Ўзбекистон | 12:45 / 30.03.2020
6767
3 дақиқада ўқилади

Карантин даври учун алоҳида овқатланиш рациони йўқ - Отабеков

Карантин вақтида амал қилиш мумкин бўлган алоҳида овқатланиш рациони мавжуд эмас. Бу даврда ҳам доимий истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлардан воз кечиш керак эмас.

Бугун, 30 март куни АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда Санитирая-эпидемиология назорати давлат инспекцияси раҳбари Нурмат Отабеков карантин даврида нималарни истеъмол қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

«Карантин вақтида амал қилиш мумкин бўлган алоҳида рацион мавжуд эмас. Бу даврда ҳам доимий истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлардан воз кечиш керак эмас.

Бироқ бунақа пайтларда иммун тизимини касалликлардан ҳимоя қила оладиган даражага етказиш учун тўйимли овқатлар, таркибида С витамини бор кўкатлар ва маҳсулотларни кунлик рационга киритиш мумкин», дея маълумот берди Нурмат Отабеков.

Бундан ташқари, Нурмат Отабеков суюқлик ва шарбатлар ичишни ҳам тавсия қилди.  

Шунингдек, Отабеков карантин даврида шаҳарларга кириш-чиқиш ёпилаётгани айрим беморларнинг фақат Тошкентдан топиш мумкин бўлган дориларини қандай қилиб олиб келишлари мумкинлиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берди.

«Ҳозир Ўзбекистонда хусусий дорихоналар тизими анча яхши ривожланган. Агар мунтазам дори қабул қиладиган беморлар ўзи яшаб турган ҳудуддаги дорихонага мурожаат қилиб, керакли дори воситасига буюртма берса, зарур дорини олиб келиб беришнинг имкони бор», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Нурмат Отабеков вакцина топилиши эҳтимоли коронавирус учун курашда қандай ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисида маълумот берди.

«Коронавирус билан касалланганларнинг тузалишига вакцина ёрдам берадими, деган саволлар келмоқда. Лекин аввало, билиш зарур бўлган нарса: вакцина ҳеч қачон даволаш воситаси бўлмайди, у - эмлаш воситаси. Вакцина касаллик профилактикаси учун одамда иммун тўсиғини пайдо қилиш учун юборилади», деди Нурмат Отабеков.

Шунингдек, Нурмат Отабековнинг қайд этишича, қайта-қайта эмлаш иммун таранглигини мўътадил ушлаб туриш учун қилинади.

Агар коронавирус учун вакцина ишлаб чиқилиб, унинг самараси тасдиқланса, ЖССТ тавсиясига кўра, бу вакцинани эмлаш календарига киритиш ёки эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш борасида бир тўхтамга келинади.

Мавзуга оид