Топ-10: «Реал» биринчиликни топширди ва ҳафтанинг бошқа воқеалари
Якунланган ҳафтада кучли бешлик чемпионатларида бир қатор қизиқ учрашувлар бўлиб ўтди. Францияда коронавирус туфайли «ПСЖ» ўз ўйинини кейинга қолдирди, Италияда коронавирус туфайли «Ювентус» мухлисларсиз стадионда тўп сурди ва асосий рақиби «Интер»ни таслим этди, Германияда ҳам «Бавария» яккапешқадамлигини давом эттирмоқда, Англияда «МЮ» «Сити»ни мағлуб этиб, «Ливерпуль»нинг чемпионлигини тезлаштирди, Испанияда «Бетис»нинг каталониялик футболчилари «Реал»ни мағлуб этиб, «Барселона»ни биринчи ўринга қайтаришди.
Коронавирус ва футбол
Коронавирус, аста-секинлик билан Европани, хусусан футболни ҳам забт этишни бошлади. Айниқса, бу касаллик кенг тарқалаётган Италияда чемпионат ўйинларини ўтказиш хавф остида қолмоқда. Футболчиларни ҳимоя қиладиган касаба уюшмаси ҳатто А Серияни апрелгача тўхтатиб туриш таклифи билан ҳам чиқди.
Ҳозирча бундай қарор қабул қилинмади, фақат ушбу турдаги аксарият ўйинлар қолдирилди, шунингдек, кейинги турларда ўйинлар ёпиқ, яъни томошабинларсиз ўтиши келишиб олинди. Чемпионатнинг энг марказий тўқнашувларидан бири – «Ювентус» – «Интер» учрашуви мана мухлисларсиз ўтди. Баъзи ўйинларда эса, футболчилар маска таққан ҳолатда майдонга тушишди.
Бундан ташқари, УЕФА ҳам ўйинлар бошланаётган пайтда қўл бериб сўрашишни тақиқлаган. Францияда «ПСЖ» – «Страсбур» ўйини қолдирилди. Англияда эса коронавирус янада хавфлироқ тус оладиган 70 ёшдан ошган кишиларни стадионга киритишни тақиқлашмоқчи.
Соврин учун кураш Турин ва Рим ўртасида кечади
Томошабинларсиз ўтган ўйинда «Ювентус» «Интер» устидан Аарон Рэмзи ва Дибаланинг голлари эвазига ишончли ғалабага эришди ва рақибидан 9 очкога илгарилаб кетди. Тўғри, миланликлар захирасида бир ўйин бор, лекин шунда ҳам, олти очколик фарқни йўққа чиқариш Конте шогирдлари учун имконсиз эканини мураббий ҳам тушуниб турибди.
«Ювентус» бир неча йилдан бери шу даражага келди, биз эса, янги жамоа қуришни бошлаганимизга етти ой бўлди холос», – деб вазиятга реал қарашга чақирди ўйиндан сўнг Антонио Конте.
Энди буёғига туринликлар йўлида «Интер»дан кўра, «Лацио» каттароқ ғов бўлса керак. Биринчидан, бу жамоалар ўртасидаги фарқ бир очкони ташкил қиляпти, холос. Иккинчидан, «Ювентус»ни қандай ютишни ўрганиб олган ва сўнги 2 ўзаро ўйинни ютган «Лацио»да ҳали яна бир ўзаро ўйин турибди. Учинчидан, «Ювентус»ни ЕЧЛнинг қийин даври кутмоқда, «Лацио»да эса А Сериядан бошқа турнир йўқ. Кузатамиз.
«Бошоқшеҳир» яна пешқадам
Уч йилдан буён «Истанбул Бошоқшеҳир» баҳорни Туркия Суперлигаси пешқадами сифатида бошлаяпти, лекин ёки «Бешиктош» ёки «Галатасарой» тажриба эвазига совринни ютиб кетмоқда.
Тўғри, агар «Трабзонспор» ўз ўйинини ютиб олса, очколар сони тенглашади, лекин бу сафар Окан Бурук шогирдлари янада жиддий ва етарли тажриба билан ҳал қилувчи паллага етиб келишди. Жамоа қаторасига уч ўйинда ишончли ғалабага эришиб келмоқда, шунингдек, Европа Лигасида «Спортинг»га 1:3 ҳисобида ютқазиб, ажойиб камбекни амалга оширди ва ўз майдонида 4:1 ҳисобида устун келди.
Энг қизиғи, кейинги турда «Истанбул Бошоқшеҳир» сафарда айнан «Трабзонспор»га қарши майдонга тушади. Бу ўйин чемпионлик масаласида жуда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Пешқадамлардан уч очкогина кам тўплаган «Галатасарой» эса ўлжа пойлагандек таъқиб қилиб келмоқда.
Испанияда ЕЧЛ учун баҳс
Испанияда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун жуда муҳим бўлган учрашув бўлиб ўтди. Симеоне шогирдлари бу ўйинда ғалаба қозониб, 3-ўринга чиқиб олиш имкониятини қўлдан бой беришди. Биринчи бўлимни 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунлаган томонлар иккинчи бўлимда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди ва ҳисоб ўзгармади. Қизиғи, бу «Атлетико» ва «Севилья»нинг ўзаро ўйинлардаги кетма-кет тўртинчи дурангидир. Олдинги уч ўйин бир хил – 1:1 ҳисобида якунланганди.
Яхшиямки, Топ-4 учун курашаётган барча жамоалар бу турда очко йўқотишди. «Хетафе» ўз майдонида «Сельта» қаршилигини синдира олмаган (0:0) бўлса, «Валенсия» ва «Вильярреал» аутсайдерлар билан ўйинларда очко йўқотишди. «Сосьедад» эса «Камп Ноу»да муносиб қаршилик қила олган бўлса-да, Мессининг пенальтидан урган голи туфайли мағлубиятга учради.
«Бавария» яна чемпион?
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор. Германияда доим барқарор, кучли жамоалар пайдо бўлишади, навбати билан турнир жадвалини бошқаришади ҳам, лекин у пайтларда ўз муаммолари билан ўралашиб юрган «Бавария» вақти келганида, яна катта саҳнага чиқади. Таркибнинг сифати ва захира ўриндиғининг кучи мана шу ерда билинади. «Бавария» сўнгги 11 учрашувнинг 10тасида ғалаба қозонди. Энди мюнхенликларнинг яқин таъқибчи билан фарқи 4 очкони ташкил қилмоқда.
Эсингизда бўлса, мавсум бошида Левандовски ҳар ўйинда гол урар, унинг ёрдамисиз «Бавария»ни тасаввур қилиб бўлмасди. Лекин ҳозир, польшалик ҳужумчи жароҳатда, майдонга тушмаяпти, лекин таркибда Мюллер, Гнабри, Киммих, Коутиньо, Горетцка каби футболчилар масъулиятни ўз зиммаларига олишмоқда. «Бавария»нинг Бундеслигадаги рақибларида бундай шароит йўқ.
Жозе яна босим остида
Маълум вақт Жозе билан барқарорликка эришган «Тоттенҳэм» яна эски нуқтага қайтиб келди. Тўғри, ҳозирги ҳолат Кейн ва Соннинг жароҳати, Эриксеннинг жамоани тарк этиши билан ҳам боғланиши мумкин, аммо «Бёрнли»га қарши ўйин ҳар томонлама жуда ёмон чиқди.
«Бёрнли» бу ўйинда деярли 3.5 xG яратди, бу ушбу турдаги энг катта кўрсаткичдир. Агар вазиятлардан унумли фойдаланилганда, ҳисоб бемалол 4:1 кўринишида мезбонлар фойдасига якунланиши мумкин эди. Яъни бу ўйинда «Тоттенҳэм» икки очко йўқотишдан кўра, бир очкога эга бўлди, дейиш ҳақиқатга яқинроқ.
Бу «Тоттенҳэм»нинг қаторасига 5-ғалабасиз ўйинидир. 7 ўйиндан бери жамоа ўз дарвозасини дахлсиз сақлай олмаяпти. ЕЧЛда «Лейпциг»га қарши жавоб ўйини олдидан «Тоттенҳэм»нинг аҳволи мана шунақа.
Златаннинг сеҳри тугадими?
Аслида бу ерда бироз парадоксал ҳолат ҳам бор. Златаннинг келиши «Милан»нинг натижаларига сезиларли ижобий таъсир кўрсатгани табиий – жамоа қаторасига 10 ўйинда фақат бир марта, Милан дербисида мағлубиятга учраганди, холос. Лекин яна қизиқ тарафи, айнан Ибраҳимович гол урган ўйинларда «Милан» якунда уч очкога эга бўла олмаяпти. «Интер»га қарши ўйинда Златан гол урганди, ўйин 2:4 ҳисобида кўк-қоралар ғалабаси билан тугади. Энди эса, швециялик ҳужумчининг яна бир голи «Милан»га фойда бермади. «Женоа» унгача икки гол уриб улгурганди.
Натижада «Милан» «Наполи»га етиб олиш имконини қўлдан бой берди.
Манчестер - қизил
Ўйиндан сўнг, бутун ижтимоий тармоқлар, футбол олами «Манчестер – қизил» иборалари билан тўлиб кетди. Ушбу мавсумдаги тўрт Манчестер дербисидан учтасида қизиллар ғалаба қозонганликлари бу иддаонинг исботидир.
Сульшернинг «МЮ»си қайсидир маънода, бир неча йил олдинги Клоппнинг «Ливерпул»ини эслатиб юбормоқда. Йўқ, ўйин услуби, ҳужумкорлиги билан эмас, бутунлай тескари – «Ливерпуль» аввалига хаос яратиб, уни аста-секинлик билан бошқариладиган ҳолатга келтирган бўлса, Сульшер аввал тартибни жорий қилиб, аста-секин креативликни ошириб боряпти. Бруно Фернандешнинг трансфери бу йўлдаги дастлабки қадамлардан бири бўлди. Ўша «Ливерпуль» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида битта ўхшашлик бор – беқарор натижалар, мана шундай эмоционал, алоҳида ўйинлардаги катта ғалабалар билан алмашиб турибди.
Кеча ҳам, аслида «МЮ» ҳали кучли тўртликка ҳам кирмаган бўлса-да, бир қатор ижобий рекордларни урди. Жамоа 60 йилдан бери биринчи марта, бир мавсумда ҳам «Сити», ҳам «Челси»ни икки мартадан ютишга муваффақ бўлди, масалан. Албатта, барқарорлик ҳам келяпти – «Юнайтед»нинг мағлубиятсиз серияси 10 ўйинга етди. Агар Европа Лигасидаги ЛАСК билан ўйинда ҳам манчестерликлар ютқазишмаса, Сульшернинг мураббийликдаги шахсий рекорди такрорланади.
«Сити»чи? «Сити»нинг фронти бошқа. АПЛда яхшигина фарқ билан орқада бораётган Пеп Гвардиола бор эътиборини «Реал» билан ўйинга қаратиши табиий. Шунинг учун мураббий дербидаги натижадан кўра, ўйиннинг умумий бориши, баъзи футболчиларнинг аҳволига кўпроқ эътибор қаратгани табиий. Ва албатта, Кевин де Брюйнесиз жуда қийин бўлар экан.
«Реал» яна пешқадамликни бой берди
Якшанба оқшоми яна бир эътиборли натижа билан тугади. «Бетис» клуби ўз майдонида «Реал»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва турнир жадвалида иккинчи ўринга тушириб юборди. Умуман, андалусликлар уч ўйиндан бери «Реал»га ютқазмай келаётганликларини ҳам таъкидлаш керак.
Гап серия ҳақида бўлса, «Реал» охирги беш ўйиндан атиги бир марта - класикода ғалаба қозонганини таъкидлаш керак. Демак, ўша натижа кўпроқ «Барселона»нинг ёмон ўйини натижаси деб баҳолаш мумкин. Зеро, Зидан шогирдлари сўнгги бир ойда Испания кубогидан чиқиб кетди, Европа Чемпионлар Лигасида қониқарсиз натижа кўрсатилди, шунингдек, Ла Лигада уч ўйинда очко йўқотиб, жуда ёмон спорт формасида эканликларини намойиш қилишмоқда.
Дарвоқе, ҳал қилувчи гол Карим Бенземанинг хатосидан сўнг, «Барселона» тарбияланувчиси Кристиан Тельо томонидан урилди.
Бу турда «Реал Сосьедад»ни кичик ҳисобда мағлуб этган «Барселона» яна пешқадам.
Лэмпард ва унинг устозлари
Бу йил юқори дивизионда дебют мавсумини ўтказаётган Фрэнк Лэмпард изланмоқда, ўзи каби ёш ва тажрибасиз футболчилар билан бирга жиддий мақсадларни кўзламоқда. Ҳа, баъзида ўхшаяпти, баъзида йўқ, лекин Фрэнк бир нарсада барқарор – устозларни жазолашда.
Френк Лэмпард «Челси» билан 4 марта Англия чемпиони бўлган. Уч марта Жозе Моуриньо билан ва бир марта Карло Анчелотти қўл остида. Қизиғи, Лэмпард айнан мана шу мураббийларга қарши ўзининг энг яхши ўйинларини намойиш этмоқда. «Челси» Жозе Моуриньо қўл остидаги «Тоттенҳэм»ни икки марта мағлубиятга учратди. Бу оқшом эса Карло Анчелотти «Эвертон» билан «Стемфорд Бриж»га ташриф буюрганди. Яқиндагина Дункан Фергюсон билан бирга «Челси»ни 3:1 ҳисобида ютган, умуман тўрт ўйиндан бери бу жамоага ютқазмай келаётган «Эвертон» билан...
Лекин Фрэнк Лэмпард анъанасига содиқ қолди ва меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 4:0. Бу Лэмпарднинг АПЛдаги энг йирик ғалабасидир. Ҳозирча.
Мавзуга оид
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024
«Барса» яна аутсайдерга ютқазди, «Сити» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
12:23 / 15.12.2024