Жаҳон | 14:27 / 01.03.2020
14208
2 дақиқада ўқилади

Туркия 76 мингдан ортиқ қочқинни Европа ҳудудига ўтказиб юборди. ЕИ хавотирга тушмоқда

Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула вон дер Леен Европага ёпирилаётган муҳожирлар оқимини хавотир билан кузатганини бидирди. 

Фото: Reuters

«Европа Иттифоқининг Туркия билан чегарасидаги ҳолатни хавотир билан яқиндан кузатиб боряпмиз», – деди у твиттердаги саҳифасида.

У Европа Иттифоқи кенгаши раиси Чарлз Мишел, шунингдек, Греция ва Болгария бош вазирлари билан доимий алоқада эканликларини билдирган.

«Бизнинг ҳозирги босқичдаги энг муҳим вазифамиз Юнонистон ва Болгарияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир. Биз қуруқликдаги чегарамиз, шунингдек, Европа чегара ва соҳилни ҳимоя қилиш агентлиги (Frontex) билан бирликда қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», деган вон дер Леен.

Грецияга бориш ва тунни олов қаршисида ўтказиш учун Эдирнага келган муҳожирлар гуруҳлари баъзида Юнонистон полицияси томонидан ташланган газли ва товушли гранаталарга дучор бўлишмоқда.

1 март ҳолатига кўра, Туркия орқали Европага томон йўлга тушган қочқинлар сони 76 минг 358 нафарни ташкил этмоқда.

Бундан аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакат қочқинларнинг янги оқимига ёлғиз бардош бера олмаслигини ва Туркия улар учун ЕИ чегараларини очиб юборишини маълум қилганди.

Анқара Суриянинг Идлиб вилоятидаги сўнгги воқеалардан кейин суриялик қочқинларнинг Европа томон ҳаракатини тўхтатиб бўлмай қолганини маълум қилган. Аслида Туркия ва ЕИ ўртасидаги 2016 йилги келишувга мувофиқ, молиявий ва гуманитар ёрдам эвазига Туркия уларни ўтказмаслиги кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Сурия ҳукумати қўшинлари Идлибда турк ҳарбийларини ўққа тутди ва натижада туркиялик 33 ҳарбий ҳалок бўлиб, 36 ҳарбий жароҳатланди. Россия Мудофаа вазирлиги Сурия ҳарбийлари Идлибдаги Бехун пунктида жойлашган жангариларга ҳужум қилгани, аммо бу ҳудудда туркиялик ҳарбийлар ҳам бўлгани, лекин улар бу ҳақда Россия томонини огоҳлантирмагани ҳақида маълум қилди. Туркия эса ўз ҳарбийлари жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар олдиндан етказилганини айтмоқда.

Мавзуга оид