Жаҳон | 22:44 / 22.12.2024
760
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини тайёрлашга киришди. Таъкидланишича, бу сафар РФ фойдасига жосуслик қилган ва дезинформация кампанияларида иштирок этган шахсларга нисбатан ҳам чекловлар жорий этади.

Фото: The Moscow Times

Европа Иттифоқи Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабати билан (2025 йил 24 феврал) Россияга қарши санкцияларнинг 16-пакетини қабул қилиш ниятида. Бу ҳақда Брюсселдаги дипломатик манбаларига таяниб Welt хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, янги чоралар ҳозирга қадар «умуман ёки етарли даражада эътироб қаратилмаган» Россия иқтисодиётининг аниқ секторларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, «Украина ҳудудий яхлитлигининг бузилишига» жавобгар Кремл режими пропагандачиларининг ҳам қора рўйхати кенгайтирилади.

Бундан ташқари, ЕИ Россия фойдасига жосуслик қилган ва дезинформация кампанияларида иштирок этган шахсларга нисбатан ҳам чекловлар жорий этади. Уларнинг иттифоқ мамлакатларига кириши ва активларидан фойдаланиш имконияти тақиқланади. Ҳозирча аниқ фамилиялар келтирилмаган. Шу билан бирга, Брюсселнинг қайд этишича, «гибрид ҳужумларга» алоқадорликни кузатиш ва исботлаш қийин, шунинг учун мазкур банд савол остида қолмоқда. Манбанинг таъкидлашича, янчи чоралар «Москвага аниқ сигнал юборишга» йўналтирилади.

Европа Иттифоқи кенгаши 16 декабр куни Россияга қарши иқтисодий ва индивидуал санкцияларнинг 15-пакетини қабул қилганди. Санкциялар рўйхатидан 54 нафар жисмоний шахс ва 30 та юридик шахс ўрин олди. Улар орасида Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонасига берилган зарбага масъул ҳарбий бўлинма, энергетика компанияларининг топ-менежерлари, КХДРнинг юқори мартабали икки амалдори ҳам бор.

 

Мавзуга оид