Кроос дирижёр ролида. Зидан «Реал»ни яна қўрқинчли жамоага айлантирди
Мавсумдаги иккинчи класикода «Реал» ғалаба қозонди. Чемпионлар Лигасини учинчи марта ютгач «Реал»дан кетган Зидан яна Мадридга қайтди. Бу вақт давомида «Барселона»ни икки мураббий бошқаришга улгурди, аммо Каталония клубида айтарли ҳеч нарса ўзгармаган – жамоа ҳамон Мессига ишониб ўйнамоқда. Биласизми, Зидан «Барселона»ни Мадридда илк марта мағлуб этди. Зизу буни қандай уддалади?
Тушунарсиз «Барселона»
Ишонинг, «Барселона» сўнгги йиллардаги энг ёмон даврини бошдан кечирмоқда. Жамоа барча устунликларини йўқотгандек. Ғалабага умид бағишлайдиган биргина омил қолган – Месси. «Барселона» ёки «Реал»нинг қандай ҳолатда эканини билиш учун уларнинг ўзаро ўйини энг яхши ўлчов ҳисобланади. Биринчи даврадаги тўқнашувда «Барселона» мағлуб бўлмаслик учун майдонга тушиб буни уддалаганди. Кеча эса каталонияликлар айтарли ҳеч қандай мақсадсиз майдонга тушди. Ваҳоланки, «Барселона» учун бирламчи режа енгилмаслик ва турнир жавдалидаги етакчиликни сақлаб қолиш бўлиши керак эди. Ғалаба қозонишни ва бу орқали «Барселона»ни ортда қолдиришни мақсад қилиб майдонга тушган «Реал» эса бунга эришди. Хуллас, ўйинга аниқ режа билан тушган жамоа ғолиб бўлди.
Сетьен хато танловми?
«Барселона» Мессига ҳаддан ташқари боғланиб қолгани бор гап, лекин бу даражадаги катта жамоаларда мураббий ҳеч қачон сояда қолиб кетмаслиги керак. Айтайлик, Вальверде қатъият етишмаслигида айбланган бўлса-да, «Барселона» учун катта авторитетга айлана олганди. Шу сабабли Месси унинг кетганидан хафа бўлганини яширмади.
Вальверденинг ўрнига мураббий танлашда эса «Барселона» катта таваккалга қўл урди. Худди Мартин Брейтуэйтни сотиб олганда таваккал қилгани каби. Кўпчилик «Барселона» мухлислари унчалик яхши танишга ҳам улгурмаган Кике Сетьен класикода кўринмай қолди. Сетьен «Барселона» ва «Реал»ни «Бетис» билан «сурбетларча мағлуб этиш» ҳамда класиконинг даҳшатли атмосфераси ичида бўлиш ўртасида фарқ жуда катта эканини ўз танасида ҳис қилди. Ҳа, жаноб Сетьен, «Барселона»ни бошқариш далада сигир боқиш эмас.
Сетьен класикода шунчалик ҳаяжонландики, бир неча марта захира ўриндиғидаги жойига бориб ўтириб олди. Ўйиндан кейин Месси унга деярли қиё боқмай майдонни тарк этгани эса мураббийга яна бир оғир зарба бўлди. Вальверде «Рома» ва «Ливерпуль» билан ўйинларда ҳеч нарса қила олмаган бўлса-да, камида унинг жамоаси «Реал» олдида бунчалик бечораҳол бўлиб қолмаганди. Аҳвол шунчаликка етдики, «Наполи»га енгилса, Сетьеннинг жавоби берилиши ҳам мумкин.
Қўрқинчли ва янги «Реал»
Зиданни футболчилик вақтидаёқ кучли мураббий бўлади деб тахмин қилиш мумкин эди, аммо тўғриси у фаолиятининг бошидаёқ кетма-кет уч марта Чемпионлар Лигасини ютиши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмагандир. Ахир бу мусобақани ҳеч ким ҳатто икки марта ҳам кетма-кет ютмаган. Зидан «Реал»ни шундай жамоага айлантирдики, Чемпионлар Лигасини бошқа ҳеч ким юта олмайдигандек таассурот уйғонди. Аммо ажойиб кунларнинг бирида Зидан «Реал»дан кетишини эълон қилди. Бу вақтда Роналду ҳам жамоадан кетиши аниқ бўлиб улгурганди.
Бу «Реал» мухлислари учун чинакам тарсаки бўлди. Зизу нега кетгани ҳақида турли тахминлар билдирилди. Мантиқан олиб қараганда, Зиданнинг ўрнига камида Чемпионлар Лигасини ютган бирор топ-мураббий келиши керак эди, аммо Перес бундай қилмади. У ЖЧ-2018 бошланиши олдидан Испания миллий жамоаси мураббийи Хулен Лопетеги Мадриднинг янги мураббийи бўлганини эълон қилдирди. Оқибатда Лопетеги Испания миллий жамоасидан ҳайдалди. Ҳа, айнан ҳайдалди. Бундай тутуриқсиз мураббийни Рамос бошчилигидаги жамоа қандай кутиб олишини тахмин қилиш қийин эмасди.
Лопетеги дастлабки класикода шармандаларча мағлуб бўлди. Жамоа «Барселона»га 1:5 ҳисобида енгилгач мураббий ишдан кетди. Переснинг сўнгги йиллардаги иккинчи энг қўпол хатосидан сўнг (биринчиси Бенитеснинг олиб келиниши бўлганди) «Реал» шунчалик оғир аҳволга келиб қолдики, уни фақат бир киши қутқариб қолиши мумкин эди... Ва у одам севимли жамоасининг оғир авҳолга тушиб қолганини ҳазм қила олмади. Ҳа, Зизу «Реал»га қайтди.
Дарвоқе, Лопетегидан кейин «Реал»да бир муддат Сантьяго Солари ҳам ишлади, аммо «Бланкос»нинг собиқ футболчиси мураббийликдаги стартини яхши бошлаган бўлса-да, ЕЧЛда кутилмаганда «Аякс»га мағлуб бўлиб мусобақани тарк этди. Охири учта мавсумда бу мусобақа совринини ҳеч кимга бермаган жамоа учун эса бу кечирилмас мағлубият эди.
Зидан қайтганида «Реал» Европанинг ҳамма жамоаси қўрқадиган ЕЧЛни уч марта ютган клуб эмас, «Барселона»га 1:5 ҳисобида енгилган, «Аякс»нинг ёш болаларига ўз майдонида мағлуб бўлиб ЕЧЛни тарк этган жамоага айланиб қолганди. Зидан бу келишида «Реал»ни оёққа турғазишда жуда қийналди. Чунки биринчи келишида унинг обрўси берган инерсия катта роль ўйнаган, бундан ташқари жамоада Роналду бор эди.
Шундай бўлса-да, Зидан кучли мураббий эканини исботлай олди. Бу айниқса «Барселона»га қарши ўйинда кўринди. «Реал» биринчи бўлими тенг кечган ўйиннинг иккинчи бўлимида «Барселона»га ҳеч қандай имконият қолдирмади. Майдонда худди ўша Зидан билан ўзининг энг юқори даражасига чиққан «Реал» ва унинг даҳшатли босимда ўтадиган прессингини кўрдик. Фақат ижрочилар бироз янгиланганди.
Федерико Вальверде айнан шу класикода «Реал» учун қанчалик муҳим фигурага айланганини кўрсатди. У ўйиннинг энг яхши футболчиси деб ҳам топилди. Винисиус қандай ўйнаганини кўрдингиз. «Барселона»га қарши ўйинда бразилиялик вундеркинд чинакамига порлади. Зиданнинг олдинги келишида Асенсио ва Васкес очилган бўлса, энди айнан Винисиус ва Вальверде порламоқда. Ҳали Родриго, Браим Диас, Лука Йович, бундан ташқари ижарада юрган жуда кўп футболчилар бор. Зидан таркибдаги энг асосий икки юлдуз Азар ва Бэйлсиз ҳам «Реал»ни қўрқинчли жамоага айлантириб, бу жамоадаги асосий юлдуз айнан ўзи эканини кўрсатди.
Кроос
«Барселона» билан ўйинда «Реал» учун ҳал қилувчи футболчи Тони Кроос бўлди. Винисиуснинг голида германиялик футболчи қандай ўйнаганини кўрдингиз. Сўнгги беш йилликда шубҳасиз дунёнинг энг зўр таянч яримҳимоячиси ҳисобланган Кроос футболда интеллект нақадар муҳим омил эканини исботлади.
У худди дирижёр каби Винисиусга нима қилишни кўрсатди. Ўйин кетаётган вақтда қилди бу ишни совуққон немис футболчиси! Катта футболчилар етишиб чиқишида айнан Кроос каби ақлли футболчиларнинг хизмати беқиёс бўлади. Ажабмас, Винисиус вақти келиб «Олтин тўп»ни олганида саҳнага чиқиб Крооснинг ўша кўрсатмаси фаолиятини ўзгартириб юборгани ҳақида гапирса...
Зидан икки ўйиндан бирини танлади
«Реал» ЕЧЛ 1/8 финалининг биринчи ўйинида «Сити»га енгилач кўпчиликнинг хаёлига бир фикр келди: Зидан бор эътиборни «Барселона»га қаратган. Албатта, мураббий бу гапни рад этди, лекин мантиқан олиб қараса, бу тўғри тусмол эди. Тўғри, Зидан кийим алмаштириш хонасига кириб, «Йигитлар, ЕЧЛни 3 марта ютганмиз, «Сити»га ютқазиб берайлик, эътиборни «Барса»га қаратамиз», демаган. Аммо руҳан у учун асосий ўйин айнан класико эканини ҳис қилган. Бир томондан Ла Лигадаги совринсиз серия чўзилиб кетяпти, бошқа томондан номус масаласи. Класикода ютқазиш ҳар қандай ўйиндан ютқазгандан ёмонроқ «Реал» учун.
«Матч ТВ»да «Манчестер Сити» — «Реал» ўйини олдидан ташкил этилган студияда бир актёр ҳам чақирилди. Георгий Черданцев ўша актёрдан «Реал» икки ўйиндан бирини танлаш-танламаслиги ҳақида ноодатий тарзда сўради:
— Тасаввур қилинг, сиз бугун саҳнага чиқишингиз керак, муҳим спектаклингиз бор. Аммо 3 кундан кейин яна бир муҳим ролда ўйнашингиз керак, кучингизни қандай тақсимлайсиз?
— Мен фақат ҳозирги ролимни ўйлайман, кейин навбатдаги ролимга тайёрланишим мумкин.
Санъат ва футбол мана шу ерда келганда кесишмай қолади. Зидан икки катта ўйинда ҳам жисмоний жиҳатдан юқори ҳолатда бўлиш имконсиз эканини билган ҳолда куч тақсимотида «Барселона» билан ўйинга ён босди. Албатта, у «Сити»ни ҳам енгишни хоҳлаган, лекин кучни класикога тежашни ҳам эсдан чиқармаган. Футболда ҳиссиётлар ҳар қанча муҳим бўлмасин жисмоний имконият бирламчи бўлиб қолаверади.
Зидан Кроосни «Сити» билан ўйинда майдонга туширмади, бунинг сабабини сўраганларга эса бир футболчига боғланиб қолмаганмиз, мағлубият сабаби Кроос эмас деди. Лекин айнан «Сити»га қарши ўйнамаган Кроос класикода нималар қилганини кўрдингиз. Хуллас, Зидан ўзи билан ўзи ёлғиз қолганида «Барселона» билан ўйин, хусусан Ла Лига чемпионлиги муҳим эканини танлаган кўринади.
Яна бир жиҳат, «Сити» билан ўйиндаги хатони тузатиш учун яна бир имкон бор, аммо класикодаги мағлубиятга реваншни камида бу мавсумда олиб бўлмасди. Агар Зидан чиндан икки ўйиндан бирини танлаган бўлса, мантиқан тўғри иш қилган. Ахир у Зидан-да...
Ўткир Жалолхонов
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
12:23 / 15.12.2024