Спорт | 18:52 / 23.02.2020
9402
2 дақиқада ўқилади

Азар яна сафдан чиқди

«Реал»нинг бельгиялик яримҳимоячиси Эден Азар Испания чемпионатининг 25-тури доирасида «Леванте»га қарши ўйинда олган жароҳатидан кейин тиббий кўрикдан ўтди.

Фото: Squawka

Мадридликлар клуби матбуот хизмати хабар беришича, ташхис натижаларига кўра футболчининг ўнг оёғи кичик болдир суяги дарз кетгани аниқланган.

Айни вақтда у қанча вақтга сафдан чиққани маълум эмас. Лекин у Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалидан ўрин олган «Манчестер Сити»га қарши ўйинни (26 февраль, 17 март), шунингдек, Примеранинг навбатдаги турида «Барселона»га қарши кечадиган ўйинни (1 март) ўтказиб юбориши аниқ.

AS манбаси маълумотига кўра, Азар камида икки ой футбол ўйнай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Азар 2019 йилнинг ноябрь ойида ЕЧЛ гуруҳ босқичи доирасида «ПСЖ»га қарши ўйинда (2:2) жароҳат олган ва уч ой давомида жамоасига ёрдам бера олмаганди. У феврал ойининг иккинчи қисмида сафга қайтган, «Леванте»га қарши ўйин Эден учун қайтишидан кейинги иккинчи учрашув эди.

Ўтган йил ёзида «Челси»дан трансфер қилинган футболчи, Испания чемпионатининг жорий мавсумида атиги 10 ўйинда иштирок этди ва 1та гол урди.

Мавзуга оид