Жаҳон | 17:42 / 20.12.2024
2193
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркияга санкциялар остидаги Газпромбанк орқали тўловларни амалга оширишга рухсат берди

АҚШ ҳукумати Туркияга Россия томонидан етказиб берилган газ учун тўловларни Газпромбанк орқали амалга оширишга рухсат берди. Ўз навбатида Венгрия ҳам шундай ҳуқуқни қўлга киритгани айтилмоқда.

Фото: AFP

АҚШ ҳукумати Туркияга Газпромбанк орқали тўловларни амалга оширишга рухсат берди. Бу ҳақда Туркия энергетика вазири Алпарслон Байрактарга таяниб Bloomberg хабар берди.

Шундай қилиб, Туркия Россия гази учун санкцияга учраган банк орқали тўловларни амалга ошира олади. Байрактарнинг сўзларига кўра, турк томони ушбу масалани ҳал этиш учун АҚШ расмийлари билан «бир қатор музокаралар» ўтказган.

Венгрия ташқи ишлаш вазири Петер Сийярто 19 декабр куни АҚШ ушбу мамлакат учун ҳам етказиб берилган Россия гази учун ҳисоб-китобларни Газпромбанк орқали амалга оширишга рухсат берганини маълум қилганди.

АҚШ Молия вазирлиги 2024 йил 21 ноябр куни Газпромбанк ва унинг олтита шуъба компаниясини санкциялар рўйхатига киритганди. Россия президенти Владимир Путин 5 декабр куни Россия гази учун тўловлар энди битта аниқ банк орқали тўлаш тартибини бекор қилди. Илгари бундай — ягона — молиявий институт Газпромбанк эди. Шундай қилиб, Путин ўзининг 2022 йил 31 мартдаги фармонига ўзгартириш киритди, унда Газпромбанкка Россия гази учун тўловлар бўйича ягона адресат бўлиш ҳуқуқи берилганди.

Ўз навбатида Bloomberg Европа Иттифоқи Газпромбанкка қарши санкцияларни юмшатиш учун АҚШга босим кўрсатаётгани ҳақида ёзган эди. Туркия томони ҳам АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегация билан Анқарада ўтказилган музокаралар давомида Россиянинг Газпромбанкига нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўтарганди.

Мавзуга оид