Жаҳон | 08:43 / 13.03.2020
147714
2 дақиқада ўқилади

Шифокорлар коронавируснинг организмда қанча яшашини маълум қилишди

Хитойлик шифокорларнинг таъкидлашича, коронавирус бирор одамга юққандан кейин унинг организмида 5 ҳафта қолиши мумкин. Олимларнинг бу борадаги тадқиқоти касалланганларни изоляция қилиш ва даволаш давомийлиги борасидаги ёндашувни қайта кўриб чиқишга ундаши мумкин.

Фото: Getty Images

Таъкидланишича, янги турдаги коронавирус организмда 37 кун қолиши мумкин. Бундай хулосага Хитойнинг тиббиёт фанлари академияси шифокорлари келишган.

Ўтказилган тадқиқотлар инфекция нафас йўлларида қолиб кетиши мумкинлигини кўрсатган. Унинг излари вирус юқтириб олганига 20 кун бўлган беморларда ҳам аниқланган.

Олимлар коронавирусга чалинган 191 киши, жумладан ундан вафот этган 54 кишининг лаборатория таҳлиллари ва саломатлиги ҳақидаги тиббий ёзувларни ўрганишган. Маълумотлари ўрганилган беморларнинг барчаси вирус пайдо бўлиш ўчоғи ҳисобланган Ухан шаҳридаги иккита шифохонада даволанган. Таққослаш учун, 2003 йилда авж олган атипик зотилжамда вируснинг касаллангандан кейин нафас йўлларида 4 ҳафта давомида қолиши фақатгина 30 фоиз беморларда қайд қилинган.

Олинган маълумотлар беморларни изоляция қилиш ва даволаш давомийлиги бўйича тавсияларни тузишда муҳим бўлиши мумкин.

Ҳозирда изоляциянинг тавсия қилинадиган даври 14 кунни ташкил қилмоқда. Ушбу муддат вирус тарқалишининг олдини олиш учун етарли деб тахмин қилинади. Бироқ агар соғайиб кетган беморлар касаллик аломатлари йўқолгандан бир неча кун кейин ҳам юқумли бўлиб қолсалар, унда беихтиёр вирусни бошқа одамларга юқтиришлари мумкин.   

Мавзуга оид