Жаҳон | 16:21 / 19.02.2020
8012
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия Идлибда ҳарбий амалиёт бошлашга тайёрлигини айтди

12 февралда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Москва ва Дамашқни Идлибдаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишувга амал қилмаётганликда айблаганди. Унинг таъкидлашича, президент Башар Асад кучлари россиялик ҳарбийлар билан бирга маҳаллий аҳолига ҳужум қилмоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Суриянинг Идлиб вилоятида ҳарбий операция исталган вақтда бошланиши мумкинлигини айтди.

"Идлибдаги операция исталган вақтда бошланиши мумкин. Туркия Идлибни Асад режими ва унинг тарафдорларига қолдирмайди", - деди Эрдўған.

"Режим Идлибдаги зўравонликларини бас қилиши ва Сочи келишувида белгиланган ҳудудларга чекиниши учун саноқли кунлар қолди. Бу охирги огоҳлантиришимиз", - деб қўшиб қўйди у.

Эрдўған шунингдек, Идлибдаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Россия ва Туркия ўтказган бирорта ҳам учрашув сезиларли натижа келтирмаганини қайд этди.

"Музокаралар давом эттирилади, аммо умумий нуқтаи назарни ишлаб чиқишдан жудаям узоқда эканлигимиз кўриниб турибди", - деди Туркия президенти.

12 февралда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Москва ва Дамашқни Идлибдаги вазиятни тартибга солиш бўйича келишувга амал қилмаётганликда айблаганди. Унинг таъкидлашича, президент Башар Асад кучлари россиялик ҳарбийлар билан бирга маҳаллий аҳолига ҳужум қилмоқда. Россия мудофаа вазирлигида Эрдўғаннинг бу сўзлари рад этилиб, Идлибдаги ихтилофнинг авж олишига Туркиянинг ўз ваъдаларини бажармаётгани сабаб ҳисобланиши айтилган.

19 февраль куни Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Қалин Россия ва Туркиянинг Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият бўйича олиб бораётган музокаралари “ҳозирча қониқарли натижаларни олиб келмагани”, Туркия Россия томонидан таклиф қилинаётган ҳужжатлар ва харитани қабул қилмаганини маълум қилди. 

Мавзуга оид