Ўзбекистон | 08:04 / 11.03.2020
19446
2 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни аниқлашда Google Maps’дан фойдаланилаётгани қонунийми?

Google Maps маълумотлари Ўзбекистонда расмий ахборот манбаси сифатида рўйхатдан ўтмаган. Шунга қарамай ундан қўшимча маълумот сифатида фойдаланилмоқда

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”даги ҳисоботида шу ҳақида маълум қилди.

Абдушукур Абдуллаев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев суд жараёнларида фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини исботлашда Google Maps маълумотларидан асосий далил сифатида фойдаланилаётганини таъкидлаб, бу қанчалик қонунийлиги, қўмита ва Google корпорацияси ўртасида бу борада келишув шартномаси бор-йўқлиги билан қизиқди.

Расул Кушербаев

«Google Maps маълумотлари бизда расмий ахборот манбаси сифатида рўйхатдан ўтмаган. Лекин улар билан бирга ишлаб келяпмиз. Бизда миллий географик ахборот тизими шакллантирилган. Ўша бўйича ерларнинг 21 та қавати бор. Режамизга кўра, айнан Google корпорацияси билан биргаликда биздаги ресурсдан фойдаланиладиган қилмоқчимиз. Бироқ бунда битта халал берадиган омил бор эди. Биринчидан уларни рўйхатга олиш, иккинчидан, уларга бериладиган маълумотларнинг ҳаммаси очиқ бўлиши керак эди.

2020 йилнинг 12 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори қабул қилинди, унга кўра бизга имкон яратилди. Google’дан олинаётган маълумотлар қўшимча маълумот сифатида ишлатилади. Чунки Ўзбекистон ерларнинг ҳолати коинотдан туриб тасвирга олинмаган. Биз коинотдан олинган охирги тасвирларни уч йил олдин олдик. Ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганини аниқлашда қишлоқ хўжалиги хариталари, навбатчи хариталар ва базамиздаги маълумотлардан фойдаланамиз», дейди у.

Аввалроқ 2 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 7948 гектар экин майдонидан қарийб 30 фоизи қайтарилгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид