Ўзбекистон | 18:38 / 23.03.2020
15125
2 дақиқада ўқилади

Карантин даврида коммунал тўловлар учун жарималар ва пенялар жорий этилмайди

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Ғофир Жамолов карантин даврида аҳоли учун коммунал тўловларни тўлашда қулайликлар яратилиши тўғрисида ахборот берди.

«Ичимлик, оқова, иссиқ сув таъминоти корхоналари томонидан кўрсатилаётган хизматларга карантин даврида тўловлар учун жарималар ва пенялар жорий этилмайди. Қарздор истеъмолчилар бўйича судларга даъво аризалари киритилмайди.

Шунингдек, истеъмолчилар сув ва канализация тармоқлардан узилмайди. Шу билан биргаликда, тўловларни масофадан туриб амалга ошириш, тегишли саволларига жавоб олиш мақсадида www.mjko.uz расмий сайти ва www.mjkouzbot телегерам тармоқларида истеъмолчилар учун махсус саҳифалар яратилган.

Бундан ташқари, сув ҳисоблагичларнинг давлат қиёслов кўриги муддати яқинлашган ёки муддати келган сув ҳисоблагичлари бўйича ҳисоб-китоблар аввалги ўртача кунлик меъёрлар асосида амалга оширилади», деди Ғофир Жамолов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги махсус штабида ташкил этилган брифингда.

Қўшимча қилинишича, аҳолига ичимлик сув ва иссиқлик энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш мақсадида вазирлик тизимида фаолият юритаётган ишчи-ходимларнинг бир қисми тавсия этилган шахсий гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда иш фаолиятини давом эттирмоқда. Қолган қисми максимал даражада масофавий меҳнат фаолиятини олиб боряпти. 

Мавзуга оид