Виктор Орбан Россияга қарши санкцияларни узайтиришдан олдин Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи
Венгрия бош вазири ЕИ давлатларининг Россияга қарши санкцияларни узайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга шошилмаяпти. Виктор Орбан қарор қабул қилишдан олдин Доналд Трампнинг 20 январ куни бўлиб ўтадиган инаугурациясини кутиш ниятида.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи етакчиларига Россияга қарши санкцияларни узайтириш бўйича қарор қабул қилишдан олдин Доналд Трампнинг инаугурациясини кутмоқчи эканини маълум қилди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Евроиттифоқ томонидан Россияга қарши жорий этилган санкциялар ҳар ярим йилда узайтирилади. Бу борадаги кейинги қарор январ охирида — Трамп лавозимга киришганидан 11 кун ўтиб қабул қилиниши керак. Санкциялар муддатини узайтириш учун ЕИга аъзо 27 та давлатнинг барчаси уни қўллаб-қувватлаши керак. Аммо Bloomberg манбаларининг сўзларига кўра, Орбан 19 декабр кунги саммитда Европа Иттифоқи давлатлари етакчиларига санкцияларни узайтириш бўйича «олдинга ҳаракатланишга тайёр эмаслигини» билдирган.
ЕИ Трамп Украинага кўрсатиладиган ёрдамни қисқартириши мумкинлигидан аллақачон хавотирга тушган, Орбаннинг эътирози эса Европа етакчиларини янада ташвишга солмоқда. Чунки Венгрия бош вазири Украинани молиявий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш масаласида ЕИнинг бирлигига путур етазиш учун Трамп билан бирлашиши мумкин.
2024 йил июлда Виктор Орбан ўзининг «тинчлик миссияси» доирасида Трампнинг олдига келганди. Бунга қадар Венгрия бош вазири Киев ва Москвага ташриф буюрган, кейин эса Пекинга бориб, ХХР раиси Си Жинпин билан учрашган. ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари Орбанни Владимир Путин билан учрашуви учун танқид қилган, Зеленский эса Орбаннинг тинчликпарвар сифатидаги ҳаракатларини рад этганди.
Орбан Европа Иттифоқининг Украинага йўналтириладиган ёрдамлар бўйича ташаббусларини бир неча бор блоклаган. Венгрия бош вазири ЕИ давлатлари раҳбарлари орасида Трампнинг энг яқин иттифоқчиларидан ҳисобланади.
Мавзуга оид
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
22:44 / 22.12.2024
ЕИ Украинага қарши бошланган урушга уч йил тўлиши муносабат билан Россияга қарши янги санкциялар тайёрламоқда
12:41 / 21.12.2024
Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози
17:42 / 20.12.2024