, ФИФА ўзи аъзо бўлган мамлакатларда ҳукуматнинг футболга аралашувига йўл қўймайди, мабодо, бу ҳақида билиб қолса, ўша мамлакат аъзоликдан чиқариб юборилиши ҳам мумкин. Бир қараганда, аслида, тескариси бўлиши керакдек, ахир, давлатлар футболга эътибор бера бошлашса, турли қарор ва ислоҳотлар билан жойларда футбол ривожлантирилса, ФИФА учун бу айни муддао эмасми? Ҳукуматлар футболга яқиндан қизиқиш орқали, ФИФАнинг жойлардаги меҳнатини осонлаштирмайдими?

Албатта, ФИФА ҳукуматларнинг футболни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай қарорларини олқишлайди, футболга яратиладиган шароит ва моддий база борасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, аммо «футболга аралашиш» деганда ташкилот бошқа нарсани назарда тутади – футбол ҳар қандай сиёсий қарорлардан холи ва эркин бўлиши керак. Футбол фақат футбол нуқтайи назаридан таҳлил қилиниши ва бошқарилиши керак. Юқоридаги қоидалар орқали ФИФА мамлакатлардаги футболни ҳимоя қилишга уринади, холос. Қачонки, давлатлар футболдаги натижалар орқали ўз сиёсий мавқеларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишса, қарорлардаги адекватлик йўқолиб боради, футбол ҳисоботга айланади, меҳнат орқали маълум бир натижаларга эришиш эмас, маълум бир натижалар ёрдамида ўзини меҳнат қилгандек кўрсатишга бўлган истаклар авж ола бошлайди. Бу футбол учун хавфлидир.

Биласизми, футбол техникасидан ташқари, икки муҳим жиҳат бор: мотивация (чоғланиш) ва совуққонлик. Жамоа ўйинида ва кўзланган мақсадга эришишда бу икки ҳолат ҳам жуда муҳим ва уларнинг ўз ўрни бор.

Масалан, машғулотларда футболчилар максимал даражада совуққон бўлишади, шунинг учун улар айнан машғулотларда ҳеч қачон майдонда қила олмайдиган ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин. Баъзида футболчиларнинг машғулотларда ажойиб зарба ижро этганини кўрамизки, худди шуни у ўйин пайтида амалга ошира олмайди. Агар оширса, оғзимизни каттароқ очамиз, аслида худди шундай голлар машғулотларга ўнлаб урилиши мумкинлигини билсак-да. Сабаби, совуққонлик футболчига ўз маҳоратини ишга солиши учун керак бўлган жуда керакли хислат, муҳим ўйин пайтида совуққонликни максимал даражага чиқара олиш деярли имконсиз.

Лекин ўйин пайтида футболчи машғулотларда у ҳеч қачон эга бўлмайдиган бошқа жиҳатга – мотивацияга эга бўлади. Унинг аслидан кўпроқ, тезроқ югуриши, ўзида йўқ бўлган кучни топа олиши, баъзида жисмоний имкониятларидан баландроқ ниманидир намойиш қила олиши айнан мотивацияга боғлиқ. У ҳеч қачон машғулотларда ўйиндаги каби мотивацияга эга бўлмайди.

Ўта юқори мотивация совуққонликни пасайтиради, совуққон бўлиш учун эса, мотивацияни ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик керак. Ҳар иккиси ҳам зарур, мотивациясиз мураббий шогирдларини кўпроқ ҳаракат қилишга, меҳнат қилишга чоғлай олмайди, совуққонликсиз эса, керакли тактикани қуриш, футболчилар кўрсатмаларни бажариши ва керак бўлганда вазиятлардан фойдаланиши қийинлашиб кетади. Бу гўёки бир-бирига зид бўлган икки фактор доимий равишда курашади ва футболда мураббий олдида турадиган энг асосий вазифалардан бири айнан мана шу жабҳада мувозанат вужудга келтиришдир.

Энди бир қизиқ мулоҳаза, эътибор берганмисиз, қачон мотивация бош планга чиқади-ю, қачон совуққонлик жуда зарур? Эсланг, айнан мураббий мотиватор томонидан амалга оширилган ажойиб нутқ билан эришилган афсонавий ғалабалар қачон содир бўлганди? Мисол учун, «Юнайтед»нинг «Бавария» устидан ўша ғалабаси – «йигитлар, ҳозир кубок сизлардан эллик метр нарёғда турибди, лекин унга тегиниш, кўтариш учун бугун бор кучларингни сарфламай туриб, эртага яна финалга келишни ўйлаб ҳам ўтирманглар, олға». Фергюсон биринчи бўлимдан сўнг ютқазаётган шогирдларини шундай деб майдонга бошлайди.

Ёки Рафа Бенитеснинг «Ливерпул»и. Айтишларича, у танаффус пайтида ҳеч нарса демаган, шунчаки, ечиниш хонаси ойналарини очиб қўйган. У ердан «Ливерпуль» мухлисларининг «You will never walk alone» қўшиғи баландроқ эшитила бошлаган. Мана бу - мотивация.

Қарангки, рақиб кучли ўйин кўрсатаётганда, ҳеч қандай тактика иш бермай, қанақадир қўшимча куч зарур бўлиб турганда, мураббийлар мотивацияни биринчи планга олиб чиқишар экан. Яъни ўша «МЮ» ҳам, ўша «Ливерпуль» ҳам аслида, ҳар томонлама «Бавария» ва «Милан»дан кучсиз ўйин кўрсатаётганди, мураббийлар ниманинг ҳисобига ўйинда бурилиш ясаш мумкинлигига ақллари етмаётганди ҳам балким.

Совуққонлик эса, афсонавий ғалабаларда эсланмайди. Чунки, ўша ўйинларда кучлироқ жамоа ғалаба қозонган, ҳаммаси ўз ҳолича тугаган бўлади. Жамоа ўзидан кучсизроқ бўлган ёки тенг бўлган жамоага қарши тўғри тактика, яхши режа ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ёрдамида ғалаба қозонади. Бу ерда эса, совуққонлик энг зарур факторга айланади, мураббийлар ортиқча гаплардан тийилиб, имкон қадар шогирдларига футболни, рақибни, устунлик ва камчиликларни, майдондаги вазифаларни тушунтиришга ҳаракат қилади. Футболчининг мияси айнан футбол билан тўла бўлиши муҳим.

2009 йилдаги ЕЧЛ финали олдидан, Пеп футболчиларга видео қўйиб беради. Пеп ва Тито финалгача босиб ўтган йўл ҳақида видео тайёрлашган экан. Лавҳаларда чиройли голлар, қийин ҳолатлар ва «Гладиатор» фильми мусиқаси бор эди.

«Босс жуда ҳиссиётга берилувчан эди. У узоқ вақт видеони тайёрлади ва бизни ичкарига киритмай турди. Биз фильмни кўриб йиғлаб ҳам юбордик, кейин Андре Бочелли Чемпионлар Лигаси гимнини куйлаётганда, янаям бадтар бўлди аҳволимиз. «Манчестер Юнайтед» футболчилари бизга нима бўлганини тушунмай, ҳайрон бўлишганди», – деб эслайди Виктор Валдес.

Манель Эстиарте, тарихдаги энг кучли ватерполистлардан бири, Гвардиоланинг ёрдамчиси эса, шундай дейди: «Агар видео футболчиларни мотивациясини ошириш учун тайёрланган бўлса – бу жуда нотўғри қарор бўлган. Футболчилар ғалати бўлиб қолишган, агар илк 10 дақиқада Валдес бизни қутқармаганда, учта гол ўтказиб юборардик».

Ишонаманки, Жозе Моуриньо 2010 йилги Европа Чемпионлар Лигасида «Барселона »га қарши жавоб ўйини олдидан кўп вақтини шогирдларининг мотивациясини оширишга сарфлаган, лекин финалда, «Бавария» билан ўйинда эса, аксинча, совуққонликни ошириш, хотиржамлик ҳақида гапирган, режа асосида ҳаракат қилинса, ғалаба «Интер» қўлида эканини ишонтиришга уринган. Сабаби, «Барселона» кучли эди, уларни шунчаки, тактика билан ютиб бўлмасди, Жозе бақирган, тентаклик қилган, футболчиларни жангга, ўлимга кетаётгандек тайёрлаган, шу ўйиндан кейин бошқа ҳаёт йўқлигига ишонтирган. Финалдаги «Бавария» эса «Интер»дан кучсиз бўлган, Моуриньо шогирдлари ортиқча ҳаяжон ва босимга берилиб кетишидан қўрққан, бақирмаган, йиғламаган, ўзини совуққон тутиб, бу кайфиятни шогирдларига юқтирмоқчи бўлган. Ҳар икки ўйинда ҳам ҳал қилувчи омил мана шу ерда эди, менимча.

Энди ўзимизнинг мавзуга келамиз. Мутахассислардан тортиб, мухлисларгача бир фикрда якдил: Биз Саудия Арабистонидан ҳам, Австралиядан ҳам яққол кучсиз эмасдик. Жамоа кўрсатган умумий ўйин, ҳамда таркибдаги ижрочилар, маҳорат борасида ҳам. Ҳатто рақиб мураббийининг кучли тактик қопқонига тушиб ҳам қолмадик, ўйинлар рақибнинг режаси асосида кетаётганини ҳис қилмадик, масалан. Буни кўрсаткичлар ҳам намойиш этиб турибди. Ҳар икки ўйинда ҳам биз тўпни рақибдан кўра яхшироқ назорат қилдик, кўпроқ ҳужум қилдик, кўпроқ зарба бердик, кўпроқ хавфли вазият яратдик, кучлироқ ўйнадик. Хўш, унда нега, натижа ҳар доимгидек бўлди, яна ўйин охирида арабларга ошимизни тутқаздик, яна Австралия дарвозасини ишғол қилишни уддалай олмадик?

Сабаби, биз футбол соҳасидаги барча меҳнатимизни, ҳаракатларимизни, умидларимизни биргина Бобур Абдухолиқовнинг оёқлари остига ташлагандик. Ҳа, Мбаппедан ёши каттароқ бўлган футболчи наҳотки, арзимас босимни енгиб, ўша вазиятда гол ура олмасмиди, деб кулманг, Пеле ҳам мингинчи голини фақат пенальтидан ура олган, холос – ЎФА бу жамоага бўлган ортиқча муносабати билан футболчиларимизга Австралия ҳимоячиларидан кўра кўпроқ халақит берди.

Бор умидларнинг тикилиши, мураббийларнинг Таиландга бошлаб борилиши, жуда катта делегациялар, Ёшлар иттифоқи, ватанпарварлик ҳақидаги, уларнинг орқасида ўттиз тўрт миллион қора кўз тургани ҳақидаги баландпарвоз гаплар, мухлисларга чартер рейслар, Хиросималарни эслаш, менимча, охирида Озодбек Назарбеков ҳам бориб «Мендирман ўша» қўшиғини жонли ҳиргойи қилиб бермади, холос. Аслида эса, Друлович ва шогирдлари бироз тинч қўйилиши, улар ўзаро футбол ҳақида гаплашиб олишлари зарур эди, чунки кўриниб турибди, федерациядан тўртта одами билан келиб, мақсадга эришиб кетган Саудия Арабистони ҳам, Австралия ҳам биздан кучли эмасди. Бизга мотивация эмас, совуққонлик керак эди, мотивация эмас, совуққонлик етишмади.

ЎФАнинг, терма жамоалар билан ишлаш бўлимининг вазифаси - жамоаларимизга лаёқатли мураббийларни топиб, тайинлаш, кейин мусобақаларга тайёрланиш учун шароитларни яратиб бериш. Агар бу вазифалар ўз ўрнида бажарилиб борилса, Абдухолиқов гол урадими, уролмайдими, бундан қатъи назар, олимпиадага чиқамизми, йўқми, бундан қатъи назар, ўз ишини бажарган бўлаверади. Мен ўйламайман, масалан Англия футбол ассоциацияси ўз фаолиятини Англиянинг Европа чемпиони бўлишига боғлашини. Мусобақалар пайтида АФА ҳам худди инглиз фуқаролари каби, бир мухлисга айланади. Терма жамоа ютса, байрам қилади, ютқазса, мураббий ёки стратегия хатолари таҳлил қилиниб, бундай ҳолат қайтарилиши олди олинади, тамом. Англия чемпион бўлса, яхши ишладик, чемпион бўла олмаса, яхши ишлай олмадик, дейилмайди.

Агар Олимпиадага чиққанимизда, тасаввур қиляпман, катта тадбирлар, футболимиз ривожланаётгани ҳақида минбарлардан туриб айтиладиган фикрлар, ҳаммаси жуда тўғри амалга оширилгани тўғрисидаги ҳисоботлар, мукофотлар. Ростан ҳам шундайми? Барчасини биргина аниқ ёки ноаниқ зарбага тикишнинг хавфли эканини наҳотки тушунмадик. Биргина ғалаба туфайли, бир неча йиллик меҳнат билан мақтанишни яхши кўрар эканмиз, бу ҳолатнинг тескари таъсирига ҳам тайёр туришимиз керак – биргина мағлубият туфайли, барча қилинган ишлар чиппакка чиқиши мумкин. Ўзимиз шу йўлни танлаяпмиз, нима қилайлик?

Футболни футболдан узоқ бўлган Аҳмаджонов бошқарадими, футболга энг яқин бўлган Эрматов бошқарадими, фарқи йўқ, асосий ўлчов бошқа ерда: ҳисоботларда «олимпиадага чиқиш учун шу ишлар қилинди» деб ёзилиши керак, «олимпиадага чиқилди» деб эмас. Чунки биринчиси, сабаб, иккинчиси оқибат. Бошқарувчиларимиз сабабларни яратишга масъулдирлар, оқибат эса, доимгидек, футболчиларнинг қўлида. Вазиятга шундай қараш тўғри йўлдир.

Ижтимоий тармоққа қаранглар, мухлисларнинг фикрларига эътибор беринглар, ҳеч ким «Абдухолиқов уролмади», «Яхшибоев сал яхши ўйнаганда ютардик» демаяпти, «футболимиз ўзи шунақа», «ҳаммаси чириб кетган», «ислоҳотлар қилиш керак» деб, ҳамма вазиятни чуқуридан оляпти. Ҳаммасини қилдик-ку, бизда нима айб, деб хафа бўлманг, чунки агар ютганимизда, «Абдухолиқов урди-да», «Яхшибоев яхши ўйнади-да» демасдик, демасдингиз, футболимиз ривожланаётган, ҳаммаси гуркираб кетаётган, ислоҳотлар самара бераётган бўларди.

Футбол эса, доимгидек устимиздан яна бир бор кулди.  

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид