Жамият | 18:58 / 10.03.2020
17280
12 дақиқада ўқилади

«Олимнинг асосий муаммоси оила боқиш бўлиб қолганди» – геолог Абдураззоқ Мирзаев билан суҳбат

Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими раиси, геология-минералогия фанлари доктори Абдураззоқ Мирзаев геология илми, ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, кадрлар тайёрлашдаги муаммолар юзасидан фикр билдириб, уларнинг ечими бўйича ўз таклифларини билдирди.

Фото: Абдураззоқ Мирзаев шахсий фотоальбомидан

– Яқин ўтмишда, яъни бундан 30-40 йил илгари юртимизда геологик тадқиқотлар жуда самарали олиб борилар эди. Бунга, албатта, Ўзбекистон ҳудудининг геологик тадқиқотлар олиб боришга қулай географик шароити, геологик ривожланиш босқичларига тааллуқли тоғ жинсларини ўз ичига олган вулқон, метоморфик ва чўкинди ётқизиқлар очилмалари, тектоник ҳаракатлар натижасида туб жинсларнинг ер юзига яқин жойлашган тоғлар тизмаларини ҳосил қилиши ва бу тоғ тизмаларининг маъдан ва номаъдан конлари бойлиги сабаб бўлган.

Мисол учун, собиқ иттифоқ даврида жами қазиб олинадиган олтиннинг учдан бир қисми биргина Қизилқумдаги Мурунтоғ конидан қазиб олинган.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда геологларнинг ўрганиш объекти бўлган фойдали қазилмаларга бой тоғларнинг мавжудлиги ҳамда ҳудуддаги иқлимнинг йил давомида геологик тадқиқотлар олиб боришга мослиги, айниқса ёз ва куз фаслларида экологик тоза мева-сабзавотлар тўкин-сочинлиги, бутун собиқ иттифоқ геологлари ҳамда соҳага оид олимларни оҳанрабо каби тортган. Натижада ўзбекистонлик геолог олимлар билан самарали илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Абдураззоқ Мирзаев шахсий фотоальбомидан

Албатта, ҳозирда бу тадқиқотлар ҳисоботларининг катта қисми собиқ иттифоқ геология вазирлиги фондларида сақланмоқда.

Ўша даврларда нафақат геолог амалиётчилар, балки кончилар билан ҳам геолог олимлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилинар эди. Масалан, Х.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти олимлари, институт директори Иброҳим Ҳамрабоев бошчилигида Мурунтоғ кони Илмий-техник кенгаши мажлисларига таклиф этилиб, кондаги қазиб олиш жараёнидаги геологик тадқиқотлар натижадорлигини назорат қилишар, тавсиялар беришар эди.

НКМК томонидан эса Мурунтоғ посёлкасидан институт олимларига тадқиқотларни самарали олиб боришлари учун иккита 6 хонали коттежлар дала экспедиция полигони ташкил этиш учун ажратилган эди. Бундай имкониятдан институт олимлари нафақат НГМК объектларида, балки бутун Қизилқум ҳудудини ўрганишдаги дала тадқиқотларида фойдаланишган.

Конлардан маъданларни қазиб олувчи ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари, геолог амалиётчилар ва геология соҳаси олимларининг самарали ҳамкорлиги натижасида «устоз-шогирд» анъаналарининг самарали механизми сифатида, Ўзбекистонда геология соҳасида бир қанча илмий мактаблар яратилган эди.

Афсуски, бугунги кунда ушбу мактаблар самарадорлиги жуда паст. Албатта бунга сабаб, қарийб 25 йил давомида илм-фанга эътиборнинг пасайиб кетганлиги бўлди.

«Олимнинг асосий муаммоси оила боқиш бўлиб қолганди»

– Олимларимиз оила тебратиш учун бозорларга чиқиб савдо қилишга, қўлидан келганлари тадбиркорлик қилишга ўтиб кетишди. Албатта, ҳамма ҳам тадбиркорлик қила олмайди, унга ҳам қобилият керак. Қолган қисми қайсидир илмий даргоҳда, ишлаб чиқариш корхонасида ёки фирмада кўпроқ ойлик маош берса, ўша жойга бориб ишлашга мажбур бўлишди.

Натижада кучли илмий-тадқиқот институтларида устозлари атрофида жамланган дунё тан олган мактаблар вакиллари тарқалиб кетишди, ўртадаги ҳамкорлик йўқолди. Илм билан шуғулланиш хоббига айланди, олимлар бошини қотирган асосий муаммо оила боқиш бўлди.

Абдураззоқ Мирзаев шахсий фотоальбомидан

Олимларнинг фикрича, дунёда ҳар қандай давлатнинг ривожланиши 16 фоиз ишлаб-чиқариш воситаларига, 20 фоиз хом ашё базасига, 64 фоиз эса илмий салоҳиятга боғлиқ. Бунга мисол сифатида Япония ва Жанубий Африка давлатларини келтиришимиз мумкин.

Японияда фойдали қазилма бойликлари деярли йўқ, иккинчисида дунёдаги энг катта олтин кони – Витватерсранд мавжуд, лекин давлатларининг ривожланиши ер билан осмон сингари.

Бу ўринда Хитой файласуфи Конфуцийнинг: «Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк. Ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт кўкартир. Асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илмли қил», деган ҳикматли сўзларини келтириб ўтиш жоиздир.

Президентимиз томонидан илмга берилаётган катта эътибор, албатта, юртимизнинг илмий салоҳиятини бир пайтлардагидек юқори кўтариш имкониятини беради.

Ҳозирги кунда фан доктори илмий унвонига эга олимлар 1000 долларгача ойлик маош олаяпти. Энди улар рўзғор ташвишини ўйламасдан, бемалол юртимиз иқтисодий ривожига ҳисса қўшадиган илмий тадқиқотларини олиб боришлари мумкин.

Бундан ташқари, жорий йилдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган фан номзодларининг ойлик маошларига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.

Албатта, бунда устама ҳақ олиш учун олимнинг илмий фаолияти маълум критерияларга жавоб бериши керак. Ҳамма олимнинг илмий салоҳияти юқори даражада натижадор бўлмайди. Энг асосийси – энди олимларда фаол ишлаш учун стимул бор, манфаатдорлик бор. Бу бугунги кунда давлатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлайдиган энг мақбул ва ўзининг самарасини тез берадиган, илм-фаннинг ривожига олиб келадиган оқилона ёндашувдир.

«Геологнинг болғаси тегмаса, янги конлар очилмайди»

Ўзбекистон Геология фанлари университетининг ташкил этилиши, кейинги 30 йилда тарқалиб кетган илмий мактабларнинг қисман бўлса-да қолган вакилларини бир командага йиғишга ва уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишга имкон беради.

Ушбу олимлар битта университет қошида танлов асосида ҳам ўқув жараёнида фаол қатнашиши, ҳам замонавий илмий-тадқиқот лабораторияларда битта жамоа бўлиб, бор илмий салоҳиятларини жалб қилган илмий тадқиқотлар олиб бориш имкониятига эга бўладилар.

Абдураззоқ Мирзаев шахсий фотоальбомидан

Айниқса, университет қошида юртимизнинг тоғ-кон саноати флагманлари бўлган НКМК ва АКМК томонидан молиялаштириш ҳисобига ташкил этиладиган «Геоинновацион лаборатория» нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ягона замонавий илмий-тадқиқот лабораторияси бўлади.

Албатта, ушбу саъй-ҳаракатлар натижа бериши учун 5-10 йил керак бўлади. Бизнинг бошқа йўлимиз йўқ, биз юртимизга садоқатли, касбига фидойи бўлган етук геолог кадрларни ўзимиз тайёрлашимиз керак.

Мен геолог олим сифатида бир нарсага аминман: геологнинг болғаси тегиб, унинг ўзи ётқизиқларни бевосита ўрганиб, тоғ жинсларидан намуналар олиб, тадқиқот қилмас экан, янги конлар очилмайди.

Бошқа барча замонавий усуллар, хоҳ у космосдан тадқиқ қилиш бўлсин, хоҳ бошқа геофизик, геохимик усуллар бўлсин — иккиламчи даражадаги усуллар бўлиб, конларни тахминий башоратлашгагина ёрдам беради. Шунинг учун соҳанинг келажаги етук геолог мутахассислар тайёрлашдек долзарб муаммо ечимига боғлиқ.

Кадрлар тайёрлашдаги муаммолар

– Кейинги 30 йилда юртимизда кадрлар тайёрлашда бир хилда умумлаштириш тамойили қўлланиб келинмоқда. Геология соҳасидаги талабаларга ҳам гуманитар йўналишларидаги каби, битирув малакавий ишлари мавзулари ўқишнинг дастлабки босқичларидаёқ белгилаб берилмоқда, яъни ҳали тўрт йилдан кейин ёзилиши керак бўладиган диплом иши темаси ва унга раҳбари тайинланади.

Аслида, талаба ишлаб чиқариш амалиётидан келгандан кейин, унинг амалиёт ҳисоботи кафедрада муҳокама қилиниб, талаба тўплаган материаллар асосида диплом мавзуси белгиланиши керак. Лекин кейинги йилларда аксарият талабалар  ўзлари ёзган битирув малакавий ишлари объектларининг қаерда жойлашганини ҳам билишмайди, чунки улар амалиётга бормаган, борган бўлса ҳам бир кунда амалиёт кундалигини расмийлаштириб, қайтиб келган.

Ишлаб чиқариш ташкилотида талабаларнинг амалиёт ўтишига шароит ҳам, ҳоҳиш ҳам йўқ. Чунки олий ўқув юрти ва ташкилот билан олдиндан келишув шартномаси тузилмаган, ўзаро жавобгарлик расмийлаштирилмаган, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини ташкиллаштиришга етарли даражада эътибор берилмаган.

Баъзида талаба қаерга бориб амалиёт ўтишни билмасдан, ўзининг қариндоши фирмасида амалиёт ўтиб қайтиб келади ва йиллар давомида талабалар бир-биридан кўчириб ёзавериб, сийқаси чиқиб кетган, сўзларини рус тилидан нотўғри таржима қилиш оқибатида маъно-мантиқсиз ёзилган, қоғозига ичингиз ачийдиган ҳолдаги ишларга домлалар кўзларини юмиб, ҳимоясини қабул қилади.

Чунки шу талабаларни ўзлари ўқитган.

Шунинг учун битирувчи талабаларнинг билим савияси паст, ишлаб чиқаришга борганда малакавий суҳбатдан ўта олмайди.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш амалиёти қисқа, геология қидирув экспедицияси уни қисқа вақтга ишга қабул қилиб, талабага амалиётчи раҳбар тайинлашга ҳоҳиши ҳам, маблағи ҳам йўқ.

Бизнинг талабалик давримизда, яъни ўтган асрнинг 80-йилларида икки босқичли: ишлаб-чиқариш амалиёти ва диплом олди амалиёти бўлиб, у 3-4 ой давом этар, талабалар амалиёт ўтадиган экспедицияда ишга қабул қилинар, геологик дала кийими, зарур анжомлар, бепул ётоқ жой билан билан таъминланар, 120-200 сўмгача ойлик маош олар эди (маълумот учун ўша пайтларда 1 АҚШ доллари қиймати жиҳатдан 69 тийин бўлган).

Талаба олийгоҳни битиргандан кейин истаса, ўша экспедицияга ишга тақсимот қилинарди.

Битирувчи талабаларнинг рус тилини билиш даражаси паст. Бугунги кунда геологияга оид мавжуд адабиётлар, фондлардаги геологик ҳисоботлар ҳаммаси рус тилида. Рус тилини билмаган ёш мутахассис, ўзбек тилида геологик кесмаларни ҳужжатлаштиради. Натижада ўзи билганча терминларни ўзбек тилига таржима қилиши оқибатида «оқ тош», «қора тош» қабилидаги ҳисобот ёзилади. Ваҳоланки, геология – чегара билмас кенг соҳа, мавжуд билимлар базасидан янада самарали фойдаланиш, юртимизнинг бошқа давлатлар билан фаол интеграциялашуви жараёнида рус тилининг, айниқса аҳамияти каттадир.

Шунинг учун рус тилини ўқитиш дастурини кенгайтириш ва бу жараёнларни жадаллаштириш керак.

«Тоғ жинслари геологик паспортларни қайта янгилаш зарур»

– Яна бир катта муаммо – бугунги кунда геологик тадқиқотлар олиб борилаётган мавжуд маъдан майдонларидаги, конлардаги эталон тоғ жинсларини таснифловчи геологик паспортларининг йўқлиги, борларини ҳам қайта янгилаш зарурлигидир.

Бунда ҳар бир конга хос бўлган тоғ жинсларининг, уларнинг ўзгаришларга учраган ҳолдаги кўринишларининг рангли фотосуратлари, шаффоф шишага ёпиштирилган ҳолдаги (шлифлардаги) микроскопдаги, электрон микроскопдаги кўринишларининг рангли фотосуратлари, замонавий лабораториялардаги кимёвий таркибларини, ҳосил бўлиш шароитларини, номланишини илмий асосланган ва бошқа майдонлардаги учрайдиган ўхшаш тоғ жинслари билан таққосланган ҳолатдаги намуналари каталоги билан бирга ҳар бир геологик қидирув ишлари олиб борилаётган объектларда ташкил этиш керак бўлади.

Бундай тадқиқот объектларидаги тоғ жинсларининг геологик паспортлари бўлиши ёш мутахассислар учун нафақат фойдали, балки тоғ жинсларининг номланишидаги ноаниқликларга ҳам барҳам берган бўлар эди.

Албатта, булар менинг шахсий фикрларим. Ўйлайманки, агар биз ҳаммамиз бирлашиб, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи йўлидаги ислоҳотларга бефарқ бўлмасак, фарзандларимизга авваламбор ўзимизнинг ташаббускорлигимиз, шижоаткорлигимиз билан ўрнак бўлсаккина, натижага эришамиз.

Бу борада бир ривоятдаги ота ва ўғил ўртасида бўлиб ўтган қуйидаги савол-жавобни ҳамда ундаги ҳикматни эслашни жоиз деб топдим. Ота ўғлига: «Юрганингда қадамингни ўйлаб босгин», деганида, ўғли: «Отажон, аввало сиз эҳтиёт бўлинг, чунки мен сизнинг изингиздан боряпман», деган.

Демак, биз катта авлод вакиллари фарзандларимизга ҳар соҳада ўзимизнинг ватанимизга садоқатлилигимиз, юрт тақдирига бефарқ эмаслигимиз, касбимизга фидойилигимиз билан шахсий ўрнак бўлиб, қўллаб-қувватлашимиз керак.

Йигитали Маҳмудов тайёрлади

Мавзуга оид