“GPS’дан ўлим” – саёҳатчиларни муаммоларга дучор қилаётган навигатор ва хариталар
Ноябр охирида Ҳиндистонда уч эркак Google Maps кўрсатган йўналишга эргашиб ҳалок бўлди. Бу дунё бўйлаб GPS навигаторлари туфайли юз берган биринчи фожиа эмас.
23 ноябр шанба куни Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида уч эркак тўйдан қайтаётиб ҳалокатга учради. Улар Google Maps иловаси кўрсатган йўналиш бўйича кетаётганида, йўлда қурилиши тугалланмаган кўприкка дуч келган. Навигаторда ҳам, йўлда ҳам огоҳлантириш белгилари бўлмагани сабабли улар машина тезлигини ошириб, Рамганга дарёсига қулаб тушган. Учала эркак ҳам ҳалок бўлди.
BBC'нинг ёзишича, маҳаллий полиция тергов доирасида Жамоат ишлари департаменти мансабдорлари билан (нега йўлда белгилар ва тўсиқлар бўлмагани ҳақида) ҳамда Google Maps’нинг минтақавий вакиллари билан суҳбат ўтказиш ниятида эканини билдирган. Ҳозирча Google қурбонларнинг оилаларига “чуқур ҳамдардлик” билдириш билан чекланди ва воқеа юзасидан тергов олиб боришда расмийлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.
Бу воқеа GPS навигатори кўрсатган йўналишдан юрган саёҳатчиларнинг ўлими ёки жиддий жароҳатланишига оид биринчи ҳолат эмас. Шундай воқеалар аввал ҳам содир бўлган.
2024 йилнинг июл ойида Ҳиндистоннинг Дхенканал округидаги ўрмонда беш нафар талаба йўлдан адашди. Улар ибодатхонадан қайтаётганида, йўналишни танлаш учун Google Maps’дан фойдаланган. Бахтли тасодиф туфайли, йигитлар полиция билан алоқага чиқишга муваффақ бўлди ва 11 соатдан сўнг уларни топишди.
Бундай ҳодисаларга ҳатто алоҳида ном берилган — “GPS’дан ўлим” (death by GPS). Википедияда унга алоҳида саҳифа очилган.
2017 йилда тадқиқотчилар шахсий навигация тизимлари “ғайриоддий фалокатлар”га олиб келган 158 та ҳолатни ўрганиб чиқди.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари GPS ва унга алоқадор технологиялар одамлар ҳаётини сақлаб қолган ҳолатлар ҳам кам эмаслигини таъкидлади. Масалан, улар ёрдам кўрсатувчи манбаларга йўл кўрсатган ёки одамларни адашиб қолишдан қутқарган.
Тадқиқотчилар ўрганган ҳодисаларнинг қарийб учдан бири — 44 таси ўлим билан якунланган. Яна 23 ҳолатда жиддий тан жароҳатлари олинган. Кўпинча одамлар навигаторлар сабабли бошқа автомобиллар иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаларига учраган.
Аксарият ҳолларда GPS фойдаланувчилари ҳудудни билмаган, лекин ҳодисаларнинг тахминан бешдан бирида маҳаллий аҳоли иштирок этган. Баъзида ҳодисага навигатор белгилаган йўналиш эмас, балки бошқа функциялар сабаб бўлган — масалан, бир ҳайдовчи харитани катталаштиришга чалғиб, велосипедчини уриб юборган ва унинг ўлимига сабаб бўлган.
Ҳодисаларнинг ярмидан кўпроғида хариталардаги нотўғри маълумотлар, масалан, йўлнинг кенглиги ёки қопламаси, йўл оралиғининг баландлиги ёки йўл кимга мўлжаллангани ҳақидаги нотўғри кўрсатмалар сабабли юз берган (бир сафар ҳайдовчи хусусий ҳудудга кириб қолиб, мулк эгаси билан тўқнашган). 18 та ҳодисага навигатор тузиб берган йўналиш сабаб бўлган.
Энг қисқа йўлни танлаш
Кўпинча навигатор бир нечта маршрутларни таклиф қилади — энг қисқа, энг тез, энергияни энг кўп тежовчи ва ҳоказо. Аксарият ҳолларда саёҳатчилар таклиф этилган йўналишларнинг энг қисқасини танлайди.
Канадалик эр-хотин 2011 йилда Невадага сафари чоғида шундай қилган. Улар хароб йўлдан чиқиб қолиб, лойга ботган. 49 кун деганда аёл қутқарилган, эри эса ҳалок бўлган.
Россияда ҳам икки ўсмир шундай йўл тутган. Улар 2020 йилнинг кеч кузида Ёқутистон билан ўзлари туғилиб ўсган Магадан яқинида Ола қишлоғи орасидаги икки минг километрлик масофани босиб ўтишга қарор қилган. Кубеме қишлоғи яқинида йўл иккига ажралади: Магаданга айланма йўл орқали борадиган федерал трасса ва расмий давлат реестрида “Суяклар йўли” деб номланадиган Эски Колима йўли. Google Maps йўловчилар учун иккита маршрут таклиф қилган, улар эса қисқароқ “Суяклар йўли”ни танлаган.
Бир неча кундан сўнг ўсмирларнинг автомобили топилди. Улардан бири, Сергей Устинов аллақачон вафот этганди, чунки ҳарорат -39 даражагача пасайган, йигитлар эса анча илиқ ҳавони ўйлаб йўлга чиққан. Иккинчиси, Владислав Истомин, тирик топилди, аммо совуқ ургани сабабли унинг қўл кафтлари ва оёқ панжаларини кесиб ташлашга тўғри келди.
Ўшанда Сергейнинг опаси Юлия Зубок Google’ни судга беришни режалаштирганди.
“Харитани таҳрирлаш”
Бузилган кўприкдан ўтишга уриниб, ҳалок бўлган америкалик Филип Пакстоннинг оиласи ҳам шунга ўхшаш муносабат билдирган. Унинг беваси Google компаниясига қарши судга ариза топширган.
2022 йил сентябр ойида Пакстон Шимолий Каролинада тўққиз яшар қизининг туғилган кунидан қайтаётганда, Google Maps унга тўққиз йил олдин вайрон бўлган кўприк орқали йўл кўрсатган.
“Пакстонлар оиласига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, — деди Google вакили Хосе Кастанеда. “Мақсадимиз — Maps’га маршрутлар ҳақида аниқ маълумот тақдим этиш, биз даъвони ўрганяпмиз”, — деб қўшимча қилган у.
Даъвога кўра, маҳаллий аҳоли бузилган кўприк ҳақида Google Mpas иловасидаги “харитани таҳрирлаш” функцияси орқали хабар берган. Даъво аризасида компания вайрон бўлган кўприк ҳақида 2020 йил ноябр ойида хабар олгани ва уни кўриб чиқиш билан шуғуллангани ҳам тасдиқланган.
Бироқ орадан икки йил ўтса ҳам харитадаги маълумотлар ўзгармаган.
Шотландия алпинизм ташкилотлари ҳам Google билан шунга ўхшаш вазиятга дуч келган. Google Maps иловаси Буюк Британиядаги энг баланд чўққи Бен-Невисга кўтарилиш учун энг яқин автотураргоҳдан тўғридан тўғри пиёдалар йўлини тавсия қилган. Бунда илова бу йўлнинг ҳатто тажрибали альпинистлар учун ҳам хавфли ва мураккаб эканини ҳисобга олмаган. Навигатор Шотландиянинг бошқа тоғларига йўл кўрсатишда ҳам саёҳатчиларни “ҳаёт учун хавфли ҳудудлар”га етаклаган.
Ташкилотлар Google’дан маълумотларни тузатишни ва алпинистлар билан маслаҳатлашишни сўраган, аммо компания уларга жавоб бермаган.
“Биз хавфсизлик ва ишончлилик масалаларини ҳисобга олган ҳолда Google хариталарини яратдик ва Бен-Невис йўналиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш устида шошилинч иш олиб боряпмиз”, — дейилади компания хабарида.
“Хариталарни янгилашда фойдаланиладиган маълумотлар ва юқори сифатли тасвирлардан ташқари, биз маҳаллий ташкилотларни Geo Data Upload воситамиз орқали йўллар ва йўналишлар ҳақида маълумот тақдим этишга чақирамиз”, — деб қўшимча қилган компания.
ОАВда Бен-Невисдаги “потенциал ҳалокатли” йўналиш ҳақидаги мақола эълон қилинганидан икки кун ўтиб, Google ўз хариталарига ўзгартириш киритган.
Мавзуга оид
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
20:40 / 07.11.2024
Google хариталардан Украинадаги ҳарбий объектлар тасвирини олиб ташлади
23:40 / 24.09.2020
Google хариталарига ҳудудларда коронавирус тарқалганлигини кўрсатувчи маълумотлар қўшилди
08:04 / 11.03.2020