ИИБнинг шармандали “резултат”и ҳамда “ясалган” жиноят: хаста ва ҳимоясиз аёл қамоққа ташланди
Қибрай туманида 35 ёшли аёл ИИБ “ясаган” жиноятнинг қурбони бўлди. Иш “жудаям саёз ва процессуал нормаларга мутлақо зид олиб борилгани”, уни кўрган судя эса “осмонга қараб” ҳукм чиқаргани оқибатида боқувчисиз бир оила пароканда қилинди. Бу нотўғри ишлар ортидан умри етимлик ва сарсонликда ўтган аёлнинг қисмати фарзандларида ҳам такрорланмоқда: отасиз болалар онасиз ҳам қолишди.
“Мен боламни сотмадим”
2024 йилнинг 29 март куни Қибрай туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Зулхумор ўзининг яшаш хонадонида “2014 йилда туғилган қиз фарзандини 2 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида” ушланган. Аёлнинг 2011 йилда туғилган ногирон ўғли ҳам бўлган.
Зулхумор суд мажлисида фарзандини сотиш нияти бўлмаганлигини, уни боқиш учун ўзига тўқ оилага бериш нияти бўлганлигини айтган.
“Ўғлим ногирон, оилада ёлғиз боқувчиман. Фарзандларимни интернет тармоғида ва Тошкент шаҳридаги Чорсу бозорида кийим-кечак сотиш орқали боқиб келганман. Ўзим қандли диабет касаллигига чалинганман. Шунингдек, буйрагимнинг ҳам бир қисми ишламайди. Шу сабабли, оғир меҳнат билан шуғуллана олмайман.
Фарзандларимни боқишга қийналганим туфайли қизимни фарзандга муҳтож, ўзига тўқ оилага беришни режалаштиргандим. Уни сотиш мақсадим бўлмаган”, деган у.
Суд ҳужжатида келтирилишича, “харидорлар” бир неча бор пул таклиф қилиб, уни боласини сотишга далолат қилган. Ҳатто тадбир уюштирилган ўша куни ҳам аёл боласини сотмаслигини айтган. Аммо охир-оқибат барибир “резултат” учун жиноят иши “ясалган”.
Терговнинг ноҳақлигидан куйган Зулхумор суднинг адолатсизлигини ҳам кўришга мажбур бўлади: жиноят ишлари бўйича Қибрай туман судининг 2024 йил 26 июндаги ҳукми билан у Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Аёлга нисбатан 8 йил (!) озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Етимлик ва сарсардонликда ўтган умр
Зудхуморнинг синглиси шундай ҳикоя қилади:
“Мен 1 ёш, опам 3 ёш пайтимизда отам вафот этган. Қийинчиликда катта бўлдик. Ҳеч ким ҳатто амакиларим ҳам бизга қарашишмаган. Онам сут-қатиқ сотиб бизни боқарди, сумкалари оғирлигидан бири қўйиб, бирини кўтариб бозорга борарди.
Опамни 19 ёшида турмушга узатишди. Қуда томоннинг ёши катта бемор яқини тўй кўриб қолсин деб шошилинчда ўтказишди. Кейин билсак поччамда хасталик бор экан. 8 ой яшаган опам ҳомиладор ҳолида уйга қайтиб келди. Орадан бир неча ой ўтиб ўғил кўрди – унга Диёрбек деб исм қўйдик. Бола ақли заифлик билан туғилган эди.
Қариндошлар, амакиларим ҳатто онам ҳам болани меҳрибонлик уйига бериб юбориш кераклигини айтишди. Улар боланинг ақли заифлиги отасидан ўтган дейишарди. Лекин опамнинг кўзи қиймади фарзандини беришга, ўзи катта қилди.
Вақт ўтиб бола сал каттароқ бўлганда онам “мендан кейин ёлғиз қолма” деб яна турмушга берди. Афсус, бу турмуши ҳам ўхшамади. 2-турмушидан бир қиз туғилганди. Лекин отаси болага ҳатто фамилиясини ҳам бермади”.
2-турмуши ҳам ўхшамаган Зулхумор икки фарзандини худди онаси каби сут қатиқ сотиб ўзи боқишга ҳаракат қилади. Аммо қандли диабетнинг оғир тури билан хасталанган онасининг ҳам вафотидан кейин қариндошлари бу ўлимда уни айблашади. Бу айблов унинг икки марта ўхшамаган турмуши, ногирон фарзанд билан яшаётгани туфайли эди.
Онасининг вафотидан кейин у ерда яшаши қийин бўлган Зулхумор уйни арзон гаров – 30 млнга сотади. Ўрнига уй олишни режа қилади, аммо ўзидаги қандли диабет, ногирон фарзандининг парвариши, уйнинг ижара тўлови сабаб пуллар ишлатилиб кетади. Пуллари тугагандан кейин оиланинг яшаш тарзи янада оғирлашади.
Бир куни сингилга ИИБдан телефон бўлади. Улар опаси Зулхумор 10 ёшли қизини 2000 АҚШ долларига сотаётган пайтда қўлга олинганини айтишади.
Ҳозирда Зулхумор қамоқда. Бири ногирон, бири 10 яшар болалари эса меҳрибонлик уйида. Синглиси эса 13 ёшли ногирон фарзандини ногиронлар уйига топширишни истамаган опаси бундай ишни қилишига ишонмайди.
“Бу уюштирилган ҳодиса”
Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов буни “ясама” жиноят деб атади:
“Жамиятимиз ҳуқуқшунослари Зулхумор Абдураҳимовага оид жиноят ишини кўриб чиқишди. Иш жудаям саёз, процессуал нормаларга мутлақо зид олиб борилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида гўёки ўзларини ишлаётгандай қилиб кўрсатиш авж олди. Ҳолбуки улар шундай ясама жиноятлар билан шуғуллангани сабабли катта-катта жиноятчиларга навбат ҳам келаётгани йўқ.
Бунинг ясамалиги шундан иборатки, биринчидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари муляж пуллардан фойдаланишган. Иккинчидан аёлнинг яшаш шароити инобатга олинмаган, учинчидан эса бу ҳодисанинг уюштирилганлиги. Энг муҳими шу”.
Ташанов бу ишда ёлланма одамлардан фойдаланиш эҳтимоли борлигини таъкидлади.
“Жиноят иши нотўғри малакаланган, ҳаттоки гуруҳ-гуруҳ қизларни хорижга жўнатаётганларгаям бунақа жазо берилмаган. 8 йил жазо муддати бериляпти – бир боласи ногирон, ўзи касал. ИИБ идораларининг гўёки “очган” жиноятларидан кейинги ҳолатни тасаввур қилинг. Отасиз болалар онасиз ҳам қолишяпти, бу жуда аянчли манзарани келтириб чиқаряпти.
Ўйлаймизки, тегишли идоралар бу ишни сал инсоф қилиб иш бўйича адолатли тўхтамга келишади” деди жамият раиси.
Албатта, ҳар қандай жиноят жазосиз қолмаслиги керак. Аммо Зулхумор сингари ҳимояга муҳтож инсонларнинг “ясама жиноятчи”га айлантирилиш ҳолатлари ҳам учраб турибдики, буларга эътибор қаратишни тегишли ташкилотлар зиммасида қолдирамиз.
Гулмира Тошниёзова,
журналист
Оператор: Абдуқодир Тўлқинов
Мавзуга оид
11:34
Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилмоқда
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
11:34 / 09.12.2024
“Озодликнинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди” — афв этилганлар ҳикояси
19:25 / 02.12.2024