Ўзбекистон | 19:49 / 01.02.2020
6025
2 дақиқада ўқилади

288та норматив ҳужжатнинг 80 фоизида рақобатга зид меъёрлар аниқланди – Монополияга қарши кураш қўмитаси

Давлатнинг табиий монопол компанияларининг ўзларига хос ҳуқуқлари таҳлил қилинади. Уларга тақдим этилган имтиёз ва преференциялар босқичма-босқич бекор қилинади. Келгусида ҳудудий рақобатни ривожлантиришга ҳамда давлат аралашувларини камайтиришга катта эътибор қаратилади.

 

2019 йилда муҳокама киритилган 288та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 80 фоизида рақобатга зид меъёрлар бўлган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида шу ҳақда маълум қилди. 

- Ўзбекистонда табиий монопол компаниялар ҳисобига, ўша соҳаларда фаолият юритишни истаган хусусий сектор бардош бера олмаяпти. Сизларда хусусий секторни ҳам, рақобатни ҳам ривожлантириш борасида қандай тизим мавжуд?

Титр: Фаррух Қорабоев - Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари

«Бугунги кундаги мавжуд монополияларнинг 80 фоизи давлат иштирокидаги компаниялардир. Монополлашган соҳаларга хусусий секторни кириб келиши орқали соғлом рақобатни таъминлаш нафақат бизнинг, балки барча регуляторлар, Молия вазирлиги, тармоқ регуляторларининг асосий вазифамиз ҳисобланади. Uzauto Motors, “Ўзбекистон Темир йўллари, “Ўзтелеком”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компаниялари йирик табиий монопол компанияларидир. 

Биринчи навбатда, давлат табиий монополияларида сақланиб қолаётган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича жуда катта таҳлилни бошладик. Имтиёз ва преференцияларни ҳам босқичма-босқич бекор қилиш ҳамда уларнинг берилишида рақобат муҳитига таъсири бўлган масалаларни баҳолаш тизими орқали беришни жорий қилмоқчимиз. 

Бундан ташқари, рақобатни ривожлантириш бўйича лойиҳа идорасини ташкил этдик. Унга бир қанча хорижий консалтинг компаниялар ва халқаро молиявий институтлар ҳам жалб этилди. 

Биринчи навбатда рақобатни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади. Айнан ҳудудий рақобатни ривожлантиришга урғу берилади. Чунки, ҳудудларда жуда катта давлат аралашувлари мавжуд. 

Ўтган йили давлат органлари қарорлари ва норматив ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тизимини жорий қилдик. Биргина мисол, 288та норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама учун киритилган бўлса, шуларнинг 80 фоизида рақобатга зид нормалар борлиги аниқланди», - деди Фаррух Қорабоев. 

Мавзуга оид