Жамият | 22:43 / 11.05.2021
12389
3 дақиқада ўқилади

Олтинсой туман прокуратураси архивда сақланаётган «сохта» аризани 9 йилдан буён топа олмаяпти

Kun.uz таҳририятига Олтинсой туманининг тоғли Тўхтамиш қишлоғидан ариза келиб тушди.

Таъкидланишича, Мамадали Зиёев Олтинсой туман Қўшчинор ширкат хўжалигини тугатиш комиссиясининг 2006 йилда ўтказган аукцион савдоларида иштирок этиб, 80 лойиҳадаги 2,70 гектар узумзорни сотиб олган. 

2006 йилнинг 24 май куни Олтинсой туман ҳокими Мамадали Зиёев бошлаётган ишларига омад тилаб «Алишер Зиёев» фермер хўжалигини ташкил этиш бўйича қарор чиқариб берган. Фермер хўжалик ташкил бўлгандан сўнг Мамадали Зиёев шу узумзор орқасидан оила боққан, рўзғор тебратган.

Орадан икки йил ўтгандан сўнг, 2008 йил 12 ноябрь кунида Зиёев Мамадалининг 2,70 гектар узумзори оптималлаштирилиб, бошқа бир фермерга қўшиб бериб юборилган. Бунга «Алишер Зиёев» фермер хўжалиги раҳбари Мамадали Зиёевнинг ерни ҳокимлик захирасига қайтариш тўғрисидаги аризаси асос қилиб олинган.

Аммо Мамадали Зиёевнинг айтишича, ерни Олтинсой туман ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақида у ариза ёзмаган. Ариза сохта, ғайриқонуний.

Мурожаатчи тақдим қилган ҳужжатларга кўра, 2017 йил 17 май кунида Олтинсой туман прокуратураси ҳокимликнинг «Алишер Зиёев» фермер хўжалигини тугатиш ҳақидаги Олтинсой туман ҳокими қарорига протест ҳам киритган. Ҳоким прокурорнинг протестини кўриб чиқиб, асоссиз эканини маълум қилган.

Олтинсой туман прокуратураси Мамадали Зиёевнинг 9 ноябрь 2008 йилдаги мурожаати юзасидан, орадан 9 йил ўтгач, аризанинг асл нусхасини топиш, экспертизага тақдим этиш имкони йўқлиги учун бирор бир шахсга нисбатан жиноят иши қўзғата олмаслигини билдириб жавоб хати берган.

Шу билан Мамадали Зиёевнинг прокуратурага ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб, ноҳақликка учраганини билдириб қилган мурожаатлари ёпилган.

Шўрчи туман давлат архиви Мамадали Зиёевга сохта эканлигини даъво қилаётган, Олтинсой туман прокуратураси эса экспертизадан ўтказиш учун топа олмаётган ёки топишни истамаётган қарорнинг асл нусхаси ўзларида сақланаётганини билдирган.

Мамадали Зиёев 2008 йилдан буён Олтинсой туман ҳокими ундан узумзорни ноқонуний равишда олиб қўйганлигини билдириб турли идораларга ариза ёзади, эшигини қоқиб, остонасида қоровуллик қилади, аммо жавоблардан қониқмайди. Масъул идоралар унга ноҳақлик қилаётганини таъкидлашдан чарчамайди.

Масъуллар эса унинг аризаларини шунчаки «ёпиб юбориш»ни ўзлари учун энг қулай вариант, деб билади.

Мавзуга оид