Ўзбекистон | 16:42 / 11.02.2020
59200
9 дақиқада ўқилади

«Ақлли ҳисоблагичлар» энергия сарфини кўп ҳисоблайдими? Мутахассис билан суҳбат

Бугунги суҳбатдошимиз Даврбек Имомовнинг лавозими расман қуйидагича аталади – «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти қошидаги электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишни автоматлаштириш тизимини жорий қилиш ҳамда мувофиқлаштириш дирекцияси директори.

Меҳмонимиз билан «ақлли ҳисоблагичлар» нега «кўп ҳисоблаши», табақалаштирилган тизим қачон ишга тушиши, умуман, янги тизим йўлга қўйилса, электр таъминотига қандай таъсир қилиши ҳақида суҳбатлашдик.

– Даврбек, АСКУЭ, «ақлли ҳисоблагичлар», автоматлаштирилган тизим ўзи нима?

Автоматлаштирилган тизим бу инсон омили таъсирисиз ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд қилиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, қарздорлик бартараф этилгандан кейин тармоққа қайта улашнинг автоматлаштирилган механизми ҳисобланади.

Бундан ташқари бу диагностика вазифасини ҳам бажаради. Халқ тили билан айтганда «тизим шифокори» ҳисобланади, яъни «касаллик» қайси ҳудудлардалигини, қаерда йўқотишлар кўп, қайси ҳудудда тармоқни реконструкция қилиш кераклигини аниқлаш мумкин.

Дунёда шу тизимга юз фоиз ўтган ягона давлат Италия ҳисобланади. Бошқа давлатларда қисман жорий қилинган, ҳаттоки айрим ривожланган давлатларда ҳали-ҳанузгача индукцион механик ҳисоблагичлардан фойдаланиб келинмоқда.

Автоматлаштирилган тизим жуда кўп афзалликларга эга шу бугунгача назоратчилар фуқароларни ҳар-хил хизмат вазифалари билан безовта қилган бўлса, бу тизимда ҳеч ким фуқарони безовта қилмайди. Турли тамагирлик ҳолатлари камаяди, дебитор қарздорлик ўсишига йўл қўйилмайди, ундирилган маблағлар тизимни ривожлантиришга тармоқлар сифатини яхшилашга сарфланади, тармоқда тижорат йўқотишларни аниқлашга ҳамда камайтиришга хизмат қилади.

2020 йилда 4,5 млн дона ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бу жараёнга 3000дан ортиқ мутахассислар жалб қилиш керак бўлади.

– Кўпчиликни бир савол қийнайди: янги ўрнатилаётган ҳисоблагичлар кўп ҳисоблайдими? Ҳатто «чироқ ўчган» пайтларида ҳам ҳисоблагич ишлайвераётгани айтилади.

 Янги, замонавий ҳисоблагичлар ишлаб чиқарилаётган заводларда ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида, бир нечта босқичли кўриклардан ўтказилади. Яъни давлат метрологик кўрсаткичлари талабига жавоб бермаса, яроқсиз деб топилади ва фойдаланишга чиқарилмайди.

Бу ҳисоблагичлар кўп ҳисобламайди, балки аввалги ҳисоблагичлар кам ҳисоблагани учун ва бу ҳисоблагичлар аниқлик синфи юқори бўлганлиги учун фуқароларимиз назарида шундай тушунча пайдо бўлган. Электр таъминоти бўлмаганда ҳам тизим билан алоқа мавжудлигини билдирувчи чироғи ўчиб ёниши ва хотира батарейкаси борлиги сабабли рақамларни кўрсатиб туриши туфайли ишлайверади, деган фикр туғилган. Аслида ундай эмас.

Даврбек Имомов

– Автоматлаштирилган тизим қай тартибда ишлайди?

– Тизимда ҳисоблагич, трансформаторга ўрнатилган концентратор (уни тизим юраги дейиш мумкин), БИЛИНГ дастури ҳамда «Электрҳисоб» дастури ўзаро маълумотлар алмашган ҳолда иш юритади.

Яъни ҳисоблагичдан маълумотларни концентратор олиб жамлаб боради ва АСКУЭ дастурига жўнатади, АСКУЭ дастури маълумотни БИЛИНГ («Электрҳисоб») дастурига жўнатади, дастур эса қарздорликни ҳисоблаб тармоқдан ажратиш ёки қайта улаш учун ушбу жараённинг тескари услубида иш бажаради.

Автоматлаштирилган тизимни уяли алоқа операторига ўхшатишади, яъни қарз бўлсангиз ўчади, тўласанг дарҳол ёнади. Лекин энергетика соҳасида тизим бошқачароқ – бир нечта омилларга боғлиқ. Яъни уяли алоқа оператори алоқа сифатига, тармоқнинг эскирганлигига қараб автоматлаштирилган тизим яхши ёки ёмон ишлаши мумкин.

– Истеъмолчи ҳисоблагични алмаштиришга мажбурми, алмаштиришни хоҳламаса қандай чора кўрилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорига мувофиқ, ҳисоблагични алмаштириш мажбурий ҳисобланади. Кимдир хоҳламаса, тармоқдан узилади.

–  Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорига мувофиқ ҳисоблагични алмаштириш мажбурий ҳисобланади. Кимдир хоҳламаса, тармоқдан узилади. Биласизми, давлат томонидан текинга алмаштирилаётган бир пайтда аксарият ноқонуний фойдаланаётган, уйига назоратчиларни киритмайдиган, ўз вақтида қарзини тўламайдиган истеъмолчилар ана шундай қаршиликлар қилиши кўп кузатилади. Оддий фуқароларимиз, ўқитувчи, шифокор, пенсионерлар эса ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди.

– Ҳисоблагич алмаштириш бепулми? Ҳар неча йилда бу ҳисоблагичлар даврий қиёсловдан ўтқазилади?

 Ҳисоблагич, алмаштириш хизмат ҳақи, тамғалаш, хужжатларни расмийлаштириш текин, лекин ҳисоблагичгача бўлган яроқсиз симни янги сим олиб бериш ва янгисига алмаштириш, яроқсиз автомат/рубилникни сотиб олиш ва алмаштириш ва бошқа қўшимча электр иш хизматлари бундан мустасно.

Ўрнатилаётган ҳисоблагичлар ҳар 10 йилда бир маротаба даврий қиёсловдан ҲЭТК томонидан ўтказилади, қолган ҳисоблагичлар эса ҳар 8 йилда бир маротаба.

Шу ўринда айтмоқчиманки, электр энергетика соҳасида қиёслов ўз вақтида ўтқазилмагани учун ҳеч қандай жарима йўқ, истеъмолчиларга ҳеч қандай таъсир чоралар кўрилмайди, балки ҳисоблагичларни ўз вақтида қиёсловдан ўтқазиш ҲЭТК мажбуриятига киради. Шунинг учун фуқаролар умуман безовта бўлмаса бўлади. Кўпчилик табиий газ ва ичимлик суви ёки иссиқлик таъминотида қиёслов муддати ўтгани учун ортиқча тўловлар мавжудлиги учун электр энергияда ҳам жарима бор, деб ўйлашади, аслида ундай эмас.

– Нима деб ўйлайсиз, автоматлаштирилган тизимга тўлиқ ўтилиши электр энергияси таъминотидаги узилишларни бартараф эта оладими?

Дастлабки босқичда бартараф эта олмайди. Сабаби, ишлаб чиқариш ва автоматлаштирилган тизим ўртасида етказиб бериш ҳам бор. Афсуски, кўп ускуналаримиз эскирган. Уларни тўла алмаштириб чиқиш маълум вақт талаб қилади.

– Маълум муддат олдин «ақлли ҳисоблагичлар» сутканинг турли вақтларида турлича тариф бўйича ҳисоблаши эълон қилинганди. Бу тизим йўлга қўйилдими?

Табақалаштирилган тизим деб аталувчи бу тизим эълон қилинганди, аммо ҳали йўлга қўйилмади. Янги ҳисоблагичларимизда сутканинг тўрт вақтида турли тарифлар қўллаш имконияти бор. Тизимни ишга тушириш учун ҳали қилинадиган ишлар бор. Лекин айрим юридик шахсларга – 750кВА дан юқори қувватли юридик истеъмолчиларга нисбатан бундай ҳисоблаш амал қилмоқда.

– 7 млн.та ҳисоблагич бу жуда катта рақам. Унинг хариди қай даражада шаффоф? Бу ҳисоблагичларнинг ишлаб чиқарувчилари қайси ташкилотлар?

Албатта, бу ҳисоблагичлар асосан ўзимизда, «Тошэлектроаппарат» корхонаси ҳамда «Электронҳисоблагич» қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилади. Бу юртимизда иш ўринлари, солиқлар демакдир. Шунингдек, қисман Жанубий Кореядан келтирилганлари ҳам бор. Аммо кўриниши фарқланса-да, ҳаммасининг иш принципи бир хил.

Ҳар бир вилоят учун маълум бир турга мансуб ҳисоблагичлар танлаб олинди. Мисол учун Тошкент шаҳрида «Электронҳисоблагич» қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқилган «ЕХ18,ЕХ518» русумли ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.

Келажакда тизимда ҳар хил муаммолар кузатилмаслиги учун, ҳисоблагичлар текин ўрнатилаётганлиги учун қайси ҳудудга қандай ҳисоблагич ўрнатилишини ҳудудлардаги ҲЭТКлар белгилаб беради. Истеъмолчи манфаатини ўйлаб шундай йўл тутилмоқда.

– Маълумки, электр энергияси учун тўловлар Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилган. Автоматлаштирилган тизимда ундирувга ҳожат йўқ, ҳамма олдиндан тўлашга мажбур. Бу ҳолатда МИБнинг ваколати нима бўлади?

– Албатта, бу борада ҳукуматнинг махсус қарори чиқса керак. Лекин аниқ айтиш мумкинки, электр энергияси тўлов тизимида баъзида учраб турадиган тушунмовчиликларга барҳам берилади.

– Автоматлаштирилган тизимга уланган истеъмолчиларнинг шахсий кабинетида бошқа кўрсатич, жойида бошқа кўрсаткич кузатилишига қандай изоҳ берасиз?

– Фуқаролар томонидан «нега уйимда кўрсаткич 100, дастурда эса 120?» деганга ўхшаш ҳолатлар бўйича кўплаб мурожаатлар кузатилади. Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорининг 108-бандига мувофиқ, олдинги давр учун амалдаги электр энергияси истеъмолининг ҳажми (дастурда энг охирги 2та кўрсаткичлардан ҳосил бўлган ўртача кунлик сарф) бўйича ҳисоб-китоб олиб борилади, яъни истеъмолчилар шахсий кабинетга эътибор бериб назар ташланса, «тахминий кўрсаткич» деб кўрсатилади.

Ушбу тахминий кўрсаткичдан ҳосил бўлган қарздорлик бўйича истеъмолчи тармоқдан ажратилмайди, балки ҳақиқий кўрсаткич олиниб қарздорлик ҳосил бўлгандагина тармоқдан ажратилади.

Шу сабабли фуқаролардан ушбу ҳолатга жиддий эътибор қаратмасликларини, балки бу тахминий истеъмол энергетика корхонасида айрим ҳисоботлар учун қўлланилишда фойдаланишимизни билдираман.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид