Ўзбекистон | 20:38 / 07.02.2020
15404
2 дақиқада ўқилади

«Контракт тўлови аслида 74 фоизга оширилиши керак эди» - Вазир ўринбосари

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхоновнинг фикрича, Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида контракт нархлари етарли миқдорда оширилмаган.

Бугун, 7 февраль куни, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигида  ҳукумат қарорига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Молия вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Нодир Муслиддинов контракт тўлови 18 фоизга оширилганига изоҳ берди.

«Контракт тўловлари ОТМнинг кўрсатган хизматлари харажатларини қоплашга йўналтирилади. Бу хизмат таннархига нималар киради? Энг аввало, профессор-ўқитувчиларга тўланадиган ойлик маошлари. Шу билан бирга, бинонинг моддий-техника базасини шакллантириш ҳам қўшимча харажатларни талаб қилади.

Талабаларнинг тўлайдиган контракт миқдорининг тахминан 90 фоизи ўқитувчилар ойлигига сарфланади. Ўқитувчилар иш ҳақи 2018 йилнинг 1 сентябридан 25 фоизга, 2019 йил 1 январидан 20 фоизга, 1 июлдан бошлаб яна 25 фоизга ошди. Умумий ҳисобда ойлик иш ҳақлари 2,5 бараварга ошди. Шунга монанд равишда, контракт тўлови атиги 18 фоизга оширилди. Лекин бу тўловлар ОТМлар харажатларини қопламайди. Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар йўналтирилмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов ҳам бу масалага ўз муносабатини билдирди.

«2019 йил сентябрь ойидан иш ҳақи, нафақалар стипендиялар 10 фоизга оширилди, лекин контракт тўловлари 18 фоизга кўтарилди. Аслида, харажатларга монанд тўловлар ҳам 74 фоизга оширилиши керак эди. Аммо тўланаётган контракт пули талабаларнинг ижтимоий ҳимояси ҳисобланади. Шуни ҳисобга олиб контракт тўлови атиги 18 фоизга ошириб қўйилди», дейди у.

Бундан аввалроқ вазирлик ўқув йилининг иккинчи ярим йили учун контракт миқдорлари ўзгариши мумкинлигини билдирганди.

Мавзуга оид