Ўзбекистон | 19:02 / 08.03.2020
27349
8 дақиқада ўқилади

«Дарров аёлни айблай бошламаслик керак» – «Ўзбекойим»да Шаҳноза Соатова

Шаҳноза Соатова – ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассис, журналистлик тажрибасига эга блогер. 2020 йил февраль ойидан бери Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар, давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Жамиятдаги фаол аёлларни танитиб борувчи «Ўзбекойим»нинг навбатдаги сонида Шаҳноза Соатова билан суҳбатлашдик.

У қонунларнинг ишлашидаги тўсиқлар, китобхонлик маданияти муаммолари, жамиятнинг аёлларга муносабати ва бошқа мавзулардаги қарашлари билан бўлишди.

«Ҳуқуқий саводхонликнинг ўзи етарли эмас – ҳуқуққа риоя қилиш кўникмаси ва хоҳиш ҳам керак»

– Инсон ҳуқуқни билиши мумкин, лекин унга амал қилиши, амал қилишни исташи бошқа масала. Гап фақат ҳуқуқий саводхонликнинг ўзида эмас.

Оддий мисол: ҳайдовчи йўлда пиёдани ўтказиб юбориш кераклигини билади, лекин ўтказиб юбормайди. Бу ҳуқуқни қўллашни исташи ёки бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш маъносида ҳайдовчининг ички маданиятига боғлиқ.

Ҳар бир бўғинда ҳуқуқий маданият билан муаммо бор. Мансабдорлар, давлат хизматчилари, оддий фуқароларда ҳам ҳуқуқий маданият билан муаммолар бор ва бунинг устида йиллар давомида ишлашимиз керак.

Маълумотни етказиб қўйган билан иш битмайди. Бир марта одамга маълумотни етказсангиз, бу – ахборот. Уни билимга айлантириш керак. Кейин кўникмага айлантириш, шу кўникмага риоя қилишга истак уйғотиш керак.

Умуман олганда, инсонларда қонунлар асосида яшаш қонунсиз яшашдан кўра ўзлари учун фойдали ва қулай эканлигини тушунишлари керак.

Бизда қонунга нисбатан менсимаслик бор, таъсирчанлик йўқ. Йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларимиз бор. Улардан энг каттаси – коррупция, уни жиловлаш қийин бўляпти.

Одамлар ҳамма қонунларни билиши имконсиз. Лекин иши тушиб борганда унинг ўз ҳуқуқини билмаслигидан у ердаги хизматчи фойдаланиб қолиши мумкин. Ҳуқуқини биладиган одамни алдаш қийинроқ. Шунинг учун одамлар ҳеч бўлмаса ўз элементар ҳуқуқларини билиши ва тепадагиларни пастдан туртиб туриши керак.

«Ўзбек тилини ўрганишдан манфаат бўлиши керак»

Шаҳноза Соатова

– Ўзбек тилининг тарғиботи суст даражада. Бошқа тил эгалари ўзбек тилини ўрганаман деганда уларга шуни сифатли тақдим этадиган на услубий қўлланмалар, на ўқув марказлари, на интернетда етарли контент мавжуд эмас. Бу нарса билан ҳеч ким ҳозиргача тизимли равишда шуғулланмаган. Ҳамма жойда ўзбек тилини ўргатувчи ахборотлар ёғилиб кетиши керак.

Тилни ривожлантириш учун таржима ривожланиши керак. Чунки бу тилда жуда кўп ўқиладиган нарса бўлиши керак. Жаҳон адабиёти, медиасида нимаики янгилик чиқса, тезда ўзбек тилида ҳам у пайдо бўлиши керак. Бу тилнинг ўзи учун машқ.

Ўзбек тилини ўрганишдан одам ўзига манфаат кўриши керак –истаймизми-йўқми, капиталистик дунёда яшаяпмиз.

Китобхонлик маданияти муаммолари

1. Китобхонлик бизда тобора сусайиб боряпти. Ўзи ўйлаб қарасак, тарихда қачон жуда китобхон миллат бўлганмиз? Биз ҳар доим нисбатан кам ўқиган миллат бўлганмиз. Мана шу менталитет билан курашишимиз керак.

Китоб бозорини ривожлантирувчи бу – ўқувчилар. Бу бозор. Талабга яраша таклиф бўлади. Кўп, яхши ва сифатли ўқишни истайдиганлар учун кўп, яхши ва сифатли китоб чиқарилади.

2. Ўзимизда хоҳ илмий, хоҳ бадиий бўлсин ― асарлар кам яратилаётгани факт. Бунга биринчи сабаб ― цензура. Иккинчи сабаб ― ғоясизлик. Бу ҳам адабиётимизни ўлдирди. Анча йиллар давомида на замона қаҳрамонини, на мафкурани белгилаб ололмадик. Нимани ёзсин, нимани олиб чиқсин ёзувчи?

3. Муаллифлик ҳуқуқи билан муаммоларимиз жуда ҳам кўп. Китоб бозорининг катта қисмини контрафакт маҳсулотлари эгаллаб олган. Ношир ўзи меҳнат билан тайёрлаган китобни 20 минг сўмдан чиқаради. Бу яхши китоб. Уни қароқчилар дарров олишади, сканер қилишади, оддий қоғозга туширишади, кечаси қандайдир нашриётда тикишади. Кейин бозорда 5-6 мингдан сотишади. Ўқувчига фарқи йўқ, унга мазмун керак. Ўша мазмунни 20 мингли китобдан оляптими, 6 мингли китобданми ― фарқи йўқ. Натижада, ношир қилган меҳнатига куйиб қоляпти, муаллифга муаллифлик ҳақини тўлай олмаяпти, муаллиф эса бошқа яхши контент ёзолмаяпти.

Агар бундай қароқчиликка чек қўймасак, бизда ҳеч қачон яхши, маърифат улашувчи китоблар ҳам, илм ҳам бўлмайди. Ўрнига четдан келаётган китоблар, мафкуралар... Кейин унга ҳам кўнишимизга тўғри келиб қолади.

4. Одамларнинг харид қобилияти ҳам рол ўйнайди. Чунки бирламчи эҳтиёжлардан ортиб китоб сотиб олишади.

Ноширлар яқинда китоб маҳсулоти учун белгиланган қўшилган қиймат солиғига жуда кўп эътироз билдиришяпти. Умуман олганда, ҳамма жойга бир хил солиқ принципларини қўллаш тўғри. Лекин баъзи соҳаларга ҳомийлик керак.

Руслар мактаб давомида ҳар бир ўқувчи ўқиб чиқиш керак бўлган 100 китоб рейтингини тузишган. Тасдиқлаб, барча таълим муассасаларига тарқатишган. Бизда ҳам шундай рўйхатлар бўлиши керак.

Шу ўринда ўзим тавсия қилишим мумкин бўлган адабиётлар: Габриел Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси», Назар Эшонқулнинг «Уруш одамлари», Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Галатепага қайтиш» асарлари, Окутагава китоблари.

«Монопол ташкилотлар ўзгариши керак»

– Фаолияти менга маъқул бўлган ташкилот сифатида Танзила Камоловна бошчилигидаги Сенатни айта оламан. Ахборот очиқлиги масаласида Ички ишлар вазирлигини айтишим мумкин. Тизимнинг ўзида муаммолар кўп, аммо айнан ахборот соҳасида кўпчилик бу вазирликни тан олади.

«Ўзбекистон почтаси» жуда ҳам жаҳлимни чиқарди, у ҳар доим жаҳлимни чиқаради. Умуман, монопол ташкилотлар ўзгариши керак. «Матбуот тарқатувчи», «Ўзкитобсавдо». Булар маърифат тарқатувчи ташкилотлар. Уларнинг ҳаммаси ўзгариши керак.

«Аёлларни айблашга аввалдан тайёр турмаслик керак»

– Жамиятни ўзгартириш имконияти қўлимда бўлганида, биринчи галда эркакларнинг раҳбар аёлларга муносабатини ўзгартирган бўлардим. Ўзим бундай ҳолатга дуч келмадим, лекин охирги вақтлардаги баҳслар таъсирида бўлса керак... Улкан натижаларга эришган Азиза Шоназаровага ўхшаган ватандошлар ҳақида ҳам ёмон гапларни гапиришди. Хорижда вафот этган Нодира Қодирова масаласини ҳам айтиш мумкин.

Умуман, раҳбар аёлларга эмас, аёлларга муносабатни ўзгартиришни истардим. Аёлларни айблашга аввалдан тайёр турмаслик керак. Нима бўлса ҳам, «Балки ўзидадир айб?!» деган нарсани хаёлига келтирмаслиги керак одамлар. Чунки ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳеч ким бахтсиз бўлишни истамайди. Ҳеч ким ўз юртидан ташқарида хор бўлиб ўлишни истамайди. Ҳеч ким оиласи бузилишини, бева қолишни истамайди.

Оила бузилса, биринчи галда аёл айбдор бўлмаслиги, икки кишининг ҳам масъулияти тенг бўлиши керак.

Бирор аёл раҳбарликка келганда ҳам унда аввало аёлни эмас, раҳбарни кўра олиш даркор. Келибдими, демак, аёлликдан ташқари қайсидир сифати билан келди. Инсонни аввало шахсий сифатлари билан баҳолашга ўтишимиз керак.

Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи ― Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид