Ўзбекистон | 16:47 / 19.03.2020
32397
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Олтинсойда мансабдор шахслар ўз вазифаларига лоқайдлик билан қараган

Бош прокуратура Олтинсой туманида мансабдор шахслар ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида суғориладиган ер майдонлари талон-торож қилингани, давлатга 436,9 млн сўм миқдорида зарар етказилганини қайд этди. Олтинсой туман прокуратураси ҳолат юзасидан жиноий иш очган.

Бош прокуратура Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида маҳаллий аҳоли ва ички ишлар ходимлари ўртасида юзага келган можаро юзасидан туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларини маълум қилди.

«Аниқланишича, тумандаги фермер хўжаликларига тегишли 6,4 гектар суғориладиган ер майдони талон-торож қилиниб, шундан 1,4 гектари фермер хўжаликларига қайтарилган бўлса, 5 гектарни қайтариш учун таъсирчан чоралар кўрилмагани сабабли бу экин майдонлари фуқаролар томонидан узоқ муддатдан бери эгаллаб олиниб, турли мақсадларда фойдаланиб келинган. Оқибатида 436,9 млн сўм миқдорида давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зиён етказилган.

Хусусан, Олтинсой тумани «Халқобод» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Оқ олтин манзараси» фермер хўжалигига тегишли бўлган суғориладиган пахта ва ғаллага мўлжалланган ер майдонидан шу маҳаллада яшовчи фуқаролар Б.Мухаммадиев, Д.Мухаммадиев, Ф.Нуров, С.Мухаммадиев, М.Саттарова ва А.Сафаров томонидан жами 0.39 гектари ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қурилган.

Мазкур ер майдонларини қайтариш мақсадида жорий йилнинг 14 февраль куни соат 15:00ларда ишчи гуруҳи аъзолари «Халқобод» маҳалласига борганида юқоридаги фуқаролар ва уларнинг яқинлари қўлларида бўлган таёқ, белкурак, тош ва бошқа нарсалар билан ишчи гуруҳ олдига чиқиб, ҳокимият вакиллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан тушунтирилишига қарамасдан, фуқаролар уларга қаршилик кўрсатган. Оқибатда ИИБнинг 3 нафар ходими енгил тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолатларда мансабдор шахслар ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида суғориладиган ер майдонлари талон-торож қилинган ҳамда Олтинсой туман ИИБ ходимиларига тан жароҳати етказилган.

Шунга кўра, мансабга совуққонлик билан қараш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятлари аломатлари мавжудлиги ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказиш лозимлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан Олтинсой туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Бош прокуратура расмий баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани тасвирланган видео тарқалганди. Кейинроқ бу ҳодиса Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг «Халқобод» маҳалласи ҳудудида рўй бергани, уйи бузилишга тушган аҳоли ҳокимият вакилларига қаршилик кўрсатгани маълум бўлди.

Мавзуга оид